Ўзбекистонда юритилаётган давлат сиёсатини аҳолига махсус маърузачилар орқали етказиш анъанаси тикланди. Тошкентда Республика маънавият ва маърифат маркази қошида ташкил этилган «Маърифат» тарғиботчилар жамиятининг тақдимоти бўлиб ўтди.

«Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, мамлакатимизда барча жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламига етказиш ушбу ташкилот фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир», – деб айтилган май ойида таъсис этилган жамиятнинг тақдимотида.

«Маърифат» тарғиботчилар жамиятининг мақсад ва вазифалари совет даврида фаолият юритган «Билим» бутуниттифоқ тарғиботчилар жамиятининг мақсад ва вазифаларини эслатиб юборади.

«Билим» бутуниттифоқ тарғиботчилар жамияти – Совет иттифоқида 1947 йилдан 1991 йилгача тарғибот ва ташвиқот соҳасида фаолият юритган ташкилот. Маърузалар ўқиш ва илмий-оммабоп адабиёт чоп этиш орқали СССР аҳолиси орасида маърифий фаолият билан шуғулланган. КПСС назоратида бўлган.

«Мамлакатимизда барча жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар» тарғиботини вазирликлардан тавсия қилинган номзодлар, давлат ва жамоатчилик вакиллари, олимлар, мутахассислар, ижодкор зиёлилардан иборат махсус тарғиботчилар гуруҳлари (лекторлар) олиб боради.

Тарғиботчилар молиявий ва маънавий рағбатлантирилади, масалан улар «Маънавият фидойиси» кўкрак нишонига тавсия этилади.

Тарғиботчилар фаолиятининг тахминий йўналишини майдаги қарорда кўриш мумкин:

  • Жазони ижро этиш муассасаларида «Тақдирни қўл билан яратур инсон» мавзусида «маънавият соатлари»ни ўтказади.
  • Интернет майдонида ички ва ташқи таҳдидларга қарши курашишни таъминлайди.
  • «Мамлакатимиздаги кенг қамровли ислоҳотлар мазмуни»ни аҳолининг турли қатламларига тушунтиради ва аҳолининг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлайди.