1Ўзи нима гап

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов Instagram'даги саҳифасида расмий баёнот билан чиқди.

Алламжоновнинг айтишича, бундан буён ҳар бир ОАВ, блогерлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги гуруҳлар модераторлари нафақат ўзлари ёзган маълумотларга жавобгар бўлади, балким ушбу маълумотлар остида фойдаланувчилар, фейк аккаунтлар ёки троллар ёзган "давлат ахборот хавфсизлигига таҳдид солувчи бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлар, ёлғон изоҳлар" учун жавобгар бўлишади.

Ўзбекистонда ахборот сиёсати учун маъсул амалдор блогер ва медиа компаниялардан бундай маълумотларни ўтказмаслик ёки саҳифасидан зудлик билан ўчириб ташлаш амалиётини йўлга қўйишни сўради.

2Мақола ёки блогпост остига ёзилган шарҳлар, фикрлар, фактлар ва мулоҳазалар учун муаллифда қонун бўйича жавобгарлик борми?

Блогер ёки ОАВ фойдаланувчилар изоҳи учун қонун олдида жавобгардир деганда Комил Алламжонов "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунни назарда тутган.

Бу қонуннинг 121-моддасига кўра, веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан:

  • Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;
  • уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;
  • давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;
  • миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;
  • гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
  • порнографияни тарғиб қилиш
  • қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт.

3Ахборот "ножоизлигини" ким белгилайди

Одатда интернет ва ОАВдаги "ножоиз" маълумотлар билан АОКА қошидаги махсус мониторинг маркази шуғулланади. Агарда веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер мониторинг марказининг талабларини бажармаса, мазкур веб-сайтдан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан фойдаланиш Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда махсус ваколатли орган (АКТ вазирлиги) томонидан чекланиши мумкин. Яъни, сайт ёки ижтимоий тармоқ блокланади.

Лекин "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонуннинг 121-моддаси АОКА раҳбари айтганидек амалиётда қўлланса, блогер ёки журналист ҳам цензура билан шуғулланишига тўғри келади.

4Троллар босиб кетган бўлса-чи?!

Алламжонов "фейк аккаунтлар ёки троллар томонидан ёзилаётган давлат ахборот хавфсизлигига таҳдид солувчи бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлар, ёлғон изоҳлар" ҳақида гапирган.

Ижтимоий тармоқлар орқали туҳмат ва ҳақорат қилиш, бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик бор ва бу жавобгарлик ҳуқуқбузарга дахлдордир. Туҳмат ва ҳақорат ҳатто чойхонада ёки автобусда қилинса ҳам қонунбузарликдир. Ижтимоий тармоқда қилинса бу қилмишни оғирлаштирадиган ҳолатдир. Лекин бу жавобгарлик қоидабузарнинг – шарҳ ёзган фуқаронинг ёки “Тролл”нинг зиммасидадир.

Албатта, “троллар”ни, тармоқда ҳақоратомуз, туҳматомуз шарҳ ёзганларнинг аксарият ҳолларда шахсини аниқлаш осон иш эмас, техник муаммодир. Аниқланганда ҳам ҳақоратни ва туҳматни аниқлашнинг турли жиҳатлари мавжуд. Масалан, шарҳлаган кимса: “Бу ерда ҳамманг фалон..сан”, дея ёзса, бу қонунга кўра ҳақорат эмас, чунки унинг объекти мавжуд эмас. Ҳақорат муайян инсонга қаратилганда ҳақорат ҳисобланади. Ёки: “Сиз бу масалада ҳеч балони тушунмайсиз”, – деб ёзиш ҳақорат эмас, одобсизлик саналади.

5Онлайн ҳақорат билан оффлайн ҳақорат бир хилдир

Ижтимоий тармоқлардаги туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарлик юриспруденциянинг умумий меъёрлари асосида ҳал этилади. Интернетдаги ҳақорат учун алоҳида меъёр белгиланмаган ва шарт эмас.

Ҳақоратланган ёки шаъни поймол этилган шахс судга мурожаат қилиши мумкин. Яна бир йўл – тармоқ модераторларига, маъмурларига мурожаат қилиш ҳамда хафа қилган аккаунтни блоклашдир.

Модерация талаби сўз эркинлигига жиддий зарба бўлар, Ўзбекистоннинг энди ижобийлашаётган демократик қиёфасига жиддий соя солади.

Халқ буни "емаган сомсага пул тўлаш” дейди.

6Бу борадаги жаҳон тажрибаси қандай?

Ҳали ҳеч бир давлатда ижтимоий тармоқдаги шарҳ учун унинг муаллифига жавобгарлик белгиланмаган.

  • АҚШ блогер ёки сайт эгасини бошқалар томонидан қолдирилган шарҳлар учун умуман жавобгарликка тортмайди.
  • Финляндияда номақбул шарҳ ўчириш тавсия этилади, аммо мажбурланмайди.
  • Германия ва Россияда суд қарори билан ўчиришинг мумкин.

7Бу талаб “самоцензура”га йўл очмайдими?

Албатта, пост остида ёзилган шарҳлар учун жавобгарликни модераторларга ёки блогерларга юклаш сўз эркинлигига жиддий зарба беради, ФБ каби ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар соҳиблари, сайтлар ва блоглар эгалари ўз материалларини фақат ўқиса бўладиган, лекин шарҳлаб бўлмайдиган – "read only" режимига ўтказадилар, мунозаралар ва муаммолар ечимини излаш тўхтайди. Чунки журналист ёки блогернинг рақиблари ва рақобатчилари унинг пости тагига жиноят ҳисобланадиган шарҳларни тўлдириб, қасос олишга тушадилар.

Қолаверса, пост остидаги шарҳлар учун жавобгарликдан қўрқиб, блогер цензорга айланишига тўғри келади.

Қонунчиликка кўра фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулларидан, хусусан,Фуқаролик кодексининг 11-моддасига биноан “ҳуқуқни тан олиш” ва “ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини туғдирадиган ҳаракатларнинг олдини олиш мумкин” бўлгани каби, ҳақоратли ва туҳматли шарҳни олиб ташлашни талаб қилиши мумкин.

Олиб ташлаш рад этилса, судга мурожаат қилиш мумкин ва суд мазкур матнни олиб ташлаш борасида қарор чиқара олади.

Бундай шарҳни олиб ташлаш талаби блогер ёки сайт ёхуд ОАВ учун жавобгарликни эмас, мажбуриятни англатади.

8ХУЛОСА

  1. Ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик айнан ҳуқуқбузарнинг – пост ёки мақола остида шарҳ қолдирган шахснинг зиммасидадир.
  2. Шарҳ муаллифини топа олмаслик жавобгарликни сайт муаллифи ёки маъмурига ўтказилишини англатмайди.
  3. Суд ёки шикоятчи талаби билан шарҳ саҳифадан олиб ташланиши мумкин ва бу жавобгарлик ёки жазо чораси эмас, суднинг қарорини ёки фуқаронинг талабини бажаришдир.
  4. Агар сайт эгаси ёки маъмури суднинг талабини бажармаса, бу энди жавобгарликни келтириб чиқаради ва ҳатта маънавий зарарни ундиришга олиб келиши мумкин.

Шарҳ учун бевосита жавобгарлик фақатгина уни ёзган шахсгагина юкланади;

Саҳифа (сайт) эгаси (блогер) ўзи жойлаштирган контент доирасида жавобгар бўлади (жойлаштирган маълумотларининг Қонун 121-моддасига мувофиқлиги).

Агар, Агентлик фикрича, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни 121-моддаси биринчи қисмидаги саҳифа (сайт)дан фойдаланиш деганда, шу жумладан, бошқа фойдаланувчилар томонидан қолдирилган шарҳларни ҳам назарда тутилса, бунга Конституциявий суд шарҳ бериши лозим.

Мазкур меъёрлардан чиққан ҳолда, журналистлар ва блогерларга мақолалари ва постлари остидаги шарҳлар учун жавобгарликни юклаш сўз эркинлиги тамойилларига зиддир, чунки у, бир томондан, журналист ва блогерни цензорга айлантиради ва, иккинчи томондан, шарҳ ва фикр ёзувчиларнинг сўз эркинлигини бўғади.

Карим БАҲРИЕВ,
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси
касб одоби бўйича Жамоатчилик кенгаши аъзоси