Кўпчилик ота-оналар мактабга бораётган болалари билан бирга уй вазифаларини бажаришади. Бу кўрсаткич Россияда 78 фоиз бўлса, Буюк Британияда 11 фоизни, ташкил этади. Ўзбекистонда бу кўрсаткич қанчани ташкил этиши номаълум, сабаби мазкур масала жамоатчилик фикрини ўрганиш билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан тадқиқ этилмаган.

Ота-оналар болаларига дарс қилишлари учун кўмаклашишлари керакми? Болага уй вазифаси уни мустақил бажаришлари учун берилади. Ёш бола эса буни эплай олмаслиги мумкин. Шу боис бошланғич синфнинг вазифаси болани ўқишга ўргатишдир.

Психологларнинг айтишича, ота-онанинг мазкур жараёндаги вазифаси болага берилган вазифани бажариб бериш ёки унинг қўлидан ушлаб, ҳарфларни чиройли ёзишга ўргатиш эмас, балки унга дарс қилиш жараёнини ташкиллаштириб, режа тузиш ва назорат қилишдадир.

Фарзандининг уй вазифаларини қийинчилик билан бўлса-да, мустақил бажараётганини кўрган ота-оналар аста-секин орқа планга ўтиши жоиз.

Кўпинча ота-оналар бошланғич синфда болалари билан бирга уй ишларини қилишади-да, 5-синфга ўтгач, «энди катта бола бўлдинг, вазифаларни мустақил бажаришинг керак», дейишади. Алал-оқибат бу болага салбий таъсир кўрсатади.

Шунинг учун ҳам фарзандининг дарсларига ёрдам беришни истаган ота-оналар бу борада жуда эҳтиёткор ва эътиборли бўлишлари, болага кўмак бериб, сўнг дарров ундан дарсларини мустақил бажаришини талаб этмасликлари зарурдир.