Июнда Сенат раислигига сайланган Танзила Норбоева 22 августда Сенатда ўзининг илк ялпи мажлисини ўтказди. Ўзбек Сенатини бошқараётган биринчи аёл сифатида тарихга киришга улгурган Норбоева бир қатор "кичик инқилобларни" содир этишга улгурди.

Биринчидан, Танзила Норбоева энг ёпиқ бўлган сиёсий институтлардан бирини жамоатчиликка яқинроқ қилмоқчи. 21 август куни Норбоева Сенатда бир гуруҳ журналист ва блогерлар билан учрашди. Ўзини "катталардек", сенаторлардек ҳис қилиш имкони берилган блогерларнинг айтишича, учрашув "дўстона ва самимий руҳда" ўтган.

Иккинчидан, Сенатнинг ялпи мажлиси (бу ҳам тарихда илк маротаба) жонли эфирда узатилди. Гарчи эфир техник носозликлар туфайли узилиб қолаверган бўлса-да, бу фактнинг ўзи олқишланарли ҳол. Келгусида Сенатнинг қолган йиғилишлари ҳам шундай ўтар эмиш.

Учинчидан, Танзила Норбоева қонунларнинг ишламаслиги ёки самарасиз ижро этилишига сабаб бўлаётган "ҳаволаки" нормаларга кураш эълон қилди. Унинг айтишича, Сенат амалга оширишнинг аниқ механизми мавжуд бўлмаган, давлат ва жамият ривожига ижобий таъсир кўрсата олмаётган умумий характердаги қонунларни маъқуллаш амалиётидан тўлиқ воз кечиши керак.

Тўртинчидан, Сенат аёллар ҳуқуқини ҳимоялашга қаратилган бирйўла икки муҳим қонунни тасдиқлади.

  • “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун ўз номи айтиб турганидек асосан гендер тенглик ҳақида. Эндиликда қонун ҳужжатлари гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади, дискриминацияга йўл қўйилмайди. Раҳбар кадрлар захирасини шакллантираётганда ҳам аёлларга етарлича урғу берилиши керак.
    Қизиғи шундаки, энг маънили ва муҳим нормаларидан бири – агарда қонунчиликка хилоф бўлса, аёлларга урф-одат, анъана ва маданиятга асосланган ёндашув (масалан, қиз олиб қочар) тақиқлангани ҳақидаги норма сўнгги таҳрирдан тушиб қолибди.
  • “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра энди тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш учун жабрланувчиларга ҳимоя ордери берилади. Яъни, зўравонга (одатда, турмуш ўртоғи) жабрланувчи (аёли) билан бевосита ёки билвосита алоқада бўлиши вақтинча тақиқланади.

Сенат шунингдек "тинч атом" тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Бу қонун қурилаётган АЭС ва унинг фаолиятига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Қонунда, масалан, Ўзбекистон ҳудудига фақат илгари Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилган радиоактив чиқиндиларни олиб кириш мумкин деб айтилган. Демак, Россия Ўзбекистон саҳроларидан ўзининг чиқиндиқларини сақлаш учун фойдаланиши мумкин деган хавотирлар (шундай мишмишлар кўпайиб кетган эди!) асоссиздир.

Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев сенаторларга Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашнинг аҳволи ҳақида ҳисобот берди. У антикоррупцион қонунчиликни қўллаш амалиётида узилишлар борлигини тан олди. Коррупцияга қарши кураш ахборот воситаларининг эркин ва мустақил фаолиятини тақозо этишини, халқда коррупцияга толерантсизликни шакллантириш кераклиги каби бир қанча расо фикрлар билдирган ўринбосар мамлакатда коррупцияга қарши курашнинг аҳволи фақатгина Transparency International ташкилотининг фикри билан чегараланиб қолмаслигини ҳам айтган.

2018 йил якунларига кўра Ўзбекистон нуфузли Transparency International ташкилотининг коррупция бўйича рейтингида 158-ўринни эгаллаган.

Икки кун давом этадиган мажлис кун тартибига 20дан ортиқ масала киритилган.