Халқ таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган ўқитувчиларга мажбурий сотилган чипталар ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиққан.

Натижада:

  • Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси;
  • Қарши шаҳар халқ таълими бўлими раҳбарияти;
  • умумтаълим мактаблари директорлари;
  • концерт дастури ташкилотчилари шахсий манфаатларини кўзлаб педагог-ходимларни мажбурий равишда концертга жалб қилгани аниқланган.

Жумладан, Қарши шаҳри ХТБ тасарруфидаги 23-мактаб директори в.в.б. ва 19-мактаб директори 35 000 сўмлик ҳар бир чипта сотувидан 5000 сўмдан ўзларига қолиши борасида концерт ташкилотчиси билан ўзаро келишган. Сўнгра 100 дона концерт чиптасини ўқитувчиларга мажбуран сотишган.

Вазирликнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати ходимлари аралашгач, мактаб директорлари шу кунгача ўқитувчиларга сотилган чипталар пулларини қайтариб беришган.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар юзасидан:

  • Қарши шаҳар ХТБ мудири ўринбосарига ҳайфсан берилган.
  • 23-мактаб директори ишдан кетган.
  • 19-умумтаълим мактаби директори 8 майдан буён касал бўлиб ётгани учун унга нисбатан жазо кўриш кейинга қолдирилган.
  • Айни пайтда Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва Қарши шаҳар халқ таълими бўлими мудирига интизомий жазо бериш масаласи кўрилмоқда.

Агар мажбурий обуна, чипта сотиб олиш ва шу каби ғайриқонуний ҳолатларга дуч келсангиз, ХТВнинг телеграмдаги @ustozovozibot номли ботига ёки прокуратурага мурожаат қилинг.