23 август куни Ўзбекистон Сенати ялпи мажлисга йиғилмоқда.

Муҳокамага қўйилган масалалар орасида 2019 йилги "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" дастури ижроси ҳам бор.

Ўзбекистонда Ҳаракатлар Стратегияси қабул қилинган 2017 йилдан бошлаб давлат дастурига киритилган вазифалар ортга сурилаётгани, чала бажарилаётгани ёхуд буткул кун тартибидан тушиб қолаётгани кузатилмоқда.

Бу кетишда 2021 йилга бориб стратегиянинг неча фоизи бажарилишига эришилади?

Айрим хорижий экспертлар башорат қилаётганидек ислоҳотлардан одамларнинг ҳафсалалари пир бўлиб қолмайдими?

2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар Стратегиясида 2018 йил "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш" йили деб эълон қилинган, ўтган йилга бағишланган давлат дастурига киритилган ишларнинг айримлари қоғозда қолиб кетган эди.

Ўзбекистон Ҳаракатлар стратегияси ижросиФото муаллифлик ҳуқуқиSTRATEGY.UZ

"Тараққиёт Стратегияси" маркази тадқиқотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида 2019 йилги давлат дастурига киритилган 274 вазифадан 93 таси тўлиқ ижро этилган.

108 вазифанинг ё муддати узайтирилган ёки ҳали бажариш муддати келмаган.

73 вазифа бажарилмаган.

20 та вазифанинг Президент Мирзиёев имзолаб кучга кирган давлат дастурида кўзда тутилган муддатида бажарилмаган.

1 август куни парламент қуйи палатаси депутатлари Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимовдан 2019 йилги давлат дастури ижроси нега кўнгилдагидек эмаслиги сабабларини сўрадилар.

Бош вазир ўринбосарига кўра, давлат дастурига киритилган жами 50 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан икки қонун, 2 та Олий Мажлис палаталарининг қарори, Президентнинг 8 фармони ва 19 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 19 та қарор ва фармойишлари қабул қилинган.

Азиз Абдуҳакимов ҳисоботига кўра, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида 139 та топшириқ белгиланган бўлиб, 106 банд ижроси тўлиқ бажарилган. Жумладан, йилнинг иккинчи чорагида Давлат дастурининг 77 та банди ижроси таъминланиши режалаштирилган бўлиб, ҳисобот даврида 55 та банднинг (71 фоиз) ижроси тўлиқ бажарилган.

Биринчи ярим йилликда якунига етказилмаган 23 та банд ижроси бўйича ишлар турли босқичларда амалга оширилмоқда ва 10 та банднинг ижро муддати белгиланган тартибда узайтирилган, дея ҳисобот берди Вазирлар Маҳкамаси.

23 августдаги Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистон ҳукуматининг йил иккинчи чорагидаги давлат дастури ижроси ҳақидаги ҳисоботини тинглаш кун тартибига киритилган.

Ҳаракатлар Стратегиясинининг 2019 йилги давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган бир неча қонун лойиҳасини муҳокама қилиш кўзда тутилган.

Булар "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги, "Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида"ги, "Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари экани ҳақида хабар тарқатди Сенат матбуот хизмати.

Шунингдек, Сенатнинг Ўзбекистон Ички ишлар вазири, Ташқи ишлар вазири, Туризмни ривожлантириш қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимининг ахборотларини тинглаши кутилмоқда.