“Чорвоқ” эркин туристик зонаси Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари учун ёзги спорт-соғломлаштириш оромгоҳи, шунингдек, Ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ва “O‘qituvchi” илмий-услубий нашриёт маркази ходимлари учун дам олиш маскани қурилади.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 9 сентябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонда Тошкент вилояти ҳокимлиги ва “Чорвоқ” эркин туристик зонаси дирекцияси”га ДУК Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда ёзги спорт-соғломлаштириш оромгоҳи ва дам олиш зонаси қурилиши учун қулай табиий шароитларга эга ер майдонини ажратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш вазифаси юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, Президент фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этилган ва у Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун ёшларни танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириши белгиланган эди.

Президент фармонига кўра, қуйидагилар Агентликнинг идоравий бўйсунувига ўтказилган:

– Президент мактаблари;
– ижод мактаблари;
– Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб;
– Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати;
– Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати.

Фармонда “O‘qituvchi” илмий-услубий нашриёт маркази Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмаларни тайёрлаш ва нашр этиш билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириши белгиланган эди.