Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов “Facebook”даги саҳифасида ўзбекистонликларга мурожаат қилиб, Қурбон ҳайити байрами арафасида эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари муносиб таълим олиши учун кўмаклашишга чақирди.

“Одатда, ўзига тўқ оилалар эҳсон қилиш учун ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қидириб юришади. Ана шундай юртдошларимиз имкони бўлса қўни-қўшнилар ёки ёру биродарларининг фарзандлари яхши таълим олиши учун қўшимча адабиётлар ва ўқув анжомлари сотиб олишга ҳам ёрдам берсалар, улар жуда хурсанд бўладилар деб умид қиламиз. Унутмангки, таълимга сарфланган сармоя истиқболга тикилган энг муҳим инвестициядир”, — деб ёзади Шерзод Шерматов.

Халқ таълими вазири яқинда ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган воқеага ҳам тўхталиб ўтган. Унда китоб ижарасига пул топа олмагани учун Наманганда яшовчи кам таъминланган оиланинг фарзандларига китоб берилмагани ҳақида сўз борган.

“Яқинда интернетда “Китоб ижарасига пул топа олмаган ўқувчига китоб берилмаган!” номли сарлавҳа билан турли хабарлар тарқатилиб, бир оила мисолида катта шов-шув кўтарилганди. Ҳудудий бошқармамиз ва маҳаллий ҳокимият томонидан ушбу оилани топиб ёрдам кўрсатилди, текинга олиши керак бўлган китоблари ҳам берилди.

Албатта, ҳозирги вақтда шов-шув кетидан қувиш интернетда “тренд”га айланиб бораяпти. Лекин назаримизда мана шунақа ҳолатларда фақат кимнидир айблаб, ёш қизчанинг кўз ёши орқали хайп кўтариш муаммога ечим бўла олмайди. Ундан кўра юртдошларимизни шу каби ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг келажакда муваффақиятга эришишига имкон борича ёрдам қўлини чўзишга чорласак янада маъқул иш бўларди. Бу қуруқ шов-шув кўтариб, амалда ҳеч иш қилмасликдан яхшироқ. Ижтимоий тармоқларда ана шундай оилаларга кўрсатиладиган кўмак бериш имкониятларини #Яхшиликка_чорла #Қувонч_улаш хэштеглари билан ёритиб бориш ҳам мумкин. Бу орқали одамларнинг кўнглига яхшилик уруғларини сочган бўламиз”, – дейди Шерзод Шерматов.

Фото: Uzedu.uz

Халқ таълими вазирининг маълум қилишича, наманганлик эҳтиёжманд оилага ёрдам бериш мақсадида болаларнинг онаси номига пластик карта очтирилган. Ушбу оилага ва мактаб ёшидаги икки ўқувчига ёрдам бериш истагидаги юртдошларимиз Payme, Click каби тўлов тизимлари орқали ушбу пластик картага пул ўтказишлари мумкин.

Наманганлик муҳтож оиланинг фарзандларига хайрия қилмоқчи бўлганлар ушбу пластик картага пул ўтказишлари мумкин.

Шерзод Шерматов ўзбекистонликлар автомобилларига “чиройли” рақам сотиб олишга 2018 йили 𝟏𝟐𝟏,𝟕 млрд, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида 72,3 млрд сўм (бу 2018 йилнинг шу даврига қараганда 𝟐,𝟏 баробар кўп, ўтган йили бу кўрсаткич 𝟑𝟒,𝟐 млрд бўлган) сарфлашганига тўхталаркан, шубҳасиз, бу рақамлар аҳолининг айрим қатламларининг турмуш даражаси яхшиланаётгани ва рўзғоридан орттириб, бу каби ҳашамат учун пул сарфлашга имконияти кўпайганидан далолат эканини таъкидлайди. Шу билан бирга, “чиройли” рақамларга сарфланган 121,7 млрд сўм ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун 2018 йилда дарсликларни текин беришга давлат бюджетидан ажратилган маблағдан деярли 𝟐𝟎 баробар, ўтган йили дарсликлар ижарасидан тушган пулдан деярли 1,4 баробар кўп эканига эътибор қаратади.

“Дарсликларга келсак. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига д͟а͟р͟с͟л͟и͟к͟ ͟т͟е͟к͟и͟н͟г͟а͟ ͟б͟е͟р͟и͟л͟а͟д͟и͟, фақат маҳалладан маълумотнома тақдим этилади. 2018 йилда 𝟑𝟔𝟐 мингдан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг китоб ижараси харажатларини қоплаш учун давлат бюджетидан 𝟔,𝟐 млрд сўм ажратилган (ўртача бир болага бир йилга барча фанлардан китобларни ижарасини қоплаш учун бюджетдан 17 минг сўм атрофида ажратилган”.

Халқ таълими вазири ҳайит арафасида муҳтож оилаларнинг фарзандлари яхши билим олиши учун ёрдам беришга чорлайди. У бундай болалар халқнинг кўмаги билан ҳаётда ўз ўрнини топганларидан сўнг бошқаларга ҳам яхшилик илинишига ишонч билдиради.

“Ҳайит байрами арафасида ҳар биримизда #Яхшилик_қилиш #Қувонч_улашиш имконияти бор. Ўзгаларнинг меҳри, кўмаги туфайли яхши билим олган бу каби оилалар фарзандлари шу билими орқали ҳаётда ўз ўрнини топганларида, яхши даромадга эга бўлганларида, ўзларига ушбу қийин даврларида кўрсатилган ёрдамни эслаб, бошқаларга ҳам ёрдам қўлини чўзадиган сахий инсон бўлиб етишадилар деб умид қиламиз”.