Афғонистонда илк бор муаммал ўзбек тили қомуси нашр этилади. 30 мингдан ортиқ сўзни ичига олувчи ушбу луғатда Афғонистондаги географик номлар, тарихий жой номлари, миллий атамалар ва бошқа ўзбекча сўзларнинг изоҳи батафсил келтирилади.

Ўзбек тили қомуси мамлакат мустақиллигининг 100 йиллиги муносабати билан Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани фармойиши ва ҳомийлиги асосида чоп қилинади.

«Афғонистон президенти бундан чамаси 6 ой олдин давлатимиз мустақиллигининг 100 йиллиги муносабати билан пуштун, дарий ва ўзбек тилларида катта ҳажмдаги қомус нашр этилиши борасида фармон чиқарган эди. Айни дам китобни тайёрлаш иши ўз ниҳоясига етган. Яқин орада катта тиражда чоп этилиши кутилади», – дейди муаллифлардан бири Олим Кўҳкан.

Ўзбек тили қомусини тайёрлашда 8 кишилик жамоа иш олиб борган, шулардан 4 нафари Ўзбекистонда таҳсил олган ўзбек тилшуносларидир.

«Ўзбек тили қомусини ёзишда Ўзбекистонда нашр этилган “Ўзбек тили изоҳли луғати”дан кенг фойдаландик. Лойиҳамиз бу билан тўхтаб қолмайди. Бизнинг келгуси ишимизда ўзбек зиёлиларининг кўмагига эҳтиёжимиз бор. Яъни бизга ўзбек тарихчи ва тилшуносларининг ўзбек халқининг келиб чиқиши ва бир миллат бўлиб шаклланиши ҳақида мўтабар манбалар керак», – дейди Олим Кўҳкан.

Жузжон билим юртида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган Олим Кўҳкан ўтган йили ўзбек ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романини эски ўзбек ёзувида тайёрлаб, илк бор Афғонистонда нашр эттирган. Роман араб ёзувида минг нусхада чиққан.

Афғонистонда нашр этилган «Юлдузли тунлар» китоби.

Олим Кўҳкан Афғонистонда ўзбеклар учун ўзбек тилидаги китоблар тақчиллигини айтади.

Унинг айтишича, «Афғонистонда 7 миллионга яқин ўзбек миллатига мансуб аҳоли яшайди. Афғонистон ва Ўзбекистонда фарқли алифболар қўллангани Амударёнинг икки томонида ҳаёт кечирадиган ўзбекларнинг бир-бирларидан узоқлашишига сабаб бўладиган омиллардан бири ҳисобланади. Бизда ўзбек адабиётлари кам, деярли йўқ даражада. Шу боис ўзбек адабиётларини шимолий вилоятлардаги ўзбек хонадонларига етказишга эҳтиёж бор».

2017 йил Олим Кўҳкан Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» асари ҳам минг нусхада нашр қилинган.

Афғонистонлик ўзбекларнинг ўзбек тилидаги таълимида кадрлар етишмаслиги, зарурий адабиётларнинг йўқлиги каби муаммолар мавжуд.

Афғонистонлик ўзбек талабалари.

Бу муаммони ҳал этиш мақсадида 2018 йилнинг январида Сурхондарё вилояти Термиз туманида Афғонистон фуқароларини ўқитиш маркази очилган. Ушбу марказда афғонистонлик талабалар икки, тўрт ва олти йиллик сиртқи таълим шаклларида таҳсил олишади.

Мақола афғонистонлик ўзбек зиёлиси Олим Кўҳкан билан ҳамкорликда тайёрланди.