Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевдан президент номидан машина совға қилиш амалиётини тўхтатиш сўралди. Эгизак туғиб, фарзандларига президентнинг исми шарифини қўйганларга «Cobalt» автомобили совға қилиш кулгу бўлаётгани ва бу амалиёт аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётгани айтилди.

Ўзбекистондаги оммавий интернет нашрларидан kun.uz сайти президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиқди.

"Зотдор қизга уйланаман, пиёда юриш жонга тегди ёхуд президент номини эрмак қилманг" номли мақолада Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач урфга айланган эгизак фарзандли бўлиб, президентнинг исми шарифини қўйган оилага машина совға қилиш амалиёти танқид қилинди.

Муаллиф Аброр Зоҳидовнинг ёзишича, бир вақтда уч фарзандли бўлиб, исмларини Шавкат, Мирзиё ва Миромон қўйган шахс таҳририятга қўнғироқ қилиб шу вақтгача «Cobalt»дан дарак йўқлигидан нолиган.

  • «– Биз ҳам уч ўғил кўргандик, Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм ҳам қўйгандик. Лекин шу пайтгача "Кобалт"дан дарак йўқ. Шу масалани ҳал қилиб берсангизлар. Ўзбекистонда қонунга амал қилинадими-йўқми?
  • – Қанақа қонунни назарда тутаяпсиз?
  • – Учта туғилганларга машина берилаяпти-ку. Ҳаммага тенг кўз билан қаралиши керак-да!».
  • Муаллиф бир томондан бу одам ҳақлигини айтади.
  • «Бир қарашда у ҳақ – уч эгизак (уч ўғил десак тўғрироқ бўлар) туғилса ва уларга юқоридаги исмлар қаторлаштириб қўйилса, "Кобалт" совға қилиш бўйича ёзилмаган (!) қоидага амал қилинмоқда», – дейди у.

Журналист уч фарзанд кўришдаги имтиёзлар қайси қонун билан тартибга солиниши, уч ёки тўрт фарзанд кўрганларнинг ягона реестри олиб борилиши, уларнинг сони бугунгача нечта бўлгани, қанчасига қанақа совғалар берилгани каби саволларни ўртага ташлаган.

«Энг муҳими, совғалар, хусусан автомобил пулини ким тўлайди? Давлат бўлса, солиқ тўловчиларнинг маблағи бундай мақсадда сарфланиши тўғрисида ҳисобот берилиши керак эмасми, ҳомийлар ҳисобидан бўлса, улар кимлар ва бу ҳаракатлари ихтиёрийми?», – дейилади мақолада.

Журналист интернет, ижтимоий тармоқларда бу мавзу узлуксиз муҳокама билан бирга шунчалар ҳажв қилиндики, хижолат бўладиган даражага етдик дейди.

«Уларнинг биттасини, фақат биттасини мисол келтирайлик: "Бирданига учта туғадиган зотдор қиз керак. Пиёда юриш жонга тегди..."».

Президент Мирзиёевга мурожаат қилган Аброр Зоҳидов қисқа ва ягона қарор билан бу амалиётни бутунлай ҳамда қайтиб тикланмайдиган қилиб тўхтатишга чақирган.

«Ишонинг, ота-оналарнинг сизнинг исми шарифингиздан фойдаланиб нимадир ундиришга уриниши ёки ҳудудий раҳбарларнинг уларга турли-туман совғалар, хусусан "Кобалт" тақдим этиб, сизга яхши кўриниш учун лаганбардорлик қилиши аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Балки сиз бехабардирсиз, аммо, минг афсуски, бу ҳолат эрмакка айланиб кетди», – дейди у.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач унинг номини эгизакларга қўйган оилаларга «Cobalt» машинасини бериш урфга кирди.

  • Сўнгги вақтларда нафақат президентнинг исми шарифини қўйганларга, балки унинг рафиқаси ва қизининг исмини қўйган оилага ҳам «Cobalt» совға қилинмоқда.
  • Шу йилнинг 1 май куни Фарғона вилоятида туғилган Шавкатжон, Зироатхон ва Саидахоннинг отасига Ўзбекистон президенти номидан «Cobalt» машинаси совға қилинди.
  • Президент совғаси деб тақдим қилинадиган ва маҳаллий матбуотда чоп қилинадиган бу хабарларда машина кимнинг пулига олингани ҳақида айтилмайди.
  • Вазиятдан хабардор шахсларнинг айтишича, бу совғалар одатда ҳокимиятлар томонидан ташкиллаштирилади.
  • Айрим тадбиркорлар машинанинг пулини тўлаш банкдан катта миқдорда кредит олган тадбиркорларнинг зиммасига юкланишини айтади.

Бироқ «Би-би-си»да ушбу фактларни тасдиқлатишнинг имкони йўқ.

Эгизакларга президент ёки унинг оиласи исми шарифини қўймаган ота-оналар давлат томонидан белгиланган қонуний нафақаларини ҳам ололмаётгани, айрим ҳолларда фарзандларини катта қилишга қийналаётгани ҳақида хабарлар чиқиб туради.

2018 йилнинг июн ойида Андижоннинг Булоқбоши туманида туғилган Иззатбек, Исломбек ва Имронбекларнинг ота-онаси 2 ёшгача бўлган бола тарбияси учун нафақа пули ололмаётганини айтганди.

Эгизак туғиб, президентнинг исми шарифини қўяётганларга машина берилишидан Мирзиёевнинг хабари бор ё йўқлиги маълум эмас.

Бироқ Шавкат Мирзиёев у билан учрашаётган ва қайсидир жиҳати билан эътиборига тушган фуқароларга уй ёки машина совға қилган ҳолатлар учраб туради.

2 июн куни Бўка туманига борган Шавкат Мирзиёев унинг ташаббуслари ҳақида шеър тўқиб, ўқиб берган 3-синф ўқувчисининг отасига машина совға қилди.