23 август куни Жума намозидан сўнг Тошкент шаҳридаги Малика савдо мажмуасида ички ишлар ходимлари соқолли эркакларни тутиб олиб кетган. Воқеа гувоҳларининг айтишича, уларни Шайхонтоҳур туманидаги 4 чи сонли ички ишлар бўлимига олиб боришган ва мажбуран соқолларини олишган. ИИВ ҳолат юзасидан душанба куни изоҳ беришини билдирди.

"Савдо қилиш учун Маликага боргандим. Ички ишлар ходимлари тутиб олиб кетишди. 4 - ГОМ (ички ишлар бўлими)нинг ташқарисида тахминан 20 нафар соқолли одам турганди. Ичкарида иккинчи қаватда яна 30 га яқин одамни кўрдим. Ҳамманинг маълумотларини ёзиб, расмга тушириб, соқолини олиб қўйиб юборишаётган эди", дейди Жамолиддин Муҳаммад.

Жамолиддин ички ишлар ходимларидан изоҳ олишга ҳаракат қилган, бироқ унга қўпол муомалада бўлган орган ходимларини ўзларини таништиришни ҳам истамаган.

Унинг айтишича, Мурод деб таништирган "эксперт" соқолни олдиришга қарши бўлганлар билан суҳбат қилган.

У соқолли йигитлардан уни нима мақсадда қўйгани билан қизиқган.

"Қонунларда "соқол ўстириш мумкин эмас", деган ери бўлса кўрсатинг, унга сўзсиз итоат қиламан, дедим. Лекин улар бундай қонун ё ҳужжат кўрсатишмади. Энди ҳам рози бўлмаганим сабабли," "орган ҳодимининг қонуний талабини бажармаслик" дея сўзини давом этаётган киши, "соқолни олдириб, кейин қаёққа хоҳласангиз ўша ёққа шикоят қилишингиз мумкин", деди. Орада гаплар кўп бўлди, алам қилгани, соқолимни олдириб ҳам аср намози вақти чиқиб кетаётганини айтсам ҳам сабабини айтмасдан ушлаб туришди", дейди Жамолиддин Муҳаммад.

Унинг айтишича, соқолини олаётган сартарош йигит бу ишни ўз хоҳиши билан қилмаётгани, шунга мажбур бўлаётганини айтган.

"Уни тушундим. Соқолимни олаётганларида мазаҳ қилиб "сочини ҳам олиб ташла" деди эшик олдида турган бир киши. Орада "эксперт" билан суҳбатлашдик, у киши ҳам аср намозини мен билан масжидда ўқиди. Кун ботиб бўлган эди. Бўлиб ўтган ишга Ички Ишлар Бош Бошқармаси ойдинлик киритишини талаб қиламан", деб ёзди Жамолиддин Муҳаммад Facebookда.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳолатни ўрганиб, душанба куни изоҳ беришини маълум қилди.

"Сиз айтган масалани кўрдим, ўргандик. Бир, икки куннинг ичида сайтда муносабат билдирамиз. Ҳозир мен сизга ҳаммасини тўғри ёки нотўғри деёлмайман. Топшириқ бердим, ўрганиб душанба куни сайтда муносабат билдирамиз", дейди ИИВ матбуот котиби Қутбиддин Бурхонов.