Қўқонда рўзадор ўқувчилар югуртирилганини мактаб раҳбарияти инкор этмоқда, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳодиса ҳақиқатан ҳам содир этилганини айтмоқда. Аввалроқ Қўқон шаҳридаги 8-мактаб директори дарсдан сўнг рўза тутган бошланғич синф ўқувчиларини иссиқ ҳавода мактаб ҳовлисида югуртиргани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларни жунбушга келтирган эди.

Ҳодиса бўйича Minbar журналистига мутасаддилар бошқача, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари бошқача кўрсатма бермоқда.Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими мудири Иномжон Расуловнинг айтишича, 8-мактаб директори рўза тутган ўқувчиларни иссиқда мактаб стадионида югуртирмаган. Ўқувчиларни соғломлаштириш мақсадида одатдаги спорт мусобақалари ташкил этилган. “Дарсдан сўнг ўқувчилар спортнинг хоҳлаган тури билан шуғулланиши мумкин, шу сабабли ўша куни ҳам ўқувчилар стадионда ихтиёрий равишда югурган”, – дейди Иномжон Расулов.

Дарслари тугаб уйга қайтаётган болалар журналистга ҳақиқатан ҳам рўза тутгани учун мактаб директори 3-синф ўқувчиларини стадионда югуртирганини айтишди.

– Биз 6-синфда ўқиймиз, – деди бир гуруҳ болалар, – рўза тутаяпмиз, аммо директоримиз бизни югуртирмади. Лекин ҳар куни рўза тутмаслигимиз кераклигини, ҳали кичкиналигимизни, катта бўлганимиздан сўнг рўза тутишимиз мумкинлигини айтишади. Ўша куни 3-синф ўқувчилари стадионда югуртирилди.

"Улар рўза тутгани учун югуртирилганини қаердан билдинглар?" деган саволимизга ўқувчилар: "Баъзи болалар салқинда турди, кейин мактабда ўқувчилар орасида “директор рўза тутган ўқувчиларни югуртираяпти экан” деган гап тарқалиб кетди. Биз ҳам рўза тутганимизни яширдик", – дейишди.

Исми ошкор қилинмаслигини сўраган 3-синф ўқувчиларидан бирининг онаси ҳам ўша кунги воқеаларни гапириб берди:

– Қизим мактабдан йиғлаб келди. Жуда қўрқиб кетдим. Сабабини сўрасам, “Директоримиз рўза тутганларни стадионда югуртирди. У “Ким рўза тутди?” деб сўради. Биз синфдошларим билан “Мен”, “Мен” деб қўл кўтардик. Кейин бизни стадионга олиб чиқиб югуртирди” деб айтди. Албатта, директорнинг бу ишидан жаҳлим чиқди. Нега ўқувчиларни қийнайди? Рўза тутиш таълим-тарбия сифатига ёмон таъсир қилмайди-ку? Болам рўза тутган бўлса ҳам уй вазифаларини вақтида бажариб, дарсда яхши жавоб бераяпти-ку?! Болани қийнаш шартми?! Майли, рўмол ўрамасин дейишди, катта қизларимиз ҳам мактаб эшигигача рўмол ўраб бориб, дарвоза олдида рўмолни ечиб, кейин дарсга киришаяпти.

8-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбоcари Иқболжон Обидовнинг маълум қилишича, мактабда 912 нафар ўқувчи ўқияпти. 3–4-синф ўқувчилари иккинчи сменада ўқийди.

– Бундан икки-уч кун олдин мактаб ҳамшираси юқори синфда ўқийдиган ўқувчилардан бири мазаси қочиб қолгани учун директордан уйига кетишга рухсат сўради. Шунда директоримиз у қизга: “Ҳали кичкинасан, нима қиласан рўза тутиб, катта бўлсанг рўза тутишга ва бошқа ибодатларга улгурасан” деб насиҳат қилиб турганди. Шунда ўқувчилардан бирининг онаси келиб қолди. Ана шу аёл бу нарсани ижтимоий тармоқларда тарқатворган бўлиши мумкин, – деди Иқболжон Обидов.

Мактаб директори Феруза Тожибоева ўзи ҳам рўзадор экани, рўза тутаётган юқори синф ўқувчиларига ҳеч қандай эътирози йўқлиги, аммо бошланғич синфларда рўза тутиш мумкин эмаслигини айтди.

– Ўқувчиларимизнинг кўпи камқон. Шунинг учун уларга баъзи тавсияларни бераман, аммо рўза тутганларни стадионда югуртирганим йўқ, – деди Феруза Тожибоева.

Айни пайтда 8-мактабда юз бергани айтилаётган ҳолатни Қўқон шаҳар прокуратураси ходимлари ўрганмоқда.

– Ҳозирча бир нима деёлмаймиз, – деди Қўқон шаҳар прокуратурасининг исми очиқланишини истамаган ходими, – суриштирув якунлангач, албатта бу ҳақда ОАВ орқали аҳолини хабардор қиламиз.

Унга кўра, Қўқон шаҳар прокуратураси воқеани ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асосида ўрганаяпти. Юз берган ҳолат юзасидан ҳозирча ҳеч бир ота-она прокуратурага мурожаат қилмаган.