Микробиология, биотехнология ва нанобиотехнология соҳаларида илмий тадқиқот олиб борадиган олим Бахтиёр Абдуғафур ёзувчи сифатида ҳам танилиб улгурди. Унинг "Султон Жалолиддин Мангуберди", "Қонли гуллар водийси: Мадаминбек" каби китоблари энг кўп ўқилаётган асарлар сирасига киради. Minbar Бахтиёр Абдуғафур билан жамиятдаги воқеаларга зиёлиларнинг муносабати, ижодкорларга гонорар берилмаётгани ва "Ўзбеккино"нинг "Султон Жалолиддин Мангуберди" асарини нега қайтаргани хусусида суҳбатлашди.

Minbar: Бугун жамиятда ўзгаришлар, маълум бир уйғонишлар бўлмоқда. Бу жараёнда ҳар бир воқелик ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлади. Одамлар зиёлиларнинг бу воқеликка муносабатини кутади, зиёлилар эса ҳадеганда фикр билдиравермайди. Сизда ҳам муносабат билдириш ҳолатлари кам учрайди.

Бахтиёр Абдуғафур: Жамиятдаги ҳар қандай ўзгариш, яхшими-ёмон, албатта акс-садо беради. Буни биз айниқса ижтимоий тармоқларда кўп кузатамиз. Лекин масаланинг бир томони борки, бундай баҳс-мунозараларда зиёлилар негадир кам иштирок этишади. Бу ҳолатни тўғри тушуниш мумкин. Биринчиси, ички цензура, ёки кўп ҳолларда оддий ўзбекчилик – истиҳола. Одатда, бирор масала юзасидан ижтимоий тармоқларда мунозара бошланса ўртага тушволиб баҳслашиш, фикр билдиришга кўпда рағбатим бўлмайди. Мен ҳурмат қилган олим ва мутахассисларнинг суҳбатларида фикрларини оламан. Жамият фақат мен ёки сиздан иборат эмас. Менинг ёки сизнинг фикрингиз қатъий инобатга олиниши, бу билан ҳисоблашиш керак деган нарсадан ҳам йироқман. Шунинг учун бундай жараёнларда камнамоман.

Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Давримизда воқеа ва ҳодисалар шиддат билан ривожланиб бормоқдаки, агар сиз бу эврилишларга тайёр бўлмасангиз, ўзингизда “иммунитет” ёки “жавоб реакцияси” шаклланмаган бўлса кўп нарсаларни бой беришингиз табиий. Табиат, борлиқ жараёнларида бўшлиқ, узилиш бўлмайди, демакки, ҳар нарса ўзини-ўзи тўлдириб, ислоҳ қилиб бораверади. Ижтимоий ҳодисаларга қўллаш мумкин бўлса, буни мен регенерация жараёни деган бўлардим. Ана шу жараён бизда оқсайдими деган ўй ўтади хаёлимдан. Демоқчиманки, кўп зиёлиларнинг сустлиги давр шиддати-ю талабини тўлиқ ҳис қила олмайди. Тақдир тақозоси билан салкам ўн йил хорижда, илмий тадқиқот институтларида ишлашга тўғри келди. Менда ўзимизнинг одамлар, жамият ва ижтимоий муносабатларни хориждагилари билан солиштириш имкони бўлди. Биз кўп томондан орқадамиз: аниқ фанларда, технологияларда, адабиёт ва ҳатто ижтимоий фикр ва жараёнларда. Бу менинг ўта шахсий фикрим. Кимгадир ёқмас. Лекин мен кўрган-билганларим асосида шу хулосага келганман. Мана шу жиҳат сиз айтмоқчи бўлган ижтимоий муносабатларда ҳам кўриниб қолади.

Minbar: Соҳангиз олимлик бўлса-да, адабиёт аҳли орасида ҳам танилиб қолдингиз, аудиториянгиз пайдо бўлди. Илм ва адабиёт: икки кеманинг бошини тутиш қийин эмасми?

Бахтиёр Абдуғафур: Ўз аудиториям борлигини эшитиш ёқимли. Ижтимоий тармоқлар орқали кўплаб мухлисларимиз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Қўнғироқлар қилишди. Юртимизга келган хорижлик миллатдошларимиз “суҳбатингизни олайлик!” дейишади. Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистонда яшайдиган ўзбеклар романларимни ўқиб, алоқага чиқишди. Илм ва адабиёт моҳиятан бир нарса. Иккисида ҳам изланасиз. Бусиз бирор нарса яратолмайсиз. Айниқса тарихий асарларни ёзишда фундаментал манбаларни тадқиқ этасиз. Аслида бу ҳам бир тадқиқот, илм. Ўша тарихий воқеаларни бадиийлаштириш энди бошқа масала. Илм ва адабиёт бир-бирига халақит бермайди. Бир-бирини тўлдириб боради. Менимча, илм ва адабиёт бир кема, фақат эшкакларни тўғри эша олсангиз, бас. Айтайлик, Умар Хайём машҳур математик бўлган, тенгламаларни ечишдан чарчаган вақтида қоғоз ҳошияларига рубоий ёзиб маънавий ҳордиқ чиқарган. Тиб илми раиси Ибн Сино фалсафий ёки тиббий рисолаларни ўқиб чарчаганда рубоийлар битган. Бундай мисоллар жуда кўп. Зиёли одам бир нарсани унутмаслиги керак. Инсоннинг салоҳияти катта, фақат ундан тўғри фойдалана олиши керак.

Minbar: “Султон Жалолиддин Мангуберди” киносценарийингизни “Ўзбеккино” қабул қилмаган экан. Аслида нима бўлганди?

Бахтиёр Абдуғафур: “Ўзбеккино”га киносценарий топширмаганман. Роман қўлёзмасини 2017 йил ёзида “Шарқ юлдузи” журналига топширганман. 2018 йил бошидан роман журналда эълон қилина бошланди. Роман қўлёзмаси тақризчилар, адабиётчилар қўлида айланиб юрганида менга: “Ўзбеккино”га олиб боринг, тарихни пухта ўрганибсиз, воқеалар зўр чиқибди, буни кино қилиш керак” дейишди. Бунга ҳафсала қилмадим. Чунки аввал ҳам бир-икки сценарий топшириб ҳафсалам пир бўлган, фойдасиз деб билардим. Ана шундай сценарийларга “Ўзбеккино” мутахассисларининг ёзган тақризи турибди. Кейинроқ, таниш кинорежиссёрлардан бири айтди, “романни шундоқ олиб боринг, кўришсин, ўзлари ёзган киносценарийни бадиий кенгаш етти-саккиз марта (буни “Муносабат” кўрсатувида етти-саккиз вариант деб талқин қилишди) қайтарди” деди. Романни “Ўзбеккино”га олиб бордим. “Сиз ҳам Жалолиддин ҳақида ёздингизми?..” дейишди. Бор гап шу. Тўғриси, афсус қилдим. Насиб қилиб танловлар очиқ-шаффоф бўладиган даврлар келса, танловларда қатнашаман.

Minbar: 9 йил давомида қайси манбалардан ўргангансиз: жиддий ўрганган бўлсангиз керак, ҳар ҳолда Султон Жалолиддин ҳақида иккита китоб, битта киносценарий ёзиш осон иш эмас.

Бахтиёр Абдуғафур: Жалолиддин Мангуберди ва ануштегин Хоразмшоҳлар давлати ҳақида ўрта аср тарихчилари кўплаб илмий асарларда маълумот беришади. Лекин бу асарлар орасида Шиҳобиддин Насавийнинг “Сийрат ас-султон Жалолиддин Менгбурни” (“Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тафсилоти”) асари алоҳида ажралиб туради. Насавий султон Жалолиддиннинг муншийси – котиби бўлган, султон билан кўп саргузаштларни бошидан ўтказган. Бундан ташқари, Алоуддин Атомалик Жувайнийнинг “Тарихи жаҳонгушо” (“Жаҳон фотиҳи тарихи”), Рашидиддин Фазлуллоҳнинг “Жомеъут-таворих” (“Умумий тарих”), ибн ал-Асирнинг “Ал-комил фит-тарих” (“Мукаммал тарих”), Зиё Бунёдовнинг “Ануштагин Хоразмшоҳлар давлати” асарларида ҳам Жалолиддин Мангуберди ҳақида қимматли маълумотлар берилади. Шунингдек, Жалолиддиннинг яна бир муншийси Нуриддин Зайдарийнинг “Нафсат ал-Масдур”, Жузжонийнинг “Табақати Носирий”, Ёқут Ҳамавийнинг “Мўъжам албулдан”, Ёсин ал-Умарийнинг “Ал-асар ал-Жалолиййа”, Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”, Абулғозихоннинг “Шажараи тарокима” асарлари бор. Жалолиддиннинг ушбу асарларда мадҳ этилган кўп қаҳрамонликлари романда бадиийлаштирилган.

Minbar: Кейинги пайтда кўп ўқилаётган китоблар орасида сизники ҳам бор. Китобхонларда тарихий асарларга қизиқиш шаклланди деб ўйлайсизми? Ёзувчи сифатида бугунги китобхонни нималар қизиқтиришини ўрганиб борасизми?

Бахтиёр Абдуғафур: Тарихий асарларга ҳамма вақт қизиқиш бўлган. Одам боласи борки, ўз тарихига қизиққан. Гап ўша тарихни қандай етказа билишда. Ҳақиқий ижодкор фикрда бошқалардан камида бир бош баланд бўлиши ёки бир қадам олдин юриши керак. Айтмоқчи бўлган нарсаси бўлиши шарт. Енгил-елпи асарлар кўпайиб кетди дейилади. Аслида шунақа асарларни ёзганларнинг айтмоқчи бўлган гапи, фикри йўқ. Бир нарсани тасвирлаб, икки қаҳрамон ўртасида диалог тузиб қўйгани билан асар туғилиб қолавермайди. Адабиётнинг қонуни – аввал ғоя, сўнг қаҳрамон ва воқеалар ривожи. Камчилигимиз шуки, биз аввал қаҳрамон ва воқеаларни танлаймиз, агар уларда мантиқ бўлса, қандайдир ғоя бўлиши мумкин. Мантиқ бўлмаса-чи? Ижодкор сифатида албатта китобхонга янги – теша тегмаган мавзуни айтишни хоҳлайман. Масалан, Қўқон хонлигининг руслар томонидан босиб олинишидан баҳс очувчи “Амири лашкар” романим (ҳали тугалланмади) ўқувчи учун қизиқ. Сабаби, ўн тўрт ёшли хон Султон Саидхон ва унинг оталиғи Алимқули лашкарбоши, Қўқон хонлиги армиясининг Оқмасжид, Узуноғоч, Чимкент ва Тошкентда генерал Черняев қўшинларига қарши жанглари, ўсмир хоннинг Бухоро амири томонидан ўлдирилиши тарихи кўпларга қизиқ. Тарихимизнинг бу саҳифалари, тарихчи ва зиёлиларни ҳисобга олмасак, кўплаб ўқувчиларга номаълум. Ёки, иккинчи жаҳон уруши даврида вермахт томонида собиқ иттифоқ армиясига қарши курашган туркистонлик асирлар ҳақида сўзловчи “Шарқий легион” романим (ҳали нашр этилмади). Шунингдек, замонавий мавзуларда, жумладан, атрофимизда бўлаётган геополитик ўйинлару ўзгаришлар, бунда биз қандай бўлишимиз керак, бу фитналарга қарши турган миллий қаҳрамонларимиз... Юқорида санаб ўтганларим ўқувчиларга янги нарсаларни айтиш иштиёқи, ҳавасида ёзилган асарлардир. Айтилган нарсани қайта-қайта айтиш ўқувчининг вақтини олиш ҳамдир.

Замонавий китобхон ҳамма нарсани билади, ақли етади. Шундай экан, унинг вақтини зое кеткизишга, ўғирлашга ёзувчининг асло ҳаққи йўқ деб ҳисоблайман.

Minbar: "Шарқий легион" асарингиз ҳақида батафсил тўхталсангиз.

Бахтиёр Абдуғафур: 2008 йилда туркистонлик асирлар қисматидан сўзловчи "Шарқий легион" асаримни ёздим. Унинг бир қисми ўша вақтда "Кўнгил кўчалари" газетасида чиққанди. Биринчи бўлиб "Даракчи" муҳаррири Рустам Жабборов қўнғироқ қилиб, "тақсир, асарни боплабсиз, Стивен Кингга ўхшаб ёзибсиз" деганди. Асарни тугатишга ҳафсала, вақт бўлмади – тирикчилик сабабидан.

Асарнинг бош қаҳрамони оиласи Украинага қулоқ қилинган, лекин шўро армиясига чақирилган Муҳаммадмусо исмли йигит. Отаси Туркистоннинг бойларидан бўлгани учун оиласи билан сургун қилинган. Урушнинг дастлабки кунлари Муҳаммадмусо қуролдош дўсти Собиржон билан асирга тушади. Уларни вагонларга жойлаб Германияга олиб кетишади. Концлагерда аҳволи оғирлигидан меҳнатга ярамайдиган Собиржонни фашистлар отиб ташлашади. Муҳаммадмусо бу ерда туркистонлик бошқа асирлар билан танишади, концлагернинг бутун даҳшатини кўради.

Орада вермахтга хизмат қилаётган туркистонлик зиёлилар концлагерга келишади, легионга даъват қилиш учун. Кўплаб туркистонликлар бу легионга қўшилади, бироқ Муҳаммадмусо олдинига буни рад этади. Кейинчалик, лагерда омон қолмаслигига кўзи етгач, легионга ёзилишга рози бўлади ва шу тариқа вермахт аскарига айланади. У немисларнинг Туркистонга озодлик беришига ишонади. Лекин алданганини кейинроқ тушунади.

Minbar: Ижодкорларга гонорар бериш масаласида ижобий ўзгаришлар борми? Очиғини айтганда, китобларингиз учун қанча гонорар оласиз?

Бахтиёр Абдуғафур: Ростини айтсам, кўп нашриётлар ва газеталар мени "ухлатиб" кетган. Масалан, "Олтинчи йўлак" асарим, эшитишимча, икки марта босилган, 5000+5000, жами 10 минг, лекин бир тийин бермаган. Китобни ҳам жуда сифатсиз ишлаган – юмшоқ муқова, газета қоғози. 2013 йилда Қўқонда 6300 дан сотилаётганини эшитгандим. Оғринганман, нашриёт ёпилди, кейин бошқа ном билан очишди. Газеталар ҳам шундай бўлган, ҳақимни бермаганлари ёпилди. Гонорар масаласига жуда эҳтиёт бўлиб қарайдиган биргина ношир – Санжар Назар. Буни эътироф этмасам бўлмайди. Ҳозир талаб бор бу китобга ҳам. Нима учун кўп газеталарнинг баракаси йўқ, сабаби улар гонорарда ғирромлик қилади.

Энг кўп сотилаётган китоблардан тушаётган фойдани ҳисобласа, аксар нашриётлар муаллифга бир дона китобдан 1000 сўмдан гонорар берса ҳам, 5000 нусха чиққан китобдан 5 млн гонорар беради, лекин шу ҳам йўқ. Ўзбек китоб бозорида ёзувчининг қадри деярли йўқ.

Minbar: Адабиётда коррупция борми, нима деб ўйлайсиз?

Бахтиёр Абдуғафур. Бундан ўн йиллар аввал "Қонли гуллар водийси: Мадаминбек" романим қўлёзмасини кўтариб кўплаб давлат нашриётларига борганман. Роман нашриёт тақризчиларига маъқул бўлган, аммо босишмади. Ўшанда "ўз ҳисобингиздан нашр қилдирсангиз осонроқ бўлади" деб ҳам маслаҳат беришган. Қўлёзма икки-уч нашриётда қолиб кетди.

Ўша вақтларда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашимиз керак, айниқса насрда ижод қиладиганларга ёрдам беришимиз керак деб ОАВда чиқишлар қилишарди-ю, ўшаларнинг қабулига борсангиз ҳеч қанақа ёрдам беришмаган. Ҳатто бир амалдор "Мадаминбек "спорний" масала, ҳикоялар бўлса олиб келинг" деган бўлса, яна бири "сиз аввал ҳикоялар машқ қилинг, кейин босамиз" дегани эсимда. Ҳеч кимдан менга амалий ёрдам бўлган эмас. Аспирантурада ўқирдим, моддий шароитим чекланган, шунинг учун ўз ҳисобимдан китоб чиқара олган эмасман.

Менга ўхшаган кўп ижодкор ёшларни биламан. Асарлари чиқмади. Орасида иқтидорлилари кўп эди. Шу йигитлар хорижга кетди, ишлагани. Ўзим ҳам уларнинг ортидан кетганман.

2010 йилда ўз ҳисобимдан "Қуёш мағрибга ботади" номли қиссамни 100 нусхада чиқартирганман. Ўзим учун, китоби чиққан деган гапни эшитиш учун.

Minbar: Ижтимоий воқеалар ҳақида асар ёзиш вақти келмадимикан, бугунни бор бўйича кўрсатадиган асарлар етишмайди адабиётимизда. Борларида қандайдир ясама бўёқлар бордек, табиийлик йўқ.

Бахтиёр Абдуғафур: Фикрингиз жуда тўғри. Шахс ва жамият, ижтимоий муаммолар қаламга олинган асарлар кам. Ёзиш вақти келди. Бунга ҳам журъат, улкан иштиёқ керак деб ўйлайман. Лекин ишончим комил, бундай асарлар ёзилади. Агар ўйлаб қарасангиз, ён-атрофимиздаги таниган-билганларимизнинг ҳаётида биргина романга етиб ортадиган материал бор. Агар улар романчилик талаблари асосида ёзилса, нафақат ўзимизда, хорижда ҳам портлаш эффектини беришига ишонаман. Бунинг учун ўша типик шароитларда типик воқеаларни – ижтимоий воқеаларни зўр тасвирлаб бера олиш керак. Биздаги кўп ижтимоий жараёнлар, ҳодисалар ўзига хос, бошқа жамиятларда учрамайди. Хорижлик ўқувчиларга бошқача, ғайритабиий туюлиши аниқ.

Minbar: Ўзбек ёзувчилари қачон жаҳонга чиқади? Ҳамид Исмоил яқинда мукофот олди, икки йил олдин чиққан асарга шу воқеадан кейин танқидий муносабат пайдо бўлди. Бунга муносабатингиз қандай?

Бахтиёр Абдуғафур: Ўзбек ёзувчилари, биринчидан, жаҳон адабиётидаги замонавий тенденцияларни билиши керак. Қандай мавзу, ўша мавзу қандай ёритилаяпти, билмаймиз. Аслиятда ўқий олмаймиз. Инглиз тилини биладиган жуда кам. Нима учун инглиз тили? Дунёнинг барча тилларида ёзилган энг сара асарлар албатта инглиз тилига таржима қилинади. Ҳеч бўлмаса, инглизчасини ўқиш керак. Хориж нашриётларида китоб чоп эттириш жуда қийин. Асар эълон қилиниши учун қандай мавзуни танлай билиш ҳам муҳим.

Ҳамид Исмоилнинг асари эътирофга сазовор бўлди. Асарни, тўғриси, ўқимадим. Танқидларни ўқимадим. Ўқимаган асарга баҳо беролмайман.

Minbar: Ўқиш шарт деб ҳисоблайдиган, ўзингиз тавсия қиладиган ўнта асарни ҳам айтиб ўтсангиз.

Бахтиёр Абдуғафур: Ўзбек ёзувчиси аввало ўзбек мумтоз асарларини, қолаверса, жаҳон классикларининг романларини ўқиши керак. 10 та китоб жуда кам. Шундай бўлса-да, қуйидаги асарларни ўқиш керак деб ҳисоблайман.

  1. Абдулла Қодирий, “Ўткан кунлар”.
  2. Ойбек, “Навоий” (ҳар икки роман ўзбек тилидаги тасвир имкониятлари, сўз бойлигини ҳис қилиш учун).
  3. Чингиз Айтматов, “Асрга татигулик кун”.
  4. Чингиз Айтматов, “Қиёмат”.
  5. Габриел Гарсия Маркес, “Ёлғизликнинг юз йили”.
  6. Лев Толстой, “Тирилиш”.
  7. Лев Толстой, “Анна Каренина”.
  8. Фёдор Достоевский, “Жиноят ва жазо”.
  9. Оскар Уалд, “Дориан Грей портрети”.
  10. Борис Пастернак, “Доктор Живаго”.