Ўзбекистон иқтисоди қандай ривожланмоқда? Нега йирик давлат корхоналари хусусийлаштирилмади? Инфляция яна қанча ўсишда давом этади? Нега халқаро инвесторларнинг Ўзбекистонга келиши суст? Ўзбекистон Грузиядан нимани ўрганиши мумкин? Россиядаги фаол приватизация амалларидан-чи?

Би-би-си журналисти Ибрат Сафо шу ва бошқа саволларни Европа Тараққиёт ва Тикланиш банкининг Марказий Осиё директори Бруно Балванерага берди.

Дунёдаги энг нуфузли инвестиция банкларидан ҳисобланмиш Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки (ЕТТБ) марҳум президент Ислом Каримовнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги сиёсатини қоралаши ортидан Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганди.

Аммо Президент Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келиши билан, банк Ўзбекистонга қайтди. Тошкентда қайта очилган ваколатхонаси ортидан у эндиликда Андижонда иккинчи ваколатхонасини очишни режаламоқда.

1991 йилда ташкил қилинган ЕТТБ ривожланаётган давлатларда бозор иқтисодини қуриш йўлида инвестиция киритишга ихтисослашган. Банкнинг Ўзбекистонда молиялаётган 72 та лойиҳаси портфолиоси ҳозирда 694 миллион еврога тенг.

ЕББТнинг Ўзбекистон бўйича ишлаб чиққан стратегияси уч масалани устивор дея белгилаган:

– иқтисодда хусусий секторнинг ролини кучайтириш билан рақобатни ошириш;
– барча соҳаларда яшил энергияни тарғиб қилиш;
– ўсиб бораётган минтақавий ва халқаро ҳамкорлик ва интеграцияни қўллаб-қувватлаш.

"Биз тез хусусийлаштиришдан фарқ қиладиган бошқача моделни таклиф қиляпмиз. Балки шунинг учун ҳам жараён секин кетаётгандир. Бир нарсани назардан қочирмайлик, Ўзбекистонда ҳали ўша давлат компанияларини сотиб олиш учун етарли бойлар йўқ. Одамлар бадавлат эмас. Балки баъзилари бойдир, лекин давлат мулкини сотиб оладиган даражада эмас. Хорижий инвесторлар эса Ўзбекистондаги жараённи кузатиб турибдилар ва ҳали киришга тайёр эмаслар", - дейди жаноб Балванера.