Туркманистонда тўйлар ва бошқа оилавий тадбирларни тасвирга олувчи хусусий операторлар олинган барча материалларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун маҳалла нозири ва Миллий хавфсизлик вазирлиги ходимларига тақдим этиши шарт.
«Хроника Туркменистана» мухбирларининг хабар беришича, нозирнинг видеони кўриб чиқишига уч кун кетади, шундан сўнггина оператор видеони монтаж қилиши ва буюртмачига бериши мумкин. Буюртмачи видео махсус хизматларга кўрсатиб олинганини билмаслиги керак.
Айтиш жоизки, март ойигача видео фақат маҳалла нозирига кўрсатилар эди. Кейин уни МХВ ходимларига ҳам жўната бошлашди. Уларнинг кўриб чиқишига ҳам икки кун вақт кетади. Бу вақт мобайнида оператор тўй эгаларини буюртмаси бажарилаётганига, монтаж жараёни муайян вақтни олишига ишонтириши лозим.
Тўйларга чиқадиган видеочиларнинг сўзларига кўра МХВ ходимлари улардан кайфи чоғ меҳмонлар нималарнидир муҳокама қилаётган ҳолатларни тасвирга олишни сўрашади. Бу кадрлар якуний монтажга киритилмайди, лекин махсус хизмат вакилларида қолдирилади.
Ўзига тўқ одамлар одатда икки-учтадан оператор ёллашади. Агар махсус хизмат ходимларига видеодаги нимадир (меҳмонларнинг ўзини тутиши, қизларнинг кийими ёки президент портретининг қийшиқ илингани) ёқмаса материал узоқ вақт операторга қайтарилмайди. Норозилиги кадрга тушиб қолган одамлар кейинчалик бирон-бир муаммога дучор бўладими-йўқми – маълум эмас. Операторлар махсус хизмат ходимлари шу тариқа бой ва амалдорларга компромат йиғишади деб тахмин қилишади.