Жимо (секс)нинг ҳам руҳий, ҳам жисмоний фойдаси ҳақидаги рўйхатнинг кети кўринмайди. Насл қолдириш ёки лаззат беришдан ташқари жимо инсоннинг иш фаолияти, оилавий бахти, жисмоний ва ақлий саломатлиги учун ҳам жиддий ижобий таъсирга эга.

«Манежмент» журналида эълон қилинган тадқиқотга кўра, оиладаги жинсий қониқиш ва соғлом жинсий ҳаёт ишдан қониқишга ҳам кўмак беради.

«Psychological Science» журналида чиққан тадқиқот хулосасида эса жимо оиланинг бахтли ва мустаҳкам бўлиши учун муҳим рол ўйнаши тасдиқланган.

Шундай қилиб жимо:

11. Иммунитетни яхшилайди

Ҳафтасига камида икки марта жимо билан шуғулланиш иммунитетни яхшилаш учун оптимал ҳисобланади.

Олимлар инсон организмидаги иммуноглобулин А (IgA) антитаналари миқдорини текшириб, иммунитетнинг қай аҳволдалигини баҳолашлари мумкин. Пенсилвания Уилкес университетидан тадқиқотчилар Карл Чанетски ва Френк Бреннаннинг аниқлашича, ҳафтасига икки марта жинсий алоқа билан шуғулланганларда IgA миқдори 30 фоиз кўпаяр экан.

Калифорния Сан-Франциско университетидан иммунолог Клиффорд Лауэллнинг айтишича, жинсий фаол инсонлар турли инфекцияларга кўпроқ йўлиқади. Шу боис уларда иммун тизими «IgA»ни кўпайтириш орқали инфекцияга жавоб қайтаради. Ва бу, ўз навбатида, уларнинг шамоллаш, грипп каби касалликларга қарши иммунитетини анча тоблайди.

22. Юракни бақувват қилади

Ҳар қандай жисмоний машқлар каби жимо ҳам юракка ижобий таъсир қилади. Зеро, жимонинг ўзи ҳам бир жисмоний машқ.

Жинсий қўзғалиш юрак уришини тезлаштиради. Бу борада айниқса эркаклар кўпроқ наф кўради. «American Journal of Cardiology» эълон қилган тадқиқотга кўра ёши элликдан ошган жинсий фаол эркакларда юрак касаллигига чалиниш эҳтимоли 45 фоиз камаяр экан.

Америка юрак ассоциацияси юрак касалликлари жинсий муносабатларни тўхтатиб қўйишга сабаб бўлмаслиги кераклигини таъкидлайди. Инфаркт, кўкракдаги оғриқлар камдан-кам ҳолатларда жинсий алоқа вақтида бўлиши мумкин. Юракдаги касаллик барқарорлашганда жимо қилиш хавфли эмас.

«European Heart Journal»га кўра жимо вақтида юракка тушадиган оғирлик кундалик ҳаётда енгил бирор иш қилишда тушадиган оғирлик билан баробар. Агар сиз уйнинг иккинчи қаватига юракда оғриқ сезмай чиқиб туша олсангиз, билингки, жимо сиз учун хавфсиз.

33. Қон босимини пасайтиради

Мичиган штати университетида ўтказилган тадқиқотга кўра ёш ўтганда жимо билан шуғулланиш қон босими билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлиш эҳтимолини камайтиради. Бу айниқса аёлларда кўпроқ сезилади.

Тадқиқотда қатнашган 57-85 ёшли аёллар орасида фаол жинсий ҳаёт кечирувчиларда қон босими кўтарилиши бошқаларникидан озлиги аниқланган.

«Behavioral Medicine» журналида эълон қилинган мақолада тадқиқотчилар қучоқлашиш меъёридаги қон босимини сақлаши тасдиқланган.

44. Оғриқни енгиллатади

Бош оғриғи жимо билан шуғуланмаслик учун баҳона бўлади баъзида. Аммо нейрологлар жинсий алоқа бош оғриғини, айниқса у мигрен билан боғлиқ бўлса, енгиллатишини аниқлашган.

Германиядаги Мунстер университети тадқиқотчиларининг изоҳлашича, оғриқ камайишининг асосий сабаби жинсий алоқа вақтида ажралиб чиқадиган эндорфин гормонидир. Эндорфин табиий оғриқ енгиллатувчи гормондир.

Яна бир тадқиқот хулосасига кўра вагинал стимуляция орқали аёлларда оғриқ сезувчанлик камаяди, оғриққа чидамлилик ортади.

55. Простата саратони эҳтимолини камайтиради

Жинсий фаол эркаклар простата саратонидан яхшироқ ҳимояланади. Ҳафтасига уч марта жинсий алоқа билан шуғулланадиган ва тугата оладиган эркакларда простата саратони бўлиши эҳтимоли 19 фоиз камаяр экан.

Жимо нима сабабдан простата саратонининг олдини олиши ҳақида бир неча назария бор. Бирига кўра жинсий алоқа вақтида простатадан карсиногенлар (саратонга сабаб бўлувчи моддалар) чиқиб кетади. Иккинчисига кўра простатада суюқликнинг тез-тез алмашиниб туриши унда калций, тузлар йиғилишини (microcalcification) камайтиради.

66. Уйқуни яхшилайди

Уйқуси маромида бўлмаганларга жинсий алоқа ёрдам бериши мумкин.

Уйқусизлик сабабли миллионлаб одамлар азият чекади. Жимо кунлик 7-9 соат меъёрида ухлашга кўмак беради.

Жинсий алоқа ва оргазм вақтида бош мияда окситоксин, допамин ва эндорфиннинг ажралиб чиқиши кўпаяди. Окситоксин ҳомиладор аёлларнинг туғишини осонлаштиради. Бола эмизадиган аёлларда кўкракка сут келишига ёрдам беради. Эркакларда тестостерон ишлаб чиқарилишида рол ўйнайди. Жинсий алоқадан сўнг кўпайган окситоксин пролактин гормони билан қўшилиб, инсонда уйқу пайдо қилади.

77. Стрессни енгиллаштиради

«Psychosomatic Medicine»да эълон қилинган мақолада айтилишича, жисмий ва ҳиссий яқинлик стресс даражасини камайтиради.

Стресс сабабли қон босимининг кўтарилиши жинсий фаол кишиларда камроқ учрайди. Одамнинг тинчланиши, стресснинг енгиллашуви жимо вақтида кўпаядиган окситоксин ва допамин гормонлари билан ҳам боғлиқдир.

88. Бош мия ишини яхшилайди

«Archives of Sexual Behavior»да эълон қилинган тадқиқотга кўра жинсий фаол аёлларда хотира яхшиланади. Тадқиқотчиларнинг тахминича, жимо миянинг хотира билан боғлиқ қисми – ҳиппокампусда янги нейронлар пайдо бўлишига туртки бериш орқали хотирани яхшилайди.

Амстердам университетида ўтказилган тадқиқотга биноан севги ёки жинсий алоқа ҳақида ўйлашнинг ўзи мияга турлича таъсир ўтказади. Масалан, ижодий ва таҳлилий фикрлашни яхшилайди.

99. Умрни узайтиради

45-59 ёшлардаги қарийб 1000 нафар эркак 10 йил давомида кузатилганда, тез-тез оргазм оладиган эркакларда ўлим хавфи 50 фоиз камлиги маълум бўлган. Бошқа яна бир тадқиқот ҳам шу хулосани тасдиқлаган. «The Gerontologist» журнали эълон қилган ушбу мақолада 25 йиллик илмий изланиш хулосаси акс этган. Унга кўра хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, жинсий фаоллар соғломроқ ва узоқроқ яшайди.

1010. Ўзига ишончни мустаҳкамлайди

Жисмоний фойдасидан ташқари жинсий алоқанинг руҳий фойдаси ҳам бор. «Social Psychology and Personality Science» журналида эълон қилинган тадқиқотда аниқланишича, жинсий алоқа билан шуғулланадиган коллеж ўқувчиларида умуман шуғулланмайдиганларга нисбатан ўзига ишонч баланд экан.

Бошқа томондан ўзига ишонадиган аёллар қониқарли жинсий ҳаёт кечиради.

Охирида эслатиб қўймоқчимиз: жимонинг фойдаси ўз йўлига. Жинсий йўл билан юқадиган касалликлардан эҳтиёт бўлинг.