Жума кунигача ҳаво анча салқинлайди, шанба–якшанбадан ҳаво яна исишни бошлайди. «Ўзгидромет» ўтаётган ҳафтанинг батафсил об-ҳаво прогнозини эълон қилди.

Бугун Ўзбекистонда ёғингарчилик бўлмайди. Ҳаво ҳарорати 33-38 даража бўлади.

«Эртага, 13 август куни, шимолий туманларга, кейинги кунлари эса республиканинг бутун ҳудудига Волгабўйидан салқин ҳаво массаси кириб келиши кутилаяпти.

Антициклон таъсирида Ўзбекистон бўйича ҳаво салқинлашади, фақат тоғли ҳудудлардагина қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ кузатилиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси 15-18 даражагача, кундузи 25-28 даражагача тушади, бу кўп йиллик ўртача кўрсаткичдан 5-8 даража пастдир», – деб маълумот берган синоптиклар.

13-15 август кунлари айрим жойларда шамол тезлиги 15-20 метр/секундгача етиши мумкин. Шундай салқин об-ҳаво жума куни, 16 августгача сақланиб туради.

Дам олиш кунлари, антициклон чекингач, ҳарорат кечаси 18-20 даражага, кундузи 32-35 даражага чиқиши мумкин.