Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этилди. Президент Шавкат Мирзиёев 9 сентябрь куни бу ҳақда махсус фармон ва қарорни имзолаган.

Президент фармонига кўра, қуйидагилар Агентликнинг идоравий бўйсунувига ўтказилган:

– Президент мактаблари;

– ижод мактаблари;

– Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб;

– Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати;

– Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати.

Янги ташкил этилган агентлик Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Агентликка Бош вазир тақдимномасига кўра Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади. Агентлик директори меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт таъминоти шартларига кўра вазирга, унинг биринчи ўринбосари – вазирнинг биринчи ўринбосарига, ўринбосарлари – тегишли равишда вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун ўрнатиладиган давлат таълим стандартлари агентлик томонидан тасдиқланади. Агентлик ушбу мактаблар битирувчиларининг олий таълим муассасаларида таълим олишни давом эттиришлари учун, шу жумладан, ихтисослаштирилган олий таълим тизимининг фаолият юритиши орқали керакли шароитлар яратилади.

Агентлик Президент мактаби битирувчиларининг камида 20 фоизини халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингида дастлабки 1 000 та поғонани эгаллаган етакчи хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга киришларини таъминлашга, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, республика аҳамиятига эга бошқа ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, йирик компания ва бирлашмаларга ишга жойлашишда кўмаклашишга масъулдир.