«Мактаб формаси 2019/2020-ўқув йилида ҳам ихтиёрий бўлади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилиниши кутилаяпти», – деди Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов «Daryo»га берган интервюсида.

«Формани жуда кўп муҳокама қилса бўлади. Ижобий томонини ҳам, салбий томонини ҳам. Лекин шошилиш керак эмас. Бизда озгина шошиш бўлаяпти. Мактаб формаси ўтган йили мажбурий эмас, ихтиёрий бўлди. Янги ўқув йилида мажбурий қилсак, шошилиш бўлиб қолади», – деган Шерзод Шерматов.

Вазирга кўра Ўзбекистон тўқимачилик саноати мактаб формасини керакли миқдорда етказиб беришни уддалай олмаслиги мумкин.

«Ҳозир биз Вазирлар Маҳкамасига қўшимча таклиф тайёрлаяпмиз. Чиққан қарорга ўзгартириш киритиш. Ота-оналар ташвишланмаса бўлади, яқин орада қарор чиқади. Янги ўқув йилидан мактаб формаси мажбурий бўлмайди. Мактаб формаси босқичма-босқич жорий қилинади», – деган Халқ таълими вазири.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева янги ўқув йилидан мактаб формасини мажбурий қилмасликни айтиб, мактабларда бошқа камчиликлар ва муаммоларга эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаганди.

Ягона мактаб формаси тўғрисидаги қарорни Вазирлар Маҳкамаси 2018 йилнинг 15 августида қабул қилган эди.

2018/2019-ўқув йилида ягона мактаб формасини кийиш ўқувчилар учун ихтиёрий эди. Янги ўқув йилидан бошлаб эса мактабга ягона формада келиш мажбурий бўлиши керак эди.

«666-қарор» номи билан машҳур бу қарорга жамиятда кучли эътироз ҳам бўлган. Эътирознинг асосий қисми қарорнинг 9-бандига бўлган. Ҳужжатнинг 9-бандида «Ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим, таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно», – деб белгиланган.

Айнан шу банд айниқса ўқувчиларнинг рўмол ўраши тарафдорлари ва бунга қарши бўлганлар ўртасида жиддий баҳсларга сабаб бўлган.

Тарафдорлар буни эътиқод эркинлиги таъминланган демократик мамлакатдаги муслима ўқувчиларнинг қонуний ҳаққи демоқда. Қаршилар эса дунёвий давлат бўлган Ўзбекистонда таълим тизими стандартларини белгилаш давлат ваколатида ва бу стандартлар диний эътиқодидан қатъи назар ҳаммага бирдек бўлиши керак демоқда.