Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов вазирлик таклиф этган «нуфузли» мактабларга болани жойлаштиришнинг антикоррупцион механизмини батафсил изоҳлади.

Бундан кейинги матн Халқ таълими вазирининг «Facebook»даги саҳифасидан таржима қилинган.

Ҳар йили ҳар хил «нуфузли ва катта» ташкилотларда ишлайдиган турли-туман одамлардан Тошкентдаги «нуфузли мактаб»ларга боласини ўқишга жойлаштиришни «қаттиқ илтимос қилган» қўнғироқлар бўлади. Шундай мактаблардан бирининг директорининг маълум қилишича, бултур бундай «қўнғироқчилар» сони 100 кишидан ошиб кетган!

Бунинг устига боласини шундай «нуфузли мактаб»га жойлаштириш учун ота-оналар ўртакашлар ва таълим тизимининг баъзи нопок ходимларига «ҳаммага маълум бўлган» ставкаларда ноқонуний равишда пул тўлашган. Ижтимоий тармоқлардаги сўровларнинг кўрсатишича, фарзандини мактабга жойлаш учун респондентларнинг аксарияти шу ставкадаги пулни тўлашган ёки қурилиш материаллари ва бошқа нарсаларни беришган.

Энг ёмони, бундан шу мактаб микроҳудудида яшаса-да боласини мазкур мактабга жойлай олмаган ота-оналар жабр чеккан. Бу ҳолатда балога қолган ким – мактаб директори. Ҳатто кимдир боласини пул тўламай, «юқоридан» босим ўтказиб ёки «қўрқитиб, мажбурлаб» жойлаган бўлса ҳам ҳар доим «масалани ҳал қилиш учун пора олган» деб директорини маломат қилишган.

Масалан, қуйидаги жадвалда Тошкентдаги талаб катта бўлган 8 та мактаб кўрсатилган. Ушбу мактаблардаги ўқувчилар сони ўқувчилар ўрнидан икки баробардан ҳам кўп, яъни ҳатто икки навбатда ҳам нормал ўқув жараёнини ташкил қилишнинг имкони йўқ. Шу мактаблар мисолида кўриниб турибдики, ўтган йили биринчи синф ўқувчиларининг 70-90 фоизи бошқа микроҳудудлардан қабул қилинган, уларнинг аксарияти «қўнғироқчи»ларнинг болаларидир.

Фото: Kun.uz

Яъни шунча бола турли ташкилотларнинг «қўнғироқлари билан» ўқишга қабул қилинган. Энди уларнинг «қўнғироқлари» ўтмайди! Энди ушбу мактабларнинг директорлари ҳеч кимни ўз билганича ўқишга қабул қилолмайди, шунинг учун уларга (бизга ҳам!) мурожаат қилиш бефойда. Ҳамма ҳужжатлар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг ягона дарча марказлари орқали топширилади.

Узоққа бормасдан интернетдан «Тошкентдаги мактаб директори болани биринчи синфга қабул қилиш учун пул сўради» деб қидириб кўрамиз. Чиққан мақолаларни очиб ўқирманларнинг изоҳларини кўриб чиқамиз. Буни қарангки, биз айтаётган гапларнинг ҳаммаси қайта-қайта айтилган экан.

Шунинг учун биз ўтган йили «...энди мактаб директорлари берилган имкониятлардан фойдаланиб ҳалол ва қонуний ишлашлари керак. Пойтахт мактаблари бошқа барча мактаблар учун намуна бўлишлари лозим. Болаларни талаб юқори бўлган таълим муассасаларига қабул қилишдаги коррупцияга барҳам бериш учун кейинги йилдан бошлаб ушбу мактабларга болалар Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинади. Шу тариқа айрим ноинсоф раҳбарлар ва уларнинг ўртакашларининг юқори талабдан ноқонуний бойлик орттириш мақсадида фойдаланишига чек қўйиш режалаштирилаяпти» деб эълон қилганмиз.

Шу билан бирга талаб юқори бўлган мактабларга ўз бренди билан мактаблар тармоғини ташкил этиш ҳуқуқи берилади, бу эса мактабларда жой етишмаслиги ва коррупция омилларининг камайишига ёрдам беради.

Йил бўйи шунга тайёргарлик кўрилди – биз жамоатчиликнинг шикоят ва мурожаатларини, ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги турли хил фикрларни ўргандик, хорижий мамлакатларнинг тажрибасини таҳлил қилдик, болаларни мактабга қабул қилиш тартибининг ҳар хил вариантларини ишлаб чиқдик, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида экспертлар ва мактаб директорлари билан ушбу масалани муҳокама қилдик.

Турли даражадаги муҳокамалардан сўнг коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2019 йил 7 июнда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ талаб юқори бўлган мактабларга (Тошкент шаҳридаги 81 та давлат мактаби) болалар фақат давлат хизматлари марказлари ёки Интерактив давлат хизматлари ягона портали (ИДХЯП) орқали қабул қилинади.

Келинг, ҳозирги вазиятни миридан сиригача кўриб чиқамиз ва янги тартиб билан қиёслаймиз.

1. Микроҳудуддан ташқари мактабларга болани жойлаштириш

Ҳозирги тартиб: ота-оналар болаларини микроҳудуддан ташқаридаги мактабга жойлаштириш учун пора беришга ёки таниш-билишларини ишга солишга ҳаракат қилишади, бу эса синфдаги ўқувчилар сони меъёридан ошиб кетишига олиб келади. Оқибатда, (1) микроҳудуддаги болалар ушбу мактабларда ўқий олмайди, (2) синфлардаги болалар сони кўплиги таълим сифатининг пасайишига олиб келади, (3) мактабга қатнашда узоқ йўл босишнинг сурункали тус олиши боланинг соғлиғига салбий таъсир қилади. Бу коррупция ва порахўрликни келтириб чиқарди.

Яъни ота-оналар боласини шундай мактабларга жойлаш учун пора беришган ёки «нуфузли идора»ларда ишловчи таниш-билишларидан фойдаланишган, шу жумладан шу мактаб микроҳудудида яшовчи ота-оналар ҳам.

Янги тартиб: ҳаммаси давлат хизматлари марказлари орқали ҳал бўлади ва мактаб директорлари қабул жараёнига аралашмайди: ушбу микроҳудудда яшайдиган, таълим бериладиган тилни етарли даражада биладиган етти яшар болалар ҳеч қандай қўшимча талабларсиз, бепул ўқишга қабул қилинади.

Кимдир боласини микроҳудуддан ташқаридаги мактабга жойлашни хоҳласа пора беришига ёки «қўли узун» танишларини ишга солишига ҳожат йўқ.

Мактабга тушган маблағлар мактабнинг нуфузи ошишига ҳисса қўшган муаллимлар жамоасини моддий рағбатлантиришга сарфланади.

Фойдали томони: ўқувчилар мактабларга меъёрида тақсимланади, коррупция камаяди, муаллимларни расман рағбатлантириш кўпаяди.

  1. Илгари «нуфузли мактаб» микроҳудудида яшовчи болалар бу мактабга жойлашолмас эди. Энди ҳамма болалар ўз микроҳудудидаги мактабда ҳеч қандай тўсқинликсиз ва бепул таълим олиши мумкин.
  2. Бу мактаблардаги синфларда ҳозиргидек 45-50 ўқувчи эмас, 35 нафаргача ўқувчи бўлади.
  3. Директор «алоҳида илтимослар»ни бажаришдан озод бўлади ва ҳамма ўқувчилар мактабга давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинади.
  4. Муваффақиятли ишлаётган директорлар паст коэффициентли мактабларда таълим сифатини ошириш учун «тармоқ мактаблари» очилишидан манфаатдор бўлади.

2. Ёши етмаган болани мактабга жойлаштириш

Ҳозирги тартиб: болаларни 7 ёшдан мактабга бериш белгиланган бўлса-да, айрим ота-оналар 6 ёшдан беришга ҳаракат қилишади. Оқибатда ўқитувчи бундай бола билан кўпроқ ишлаб, бутун синфга кам эътибор қаратишига тўғри келади, бу эса бутун синфнинг ўқув дастуридан ортда қолишига олиб келади.

Ота-оналар 6 яшар боласини нуфузли мактабларга жойлаш учун пора беришган ёки «гапи ўтадиган» таниш-билишларидан фойдаланишган.

Янги тартиб: болага 1-синфда ўзидан бир ёш катта болалар билан мажбуран ўқишдан кўра яна бир йил боғчага ёки «нулинчи» тайёрлов синфига қатнаш анча осон ва қулай.

Агар кимдир 7 ёшга тўлмаган фарзандини мактабга жойлашни хоҳласа пора беришига ёки «битта телефон билан жойлаб қўядиган» таниш-билиш излашига ҳожат йўқ.

Мактаб бюджетига тушадиган маблағлар шундай болалар билан кўпроқ ишлашига тўғри келадиган муаллимларни моддий рағбатлантиришга йўналтирилади.

Фойдали томони: камроқ ота-оналар 7 ёшга тўлмаган болаларини мактабга беришга ҳаракат қилишади.

3. Тилни етарли билмайдиган болани мактабга жойлаштириш

Ҳозирги тартиб: ўқитиладиган тилни етарли даражада билмайдиган болаларни мактабга беришга ҳаракат қилишади, натижада уларнинг мослашиши жуда қийин кечади, ўқитувчилар ҳам кўп вақтини сарфлаб, бундай болалар билан қўшимча ишлашларига тўғри келади. Бу бутун синфнинг янги материалларни ўзлаштиришини қийинлаштиради, шунингдек бутун синфда таълим сифати пасайишига олиб келади.

Ота-оналар таълим бериладиган тилни билмайдиган боласини нуфузли мактабга жойлаш учун пора беришган ёки «гапи ўтадиган» танишларини ишга солишган.

Янги тартиб: болага она тилида ўқиш осон ва қулайдир, бу унга материалларни осон ўзлаштириш имконини бериб, ўзига, ўз билимига ишончини орттиради.

Фойдали томони: ота-оналарга боласи мактаб материалини зўриқмасдан ўзлаштириши учун уни она тилида таълим бериладиган мактабга бериш фойдалироқдир. Чунки ота-оналар учун боланинг соғлиғи, мактаб ва ҳаётда муваффақиятга эришиши ҳамма нарсадан муҳимдир.

Бу йил мамлакатимиз пойтахтининг талаб юқори бўлган 81 та мактабига борадиган биринчи синф ўқувчилари ва уларнинг ота-оналарига қулай бўлиши учун қабул давлат хизматлари марказлари ёки ИДХЯП орқали ўз вақтида, қулай ва шаффоф тарзда ташкил этилади. Янги тизим кейинги йиллардан бошлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади.

Бу болаларни пул эвазига 1-синфга жойлашга ҳаракат қилувчи инсофсиз одамларнинг уринишларига чек қўяди. Аксинча, агар ота-оналар етти яшар фарзандини ўз микроҳудудидаги мактабга олиб борса ва бола таълим бериладиган тилни билса ҳеч кимга пул ё бирон нарса бериш шарт эмас. У ўз мактабига, ҳатта у талаб юқори бўлган нуфузли мактаб бўлса ҳам асосий квота бўйича қабул қилинади! Ҳолбуки илгари бунинг деярли иложи бўлмаган.

Қўшимча квота мактабнинг имкониятидан келиб чиқиб белгиланади ва (1) микроҳудуддан ташқарида яшовчи мактаб ёшидаги болаларга; (2) микроҳудуд ва унинг ташқарисида яшовчи, 1 сентябргача 6 ёшга тўладиган болаларга; шунингдек (3) таълим бериладиган тилни етарлича билмайдиган болаларга мўлжалланган бўлади. Ҳаммаси жуда осон, давлат хизматлари марказига ёки ИДХЯПга мурожаат қиласиз, қўшимча квотада жой бор бўлса пулини тўлаб квитанция оласиз ва фарзандингиз 1-синфга қабул қилинади. Ўртакашлар ва порахўрларга бир тийин ҳам бермайсиз!

Энг муҳими, ҳеч ким ота-оналарни пул тўлашга мажбурламайди (қўшимча квота ҳақида ўйламасангиз ҳам бўлади). Ота-оналар боласини ҳеч қандай муаммосиз, тўловсиз яқин орадаги мактабга жойлашлари мумкин. У ерда эса таълим сифатини ошириш учун директорнинг масъулиятини ошириш мақсадида мактаб кузатув кенгаши ишида фаол қатнашишингиз мумкин.

«Тўғрисини айтганда, ҳозирги тизим таълим соҳасида ишловчи раҳбарлар учун анча қулай эди, чунки назорат қилувчи ва текширувчи ҳар хил органлар ва ташкилотларнинг уларга тез-тез «иши тушар», керак бўлганда улар ҳам мазкур ташкилотлардан «ёрдам» сўрай олар эди.

Уларга қолса, ҳаммаси ўз ҳолича қолса ҳам яхши эди…», – деб хулоса қилган вазир.