Исроиллик тарихчи Ювал Ной Харари даврнинг ўзига хос мутафаккирларидан ҳисобланади. Унинг «Sapiens. Инсониятнинг қисқача тарихи» ва «Homo Deus. Келажакнинг қисқача баёни» китоблари жаҳонга машҳур бўлиб, ўнлаб тилларга таржима қилинган. Биринчиси башарият тарихига бағишланган, иккинчиси эса – унинг узоқ келажагига. Энди учинчи китоб – «XXI аср учун 21 та сабоқ» нашр этилди, унда Харари бугунги воқелик ҳақида фикр юритади. Китобнинг бобларидан бири 2019 йилда туғилган бола бошига тушажак ташвишларга тайёр бўлиши учун уни қандай тарбиялаш кераклигига бағишланган. «Медуза» Харарининг асосий фикрларини келтирди, Minbar шу сабоқларни ўзбек тилига ўгирди.

Аслида хотирани кучайтирмаса ҳам бўлади

Харарининг ёзишича, қачонлардир ахборотни эслаб қолиш ҳақиқатан ҳам зарур бўлган. 200 йилча один ер юзи аҳолиси нари борса хусусий кутубхоналардаги озгина маълумотлар билан кифояланиши мумкин эди. Бугун ҳатто Ернинг олис бурчакларида ҳам мобил интернетга уларган смартфонлар бор, биргина «Википедия»нинг ўзини ўқиб чиқишга эса инсоннинг иккита умри ҳам етмайди. Ахборот ҳаддан зиёд кўп, уни каллада сақлашга ҳам эҳтиёж йўқ. Харарининг фикрича, муҳими «ахборотни тушуна олиш, кераклисини кераксизидан ажрата билиш, энг асосийси эса – узуқ-юлуқ ахборот парчаларидан дунёнинг яхлит манзарасини ярата олишдир».

Дастурлашни ўрганиш ҳам шарт эмас

Кўпчиликка дастурлаш ва чет тилларни билишга ҳар доим талаб бўладигандек туюлади. Харари эса бу йил туғилган чақалоқлар ўттиз ёшда бўладиган 2050 йилга бориб эҳтимол бундай кўникмаларга эга бўлишга мутлақо зарурат қолмас деб ҳисоблайди. Дастурлашни ва тилдан тилга таржима қилишни сунъий интеллект амалга оширади, биз, дейлик, хитойча гапиришимиз учун эса биргина иловани ўзи етарли бўлади. Харарининг фикрича, техник маҳорат ўрнига ҳаётий кўникмалар, биринчи галда «ўзгаришларга мослаша олиш, янги нарсаларни ўрганиш, кутилмаган вазиятларда совуққонликни сақлаб қола олиш қобилияти» керак бўлади. Тарихчининг ёзишича, «2050 йилда замондан ортда қолиб кетмаслик учун шунчаки янги ғоя ва маҳсулотлар тақдим этиш эмас, аввало ўзини ўзи доимий янгилаб бориш» талаб қилинади.

Ҳар 10 йилда карьерани нолдан бошлашга ўрганиш лозим

Харарининг тахмин қилишича, 30 йилдан кейин дунёнинг ўзгарувчанлиги ҳаддан ортиқ кучаяди. Масалан, сунъий интеллектнинг ривожланиши ва машиналашган таълимнинг (инглизча machine learning, ML) кенг кўламда жорий этилиши ҳар 10 йилда меҳнат бозорини кескин ўзгартириб юборади. Айтайлик, дронлар соҳасидаги янги технологиялар учувчини ишсиз қолдиради, лекин у қайта ўқиб, дронлар пайдо бўлиши билан яратилган янги иш жойига, учувчисиз қурилмалар операторлари жамоасига ишга боради. Лекин тез орада бу иш ҳам автоматлаштирилади ва унинг бутунлай бошқа соҳадан иш қидиришига тўғри келади. Ўртача умр узайгани боис инсон 50 ёшида ўзининг учинчи карьерасини нулдан бошлаши одатий ҳолга айланади.

Умуман олганда, доимий беқарорлик шароитида яшашга ўрганиш керак бўлади

2019 йилнинг нари-берисида туғилган одамларнинг ҳаёти бизникидан ҳам қизғин бўлади. Биринчидан, иқтисодий ва ижтимоий жараёнлардан четда қолиб кетмаслик учун доимо ўзини тафтиш қилиб, ислоҳ қилиб туришига тўғри келади. Бу нафақат касб ё ҳунарга, сиёсий қарашлар, эстетика ва ҳатта гендерга ҳам тааллуқли. Иккинчидан, у пайтда инсон элликка кирса ҳам ҳали ёш ҳисобланади. Биологик одатга кўра бу ёшда кўплар ҳаёти бир маромда кечишини, барқарорликни истаб қолади, лекин бунга йўл қўйиб бўлмайди. Доимо ўзгариб турадиган воқелик кучли стрессни келтириб чиқаради, ёш ўтган сайин уни енгиш қийинлашиб бораверади.

Катталарга қулоқ солиш яхши маслаҳат эмас

Харарининг ёзишича, илгарилари катталарнинг гапига кириш ва уларнинг тажрибасига таянишнинг унча зарари бўлмаган. Эртан нима бўлишини тахмин қилиш мумкин бўлган: 1019 йилги Хитойда ўттиз йилдан сўнг қайси сулола ҳукмронлик қилишини ҳамма ҳам билмаган, бироқ қизлар итоатгўй хотин, оқсуякларнинг ўғиллари эса жангчи ва хаттот бўлиши кераклигига ҳеч ким шубҳа қилмаган. Ҳозир ундай эмас. Дунё тезлик билан ўзгараяпти ва кейинги авлод улғайгунча катталарнинг билимлари ўз долзарблигини йўқотмоқда. «Катталар болаларга ёмонлик тиламайди, – деб ёзади Харари. – Лекин XXI асрда улар болаларга эскирган билимларни бериб, эскирган тажрибаларни ўргатишининг эҳтимоли катта».

Ҳатто одам ўзига ҳам қулоқ солмаган маъқул

Кейинги авлод ҳатто ўзининг ички овозига ҳам ишонмаслиги лозим. Харарининг фикрича, ҳозирнинг ўзидаёқ маркетологларнинг технологиялар ёрдамида бизнинг туйғуларимизни манипуляция қилиши анча осон бўлиб қолди. 2050 йилга бориб эса кишининг ўз мақсадини ташқаридан тиқиштирилган мақсаддан ажратиши жуда қийин бўлиб қолади. Шунинг учун болаларни танқидий фикрлашга ўргатиш керак. Қанча эрта ўргатсангиз шунча яхши. «Агар сиз ўз ҳаётингиз ва дунёнинг эртаси устидан назоратни қисман бўлса ҳам сақлаб қолишни хоҳласангиз, алгоритмлардан, «Amazon»дан ва давлатдан тезроқ югуришингиз ва улардан олдинроқ ўзлигингизни англашингиз шарт. Шу боис юкингиз енгил бўлгани маъқул», – деб ёзади Харари.

Асосийси – оригиналлик

Харарининг фикрича, 30 йилдан сўнг оригиналлик янги нормага, тафаккурнинг учқурлиги эса энг муҳим кўникмага айланади. Тараққиёт ниҳоятда тезлашганидан ҳар қандай тажриба ўз қимматини йўқотади. Барча билим ва кўникмаларнинг эскиришига ва шу заҳоти янгиларини ўзлаштиришга тайёр туришга тўғри келади. Мутлақо нотаниш муҳитда ижодий фикрлашга қобилликкина аҳамиятга эга бўлади. Харари қандай қилиб деган саволга жавоб бермаган. «Китоб ўқиб ё маъруза тинглаб тез фикрлашни ўрганишнинг имкони йўқ. Ўқитувчиларда XXI асрда керак бўлган тезлик етишмайди, чунки уларнинг ўзи эски таълим тизимидан чиққан», – деб ёзади тарихчи.