Ҳақорат ва туҳмат жиноий ҳуқуқбузарликдан маъмурий ҳуқуқбузарлик турига ўтказилиши мумкин. Бу ҳуқуқбузарликлар бўйича жазони енгиллаштириш ҳақидаги ҳужжат лойиҳаси тайёрланаётганини Комил Алламжонов айтган.

АОКА раҳбари 10 июлда ОАВ эркинлиги бўйича Лондонда бўлиб ўтаётган Глобал конференция иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида айтишича, журналистлар учун қонунда белгиланган жазоларни енгиллаштириш ва мутасаддилар томонидан журналист фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш ҳам кўзда тутилган.

Блогерлар ҳуқуқи журналистларга тенглаштирилишини таъминловчи ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда (блогерлар мажбурияти аллақачон журналистларникига тенглаштирилиб бўлган – таҳр.).

Комил Алламжоновнинг айтишича, Ўзбекистонда ОАВни амалда тўртинчи ҳокимиятга айлантириш учун қатъий йўл белгилаб олинган ва бу йўлдан қайтилмайди.

Ўзбекистон қонунчилигида ОАВ орқали:

  • туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;
  • ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Бу ҳуқуқбузарликларни нега декриминаллаштириш керак: аксарият постсовет ҳудудида ОАВ орқали туҳмат ёки ҳақоратни журналистларнинг оғзини ёпиш ва ўзини цензура қилишига эришиш мақсадида қамоқ билан жазолаш амалиёти киритилган.
Бу халқаро амалиётга зид бўлиб, БМТ ва ЕХҲТ каби ҳалқаро ташкилотлар ўз аъзоларига (Ўзбекистон иккисининг ҳам аъзоси) туҳмат ва ҳақоратни жиноий ҳуқуқбузарликдан маъмурий ҳуқуқбузарлик турига ўтказилишни исрор билан тавсия этади. Халқаро ташкилотларнинг фикрича, бу моддаларнинг Жиноят кодексида сақланиб қолиши сўз эркинлигини чеклайди.