Нью Йорк полиция хизматчиси, асли бухоролик Садоқат Мақсудова 300 долларлик кийим-кечакнинг пулини бермасдан дўкондан чиқиб кетаётганида қўлга олингани айтилмоқда. Нью Йорк полицияси унга нисбатан айблов илгари сурилгани ва вақтинча ишдан четлатилганини тасдиқлади. Мақсудованинг ўзи ўғирлик қилганини рад қилмоқда.

New York Post нашрининг ёзишича, Садоқат Мақсудова 15 август куни Staten Island савдо мажмуасидан қимматбаҳо кийимларнинг пулини тўламасдан чиқиб кетаётганида ушланган.

"У пулини тўламасдан дўкондан чиқиб кетишга ҳаракат қилаётганида маҳсулотларнинг йўқолишини олдини олувчи ходим томонидан тўхтатилган. Унинг сумкасидан 300 доллардан қимматроқ қийматдаги кийимлар чиққани айтилмоқда", дейилади хабарда.

Хабарда Мақсудова майда ўғирликда айбланиб, хизматидан вақтинча четлатилгани ёзилган.

24 ёшли Садоқат Мақсудова Би-би-сига ўтган пайшанба куни дўкондан ўғирлик қилиб ушлангани ҳақидаги хабарни ёлғон деди.

"Мен бунга изоҳ беролмайман. Бу Нью Йорк полиция департаменти ичидаги нарса. Биз буни ҳали судит қиламиз. Лекин ман ишдан ҳайдалганим йўқ, ишлавомман", деди у.

Мақсудова нима учун унинг номи хабарларга чиқиб қолгани ва пайшанба куни хабарда номи кўрсатилган дўконга борганмисиз, деган саволларга жавоб бермади.

Би-би-си Нью Йорк полиция департаменти билан боғланди.

Исми сир қолишини истаган манба, Садоқат Мақсудова 15 август куни дўконда ўғирлик қилишда айбланаётганини тасдиқлади.

Манбанинг айтишича, айни дамда иш ўрганиб чиқилмоқда ва бу вақтда Мақсудова вақтинчалик ишдан четлатилган.

Америка овози 2018 йил июн ойида тайёрлаган хабарда айтилишича, бухоролик Садоқат Мақсудова Нью-Йоркка оиласи билан 2009 йилда кўчиб келган.

У бир ярим йиллик кадетлик курсидан сўнг Нью-Йорк полиция академиясига кирган ва олти ойлик курсни битириб, полиция хизматига ишга қабул қилинган.

У хизматни ўзбеклар кўп истиқомат қиладиган Бруклин туманида ўтаётгани айтилган.

Унинг бобоси ва бувиси Садоқат Нью-Йорк шаҳри осойишталигини сақлашга ҳисса қўшишидан хурсанд эканликларини билдиришган эди