Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз сайтида муфтий Усмонхон Алимов ишдан олингани ҳақида тарқалган хабарларга раддия берди. Раддияда қайд этилишича, Усмонхон Алимов идора раиси сифатида фаолиятини давом эттирмоқда.

“10 сентябрь куни айрим интернет-нашрлари ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов лавозимидан озод этилди, деган мазмундаги асоссиз ва сохта хабарлар тарқатилди. Таъкидлаш лозимки, Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида ишламоқдалар — фаолиятларини давом эттирмоқдалар. Муфтий ҳазратларига узоқ йиллар мўмин-мусулмонларимиз хизматида бардавом бўлишларини Аллоҳ таборака ва таолодан сўраймиз», — дейилади расмий хабарда.

10 сентябрь куни “Azon.uz” сайти муфтийнинг ишдан олингани ҳақида хабар берган, бу хабар Минбарда ҳам эълон қилинган эди. Тасдиқланмаган хабарни тарқатгани учун “Azon.uz” бош муҳаррири вазифасидан озод қилинган.

1950 йили туғилган Усмонхон Алимов 2006 йил августдан диний идора раиси, муфтий сифатида ишлаб келмоқда. У бир неча йилдан бери жаҳоннинг энг қудратли мусулмонлари рўйхатидан жой олиб келаётган деярли ягона Ўзбекистон вакили саналади.