Лондоннинг Клепем туманидаги ўз боғида қуёшда тобланиб ётган эркак ёнига самолётдан одам жасади қулаб тушган. Бахтли тасодиф билан омон қолган эркакнинг қўшниси полицияга қарсиллаган овозни эшитганидан сўнг қўшни ҳовли томонга қарагани ва деворларга сачраган қонга кўзи тушганини билдирган.

Жасад дам олаётган уй соҳибидан атиги бир метр нарига келиб урилган.

Фото: The Sun

Чақирувга биноан зудлик билан етиб келган полиция кейинроқ жасаднинг Кениядан парвоз қилиб, Лондондаги Ҳитроу аэропортига қўнаётган самолётнинг шасси бўлмасидан тушганини аниқлаган.

Айни вақтда жасаднинг шахси аниқланмаган бўлса-да, марҳум Kenya Airways авиакомпаниясига тегишли самолёт орқали чиптасиз Лондонга келишга урингани тахмин қилинмоқда.

Ҳодисадан кейин самолёт кўздан кечирилган ва чиптасиз йўловчи шасси бўлмасида 9 соат яшириниб, Лондонга қадар етиб келгани маълум бўлган. Шунингдек, у яширинган жойдан сув ва овқат ҳам топилган.

Клепем / PA MEDIA

«Аввалига мен уни боғда ухлаяпти деб ўйладим. Кийимлари, ҳамма нарсаси бор эди. Бироқ яхшилаб разм солгандан сўнг ҳовли деворларига қон сачраганини кўрдим. Унинг боши ғалати қайрилиб қолган эди. Шундан кейин унинг осмондан қулаб тушганини билдим», – ҳикоя қилади қўшни эркак.

"Мен Ҳитроу аэропорти вакиллари билан гаплашиб кўрдим. Уларнинг айтишича, бундай воқеа тахминан ҳар беш йилда бир бўлиб турар экан", – давом этади у.

Фото: BBC

Чипта сотиб олмай, шасси бўлмасида яширинча учиш ноодатий ҳолат эмас.

Лекин манзилга омон-эсон етиб олинган тақдирда ҳам совуқ ҳаво ва кислород етишмаслиги инсон танасида оғир асоратлар қолдиради.

2015 йилда Лондондаги бинолардан бирининг томидан одам жасади топилган. Кейинроқ унинг ЖАРдан келган самолётдан қулаб тушгани ойдинлашган. Бир вақтнинг ўзида аэропортда ҳам ана шундай мурда топилган.

2012 йил август ойида Кейптаундан Лондонга келган самолётнинг шасси бўлмасида эркак жасадига дуч келинган.

Ўша йилнинг сентябр ойида эса Анголадан Лондонга учган самолётнинг шасси бўлмасидан 26 ёшли Жозе Матада қулаб тушган ва ҳалок бўлган. Анголадан Лондонга парвоз 12 соат давом этган.

Парвознинг аксар қисми давомида бўлмадаги ҳаво ҳарорати 60 даража совуқ бўлади.