Маҳаллий экспортчиларнинг маҳсулотини темирйўл орқали экспорт қилиш харажатларининг 50 фоизигача давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Ҳукуматнинг шу ҳақидаги қарори қабул қилинганини Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Компенсацияни Экспортни рағбатлантириш агентлиги тақдим этади.

Экспортчилар 2019 йил 1 майдан бошлаб экспорт қилган маҳсулотлари бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисмига компенсация олиш учун ариза топшириши мумкин.

Экспорт қилувчи корхоналар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш воситалари ривожланмагани, экспортолди ва экспортни молиялаштириш механизмлари мавжуд эмаслиги ўзбек экспортчилари олдида турган тизимли муаммо ҳисобланади. Бу камчиликнинг сақланиб қолаётгани экспортни кўпайтиришга тўсқинлик қилмоқда.
Экспортчиларнинг транспорт харажатларини компенсация қилиш президентнинг ташқи савдо ва экспортни тизимли оширишга қаратилган қарорида кўзда тутилган эди.