Диний ташкилотларни рўйхатга олиш энди осонлашади. Диний таълим муассасаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳам соддалаштирилади. Шунга ўхшаш бир қатор ўзгаришлар янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ўз аксини топади деб айтган адлия вазирининг ўринбосари Акбар Тошқулов 14 май куни ўтган ўтган йиғилишда.

Буларнинг барчаси БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг тавсияларини бажариш доирасида қилинмоқда.

Ундан ташқари, ушбу қонун лойиҳасида:

  • қонун нормалари Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга мувофиқлаштирилади;
  • диний ташкилотларни ташкил этиш учун ташаббускорлар сони 100 кишидан 50 кишигача қисқаради;
  • диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби соддалаштирилади;
  • давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишда аниқ асослар келтирилади.

Вазир ўринбосарининг айтишича, диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб келиш ва тарқатиш тартибини ҳам ўзгартиш таклиф қилинган.

Масала тарихи: 2017 йилда БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачисига 2002 йилдан бери илк бор Ўзбекистонга келишга рухсат берилган. Ўша пайтдаги БМТ махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Ўзбекистон конституцияси ва бошқа қонунларида инсонларнинг диний эркинликлари кафолатланганини қайд этган, лекин бир қатор меъёрий ҳужжатларда бу эркинликлар чекланишига олиб келадиган бандлар ўрин олганини айтган.

Аҳмад Шаҳид Ўзбекистондаги қонунчилик ёлғиз ёки жамоа бўлиб ибодат қилиш, болаларнинг диний таълим олиши учун қатор чекловларни юзага келтирганини аниқлаган.

БМТ маърузачиси Ўзбекистон ҳукуматининг жамоат хавфсизлиги, жамоат тартиби, бошқа инсонларнинг эркинлигини муҳофазалаш мақсадидаги чекловлари меъёридан ошиб кетганини таъкидлаган.

"Шундай қилиб, диний ёки эътиқод эркинлиги инсоннинг ҳуқуқи ҳисобланса-да, бу тушунча қонунчилик ва амалиётда эътироф этилмайди" деган хулосага келган БМТ махсус ҳисоботчиси.

Маърузачи Ўзбекистонда диний ёки эътиқод эркинлиги қай йўсинда чекланишини аниқ мисоллар билан қайд этган.

Булар рўйхатга олиш, диний адабиётни нашр қилиш учун рухсатномани қўлга киритиш, ўзга динни қабул қилиш ва миссионерлик тақиқлангани сингарилардир.

Аҳмад Шаҳид Ўзбекистонда "диний экстремизм" тушунчаси ҳаддан зиёд кенг талқин этилишига эътибор қаратган.

Ўзбек ҳукумати БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачисининг тавсияларини инобатга олиб, Олий Мажлиснинг қўшма қарори билан 2018 йил 4 майда Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича "йўл харитаси"ни тасдиқлаган.

"Йўл харитаси" Аҳмад Шаҳиднинг тавсияларини бажаришга қаратилган 52 та тадбирни назарда тутади. 2019 йилда шулардан 11 тасини амалга ошириш режалаштирилган.

Бу тавсиялар доирасида диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш амалиёти яқинда ҳам соддалаштирилганди. Уларнинг марказий органлари учун давлат божи беш баробар – ЭКИҲнинг 100 бараваридан 20 бараваригача ва диний ташкилотларнинг ўзи учун 50 дан 10 гача қисқартирилган эди.

Рўйхатга олувчи органга ҳисобот бериш тартиби ва муддати йилига бир марта ҳисобот тақдим этиш талабини белгилаш йўли билан соддалаштирилган.

Рўйхатдан ўтказувчи органнинг ваколатларидан диний ташкилотларни тугатиш ҳуқуқи чиқариб ташланиб, диний ташкилот фаолиятини суд тартибида тўхтатиш белгиланган.

Лекин... Ўзбекистон яна диний эркинликлар ҳолати "алоҳида хавотирга молик давлатлар" рўйхатига киритилиши мумкин. Дунёда диний эркинликларнинг аҳволини кузатувчи АҚШ комиссиясининг (USCIRF) 29 апрелда эълон қилинган 2019 йилги ҳисоботида Ўзбекистонга нисбатан шундай чорани кўриш тавсия қилинган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, 2018 йилда Ўзбекистон Олий Мажлиси БМТ махсус ҳисоботчисининг тавсияларини инобатга олган ҳолда диний эркинликни таъминлаш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилгани олқишга сазовордир.

“Лекин ҳукуматнинг юқори поғоналарида ижобий ўзгаришлар бўлаётганига қарамай, диний эркинликларнинг жиддий бузилиши давом этмоқда”, – дейилади ҳисоботда.

Комиссия Ўзбекистон мактаблари ва университетларида ҳижобли қизлар ўқишга киритилмаётгани, бу ҳолатни танқид қилган қатор блогерлар эса ҳибсга олиниб, жаримага тортилганини таъкидлаган.

Шу муносабат билан Диний эркинлик комиссияси Ўзбекистон ҳукуматига 1998 йилда қабул қилинган дин тўғрисидаги қонунни ислоҳ қилишни, диндорларнинг ҳуқуқларини халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига тенглаштиришни таклиф қилган.