Журналист қандайдир ҳодиса юзасидан суриштирув ўтказганда албатта томонлардан бири бўлмиш давлат идораларига ҳам сим қоқади. Уларнинг муносабатини сўрайди. Шу пайтгача давлат идоралари ўзининг индамаслиги билан танилиб бўлган эди. Улар индамайди, натижада ОАВда бошқа томонларнинг муносабати кўпроқ ёритилади.

ОАВ масаласида давлат тўлиқ монопол бўлган шароитда давлат идораларининг бу тарзда индамас бўлиши ўзини оқлайди. Чунки журналистлар шундоқ ҳам минг чиғириқдан ўтган хабарларни эълон қилади. Аммо бу монополия аввалгидек қудратли эмас. Нодавлат ОАВнинг нуфузи ҳам, таъсири ҳам ортиб бораяпти. Индамас идоралар аввалги тактикани давом эттирса, бу идоралар ҳақида фақат салбий ахборот тарқайди, холос.

Давлат идораларини ахборот маконида тарқаладиган хабарларга муносабатига қараб уч гуруҳга ажратиш мумкин: жавоб берувчи, индамас, қўрқитувчи.

Улар кимлар?

Жавоб берувчилар. Бу идоралар одатда таъсири ўртача бўлади, тепасида нисбатан замонавий, очиқ фикрловчи раҳбарлар ўтиради. Булар ўзлари ҳақидаги хабарларга беэътибор эмас. Танқидлар, турли мишмишлар тарқалганда раддия беради, муносабатини билдиради. Ҳозир Адлия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Бош прокуратурада шундай кайфият бор.

Индамаслар. Бу гуруҳга мансубларни иккига ажратиш мумкин. Таъсири ўта кучли ташкилотлар, дейлик, куч ишлатар тизимлар ёки ҳеч кимнинг иши йўқ, борлиги ҳам, йўқлиги ҳам номаълум турли идоралар. Буларнинг тепасида одатда авторитар фикрлови раҳбарлар ёки умуман ахборот аҳамиятини тушунмайдиганлар бўлади. Булар менсимаганидан ёки тушунмаганидан индамай ўтиради.

Қўрқитувчилар. Булар кучли ташкилотлар ҳисобланади. Ахборотнинг аҳамиятини яхши тушунади. Улар ўзлари ҳақида айтилаётган гапларга бефарқ эмас. Бироқ уларнинг "жавоб берувчилар"дан фарқи ОАВга, журналистларга муносабатидадир.

Қўрқитувчилар ахборотга раддия бермайди, балки уни чиқарган ахборот воситасига пўписа қилади, эълон қилинган материални олдириб ташлашга уринади.

Агар бу иш бермаса, ўша ОАВ ёки журналистга қарши кампания бошланади. Дейлик, унинг ўзи тоза эмаслиги, бузғунчилиги «фош қилинади». Бунда ўша ташкилотга хизмат қилувчи ОАВ, журналист, блогерлар ёрдамга келади.

Ўзбекистондаги барча давлат бошқарув идоралари ахборот хизматларини мана шу уч тоифага бўлиш мумкин. Аммо уларнинг нима учун шундай бўлиб қолганини изоҳлаш қийин. Шунга қарамай айрим сабабларни келтирса бўлади.

Сабаблар

Бюрократия. Ташкилотларнинг ахборот хизматлари ўша ташкилотдаги бюрократиянинг қурбони бўлишади. Ташкилот ниҳоятда катта, унинг бўлим ва бошқармалари ўртасида ахборот алмашинуви секин. Ахборот параллел шаклда қуйидан марказга оқади. Яъни, бўлимлар горизонтал шаклда ахборот алмашмайди, балки ҳаммаси вертикал кетади.

Ташкилотнинг ахборот хизмати эса бўлимлардан бири бўлгани учун ахборот уларга келмайди. Улар шунчаки бўлимлардан бири, холос.

Ахборот хизмати бошқа бирор бўлимдан бирор маълумотни олиши жуда қийин. Ҳатто шундай ҳолатлар ҳам борки, матбуот котиби бошқа бўлим, бошқарма ёки бўйсунувчи идорага хат билан чиқиши керак. Бу эса вақтни олади.

Тасаввур қилинг, журналист ахборот хизматига боғланиб, ундан маълумот сўрайди. Аммо ахборот хизматида журналист сўраган маълумот йўқ. Бундай вазиятда ахборот хизмати унинг саволига жавоб беролмайди. Тегишли бўлим билан боғланиш, ундан маълумот олиш керак.

Ташкилот қанча катта бўлса, ахборот хизматининг самарали ишлаши шунча қийин кечади.

Бундай вазиятда матбуот котибларини фақат биринчи раҳбарга бўйсунадиган қилиш, ахборот хизматига эса бутун ташкилотдан ахборот ўзи оқиб келадиган бир тизим яратиш керак бўлади.

Матбуот котиблари мақомининг пастлиги. Шундай ташкилотлар борки, уларга замонавий фикрловчи, ОАВни яхши тушунадиган матбуот котибини олиб келиб қўйсангиз ҳам бирор ўзгариш бўлиши қийин. Матбуот котиблари ташкилотда юз бераётган ўзгаришлардан энг охирида хабар топади. Уларга вақтида ахборот берилмайди.

Матбуот котиби қанча очиқ бўлса, унга шунча кам ишонилади. Кўп нарса сир сақланади. Фақат матбуотга чиқариш мумкин бўлган маълумотларгина берилади.

Ваҳоланки, матбуот котиблари хоҳ чиқариладиган, хоҳ чиқарилмайдиган бўлсин, ўзи хизмат қилаётган ташкилотнинг аҳволидан чуқур хабардор бўлиши керак. Акс ҳолда кутилмаган танқидлар, мишмишлар чиққанда матбуотга нима деб изоҳ беришни билмай қолади.

Ташкилотнинг ёпиқлиги. Бу авторитар иш услубидан тўла воз кечмаган барча давлатлардаги энг катта муаммо. Юқоридаги икки камчиликни тузатиш мумкин. Аммо бунисини тузатиш осон эмас.

Ташкилотнинг ёпиқ ёки ярим ёпиқ бўлиши анъана тусини олган ёки онгли тарзда ички буйруқлар билан мустаҳкамланган бўлади. Бундай ташкилотлар "индамаслар" ёки "қўрқитувчилар" ҳисобланади.

Матбуот котиблари ёпиқ ташкилотларда номигагина ишлайди. Биринчи раҳбар рухсат берган айрим маълумотларнигина чиқариб туради. Ҳар бир хабарни фақат биринчи раҳбарнинг рухсати билангина чиқаради. Яъни, матбуот котиби бирор нарсани ўзгартира олмайди.

Ўзбекистондаги бошқарув идоралари ахборот хизматлари ишини яхшилаш ўта мураккаб, осон бўлмаган иш; кучли сиёсий ирода керак бўлади. Эътироф этиш жоиз, ахборот хизматлари ёмон ишлаётганининг тан олиниши – ижобий ўзгариш. Буни фақат олқишлаш керак.

Аммо бу етарли эмас.

Кейинги қадам нафақат ахборот хизматлари, балки бошқарув идораларининг ўзида шаклланган бошқарув тизими, маданияти ҳам очиқликка тайёр эмаслигини тан олишдир. Ахборот хизматининг қандай ишлаши, унинг ОАВга қанчалик очиқлиги касалликнинг иситмаси, холос. Вазирликлар, турфа ташкилотларнинг ўзлари тайёрми очиқликка? Ана шу ҳал қилади ҳаммасини.