2019 йилнинг декабрида Олий Мажлис ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайлов режалаштирилган. Бу йирик сиёсий воқеага тайёргарлик қизғин кетаяпти. Январда Экологик партия тузилди. Июл бошида янги Сайлов кодекси қабул қилинди. Иккита партия етакчиси алмашди. Энг муҳими, июн ойида Президент администрациясида Ўзбекистондаги бешта сиёсий партия раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтгани ҳақида хабар тарқади. Учрашувда партияларга энди ўз дастури ва сайловолди кампаниясини, номзодларни мустақил белгилашда муайян “ҳаракат эркинлиги” берилганига ишора қилинган.

Июн ойида «Билим карвони» нодавлат илмий муассасаси кўппартиявийлик тизими ислоҳотининг концептуал таҳлилини тақдим этди ва шу билан партиялар келажаги ҳақида баҳс-мунозарани бошлаб берди.

Ушбу мақолада бу йилги сайлов ҳам олдингиларидан принципиал фарқ қилмаслиги, “доимгидек” ўтиши, лекин кейинги, 2024 йилдаги электорал циклгача партиялар ўзини жиддий ислоҳ қилмаса, миллат ва ўз келажагига рахна солиши иддао қилинмоқда.

1. Ўзбек партиявий тизимини ислоҳ қилиш зарурати

Ўзбек партиявий тизимини ислоҳ қилиш кераклигига шубҳа йўқ. Бу соҳадаги ҳар қандай йирик ўзгариш фақатгина Президент администрациясининг рухсати ва ёрдами билан амалга ошишига ҳам шубҳа йўқ. Президент девонининг амалиётчилари 1990-йилларнинг охири – 2000-йиллар бошида замонавий ўзбек партия тизимини шакллантираётганда Ғарб амалиётидан илҳомланган.

Лекин ривожланган Ғарбнинг барқарор демократияларидаги партиявий тизимни энди модернизациялашаётган жамият учун андоза, намуна сифатида олиш амалий фойда бермаслигини вақт исботламоқда.

Хориж тажрибасининг яроқлилиги

Карлс Буа партиявий тизим мамлакатдаги «партиялар сони, катталиги ва мафкуравий афзалликлар мажмуасидан» иборат деб ҳисоблайди. АҚШ, Буюк Британия, Франция ва бошқа илк демократиялар 18- ва 19-асрларда тараққий этар экан, улардаги партиялар ҳам дастурларини сайқаллаштириб, аъзоларини тарбиялаб ўзи ҳам вояга етган. Сеймур Липсет ва Стейн Рокканнинг иддаосича, давлатнинг шаклланиши ва иқтисодий структуралардаги ўзгаришларга – саноат инқилоби ва унга ҳамроҳ бўлган урбанизацияга олиб келган модернизациялашиш жараёни фуқаролар ўртасидаги давомий ихтилофларни (cleavages) келтириб чиқарган. Яъни, модернизациялашиш жараёнидаги воқеалар кетма-кетлигини ҳисобга олсак, ҳозирги аксар Ғарб мамлакатларида иқтисодий ихтилофлар муҳим ўрин тутиши бежиз эмас. Шу билан бирга, аҳолисининг кўпчилиги католик бўлган мамлакатлардагина дин ва дунёвийлик ихтилофи муайян аҳамиятга эга бўлган. Реформация католик черковини сиёсий ва иқтисодий ҳаётдан бирмунча четлаштирган давлатларда диний ихтилофлар ҳамон мавжуд бўлса ҳам унчалик муҳим рол ўйнамайди.

Image result for uk elections
Иллюстратив сурат.

Иқтисодий кўринишдаги ихтилоф бора-бора давлатнинг капитал ва уни тақсимлашдаги ўрни борасидаги муносабатига қараб ён босган партиялар шаклида институциялашди ёки Липсет ва Рокканнинг таъбири билан айтганда «музлатилди».

1990-йилларда Президент девонидаги стратеглар Ғарбда асрлар давомида тадрижий йўл билан шаклланган мана шу партиявий конфигурацияни Ўзбекистонга жорий этди. Натижада бизда ҳозир:

  • ўзини камбағаллар ҳимоячиси деб биладиган ХДП («сўллар»);
  • ўзини шаклланаётган бойлар қатламининг ҳимоячиси деб биладиган Ўзлидеп («ўнглар») партиялари фаолият юритади.

Бешта партиядан фақатгина шу иккисида капитал ва уни тақсимлашда давлатнинг ўрни борасидаги яхлит қарашлар мавжуд. Қолган учта партия даврининг сиёсий вазифаларини бажариш учунгина тузилган:

  • деярли ҳеч қандай иқтисодий платформага эга бўлмаган «Миллий тикланиш» ва «Фидокорлар» партиялари 1990-йилларда енгил мухолиф руҳдаги миллатчи зиёлиларга тасалли ва «Эрк» партиясига муқобил сифатида тузилган. Партиялар ўз вазифасини бажаргач 2008 йилда бирлашган ва ҳозир «Миллий тикланиш» сифатида фаолият юритади;
  • 1995 йилда тузилган ва ўзини «бюджетдан ойлик оладиганлар партияси» деб биладиган «Адолат»дан мақсад ўша пайт аъзоси миллиондан ошган Халқ демократик партиясига спойлер сифатида хизмат қилиш эди;
  • фақатгина экология масаласига ўзини бағишлаган бутун бошли Экологик партияни тузиш қанчалик мақсадга мувофиқлиги ҳамон савол остида.

Партиявий тизим ҳар бир давлатда ўзига хос аломатларга эга бўлади. Булар энг аввало мамлакатнинг тарихи, сиёсий бошқарув тизими, иқтисодий аҳволи, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва фаоллиги билан чамбарчас боғлиқдир. Мустақилликдан кейин партиявий тизим энди шакллантирила бошлаётганда юқоридагиларнинг ҳеч қайсиси инобатга олинмади, Ғарб андозасидаги партиявий тизим кўр-кўрона татбиқ этилди. Бундай кўчирмакашликка қисман ўша даврда ҳукмрон бўлган «демократик транзит» ва Ғарб либерализмининг узил-кесил ғалабаси натижасида «тарихнинг тугаши» ҳақидаги ғоялар ҳам сабаб бўлган.

Лекин Ғарбий Европанинг ижтимоий-сиёсий ўзига хослиги ва тажрибасини Европа институтларини маҳаллий шароитга татбиқ этиш билан қайтариб бўлмас экан. Аксар ривожланаётган мамлакатларда сиёсий инфраструктура, ташкилий уюшганлик ва умумий сиёсий мероснинг мавжуд эмаслиги Ғарб андозасидаги сиёсий институтларнинг ёт заминда илдиз отишига тўсқинлик қилмоқда. Дунёнинг саноқли мамлакатларидагина (Япония, Жанубий Корея, Сингапур каби) Ғарб тажрибаси кўр-кўрона, «бўлиши керак» бўлгани учун эмас, жамият олдида турган вазифаларни ҳал қилишда ҳамоҳанг бўлгани учун муваффақиятли татбиқ этилган.

Ўзбекистонда партиявий тизим ислоҳ қилиниши керак. Лекин бу ислоҳотлар муваффақияти учун бадавлат, барқарор ва асрлардан буён мустақил ривожланаётган Ғарбнинг уникал тажрибаси эмас, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий-маданий аҳволи Ўзбекистонга яқин бўлган, Ўзбекистон каби собиқ мустамлакаларнинг, ҳусусан Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақаси тажрибаси кўпроқ қўл келади.

1) Ўзбекистон дунёдаги энг камбағал мамлакатлардан бири. Ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) аҳоли жон бошига тўғри келадиган қиймати бўйича ҳисоблаганда Ўзбекистон дунёдаги мамлакатларнинг 80 фоизидан кўра камбағалроқ. Африка қитъасининг деярли ярми, хусусан уруш ёки ҳарбий низолар содир бўлаётган барча мамлакатларнинг ўртача ЯИМи Ўзбекистон ЯИМидан каттароқ.

2) Ўзбекистон мустақилликка миллий-озодлик кураши орқали эмас, тақдир тақозоси билан (СССР бехосдан қулаши натижасида) эришган, Россия ва Хитой каби буюк давлатлар ўртасида қолиб кетган собиқ мустамлакадир.

3) Барча ривожланаётган давлатлардаги, хусусан Ўзбекистондаги сиёсий жараёнлар институтлашиш ва легитимацияга эришишга ҳаракатдан (efforts to attain institutionalisation and legitimacy) бошқа нарсага эмас деб ҳисоблайди Mehran Kamrava.

  • Институтлашиш деб махсус ташкил этилган сиёсий структуралар ва органлар орқали жамият устидан давлатнинг самарали назоратини ўрнатишга айтилади. Энг оддий кўринишда буни давлат қурилиши (state-building) жараёни деса ҳам бўлади. Муайян тизимнинг институтлашишдаги муваффақияти у демократик қоида ва амалиётларга мувофиқлиги билан эмас, жамиятга кириб бориши ва ўз иродасини (ихтиёрий ёки мажбурий) ўтказа олиш даражаси билан ўлчанади. Ривожланаётган давлатларга хос бўлган мўрт сиёсий тизимлар, сиёсий ва жамият акторлари ўртасидаги заиф ришталар мана шу институтлашиш жараёни чала ва қийшиқ бўлганидан. Сиёсий институтлашиш ғоя ва институтларнинг импортини эмас, вақт ва тадрижий социал инжинерияни тақозо этади.
  • Легитимация. Сиёсий барқарорлик учун институтлашишнинг ўзи етарли эмас. Аксарият ривожланаётган давлатларда катта бюрократик аппарат ва кучли махсус хизматлар мавжуд, лекин аҳоли орасида бу ҳукуматларнинг «обрўси» паст. Ишлайдиган сиёсий система нафақат институтлар орқали ўз қарорларини жамиятга ўтказа олиши керак, балки бу қарорлар аҳоли томонидан «ҳақли, адолатли» деб қаралишига эришиши керак.

4) Samuel Huntington (1968) фикрича, фақатгина анъанавий ва ривожланган давлатларгина барқарор бўлади; энди модернизациялашаётган қолган барча давлатлар беқарорликка мойил бўлади, чунки ривожланаётган мамлакатлардаги жадал иқтисодий, сиёсий ва маданий ўзгаришлар жамиятдаги статус-квони издан чиқариши мумкин.

1950 йилдан ҳозиргача модернизациялашаётган давлатларнинг сиёсий эволюциясига ихтилофлар, ғалаёнлар, автократларнинг кўп йиллик ҳукмронлиги, мамлакатни харобага айлантирган иқтисодий ва ижтимоий қарорлар, порахўрлик, ҳуқуқ ва эркинликларнинг чекланиши, исрофгарчиликка олиб келган сифатсиз бюрократик аппарат, обрўсиз судлар, қўғирчоқ партиялар хос эди. Huntington фикрича, бундай таназзулнинг сабаби жамиятдаги сиёсий институтларнинг тараққиёти иқтисодий ва ижтимоий тараққиётдан орқада қолиб кетишидадир.

Ўзбек сиёсий партиялари олдида турган вазифалар мана шу юқорида санаб ўтилган омиллардан келиб чиқади. Лекин ҳозирги ўзбек партиялари бу вазифаларнинг уддасидан чиқишга қодир эмас.

2. Ўзбек партиявий тизимининг ҳозирги аҳволи

Ўзбекистонда қизиқ ва қалтис вазият шаклланган. «Тепадагилар» янгича яшаш тарзини таклиф қилолмаяпти, «пастдагилар» эскича яшашни хоҳламаяпти. Ўзбек партиялари ҳам шу муаммонинг бир қисмига айланган, партиявий тизим чуқур таназзулда. Вакиллик институти реал ваколатларга эга эмас, барча муҳим қарорларни ижроия ҳокимият қабул қилади. Ҳокимиятлар бўлиниши тамойили ҳам ишламайди.

Партиялар ўзининг асосий – вакиллик вазифасини бажармаяпти. Жамиятнинг иқтисодий ва ижтимой структураси ўзгарган, лекин партиялар бу ўзгаришлар кетидан етолмагани учун жамиятнинг талабларига жавоб беролмаяпти. Сиёсий партиялар электоратнинг эҳтиёжларига таянмайди, унинг манфаатини акс этмайди.

Image result for кетмонов
Иллюстратив сурат.

Партиялар ахборот маконида деярли фаолият юритмаслиги ҳам вакиллик инқирозини чуқурлаштирмоқда. Партияларнинг мафкуравий қарашлари палапартиш ва мавҳум бўлиб, дастурий ҳужжатларида аниқ ориентирлар кўрсатилмаган.

Ўзбекистонда мухолиф партия йўқ, давлат рўйхатидан ўтган ва парламентга кирган бешала партияга ҳам аҳоли ҳукуматнинг бир қисми сифатида қарайди.

Малакали кадр ва молиялаштириш манбалари танқислиги ҳам партияларнинг мустақил сиёсат олиб бориш имкониятини чеклайди.

Фуқароларнинг сайлов ва партиявий сиёсатга қизиқиши пасайган. Партияларнинг ноқобиллиги шароитида аҳоли бутун умидини барча қарорларнинг реал муаллифи ва ташаббускори бўлмиш ижроия ҳокимиятдан кўради.

Буларнинг барчаси охирги 28 йилда олиб борилаётган ижроия ҳокимиятни кучайтиришга, сиёсий тизимда ягона марказни яратишга қаратилган хатти-ҳаракатларнинг мантиқий натижасидир.

Тизимда сиёсатнинг ягона маркази бўлгани бир томондан тизимни бошқаришни осонлаштиради, лекин иккинчи томондан самарадорликни камайтиради. Сиёсий рақобатнинг йўқлиги кадр ва ғоялар танқислигига олиб келмоқда. Ҳозирги шаклдаги ўзбек партиявий тизими тараққиёт ва модернизациялашиш учун керак бўлган ички имкониятларга эга эмас, бу ўз навбатда давлат ва жамиятнинг замон таҳдидларига муносиб жавоб бериш қобилиятини савол остига қўймоқда.

Иллюстратив сурат.

1990-йилларнинг охири – 2000-йилларнинг бошида шаклланган амалдаги партиявий тизимга Президент девони томонидан қўйилган асосий талаб барқарорликни таъминлаш бўлган. Ушбу мақсад амалга ошди, барқарорлик таъминланди. Лекин бу тизим тараққиётни таъминлай олмайди, ҳозир вужудга келаётган таҳдидларга муносиб жавоб беролмайди.

Моденизациялашиш, эркин бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида ҳукуматнинг баъзи қарорлари жамиятда назорат қилиб бўлмайдиган беқарорликларга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, жорий йилда Ўзбекистонда энергия ресурсларига нархларни жиддий ошириш режалаштирилган. Шавкат Мирзиёев яқинда Сенатнинг ялпи мажлисида электр энергияси нархларини ошириш ва уларни бозор даражасига етказиш энергетика соҳасига сармояларни жалб қилишнинг ягона чораси эканини айтган.

Худди шундай чора Арманистонда 2018 йил июнида «бахмал инқилоби»ни бошлаб берган эди. Яъни, қайси қарор эртага қандай оқибатларга олиб келишини ҳеч ким билмайди. Рақобатга кўникмаган ҳозирги сиёсий партиялар мана шундай нотинч даврларда ўзининг асосий функцияларини, «ижтимоий амортизатор» ролини эплай олмаслиги мумкин.

Шунингдек, аҳолининг каттагина қисми партиялар растасида акс этилмаган. Яъни, партиявий-сиёсий тизим ўзбек жамиятининг ижтимоий структурасига мос эмас. Шу «четлатилган» гуруҳлар (масалан, мусулмонлар) бир вақтнинг ўзида сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишни талаб қилгудек бўлса ва партиявий тизим уларни ўз вақтида ҳазм қилолмаса, бу янги (ва эҳтимол беқарорликни келтириб чиқарувчи) сиёсий кучларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Ушбу кучлар ҳукумат билан «келишишга мойил» бўлмаслиги ҳам мумкин.

3. Ўзбек сиёсий партияларининг ислоҳига доир баъзи мулоҳазалар

Партиялар 2019 йил декабридаги сайловга энди-энди ҳаракат бошлаганини ҳисобга олсак, бу электорал циклда янгилик кутмаса ҳам бўлади, маънили ислоҳатлар учун вақт қолмади (ва сиёсий ирода сезилмаяпти). Лекин 2024 йилдаги парламент сайловигача давлатчилик барқарорлигини таъминлайдиган, ижтимоий ихтилофларни маданий йўл билан ҳал қилишга имкон берадиган қобил партиявий тизим ташкил топиши шарт. Унгача партиялар ўзининг асосий вазифаси – вакилликни бажара оладиган даражага етиши керак.

Кейинги беш йилда Президент администрациясидаги мансабдорлар ва сиёсий партиялар қуйидаги тренд ва таҳдидлар ҳақида ўйлаб кўришса мақсадга мувофиқ бўлар эди:

  • Бутун дунёда пастки даражадаги (grasroot level) жамоат ҳаракатларининг институциялашиш тренди кетмоқда. Бир қатор мамлакатларда фуқаролар уюшмаси сифатида бошланган ҳаракатлардан ҳосил бўлган партиялар ҳукуматга келди. Бу тренд айниқса Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасида яққол кўзга ташланмоқда.
  • Хитой ва Россиянинг Марказий Осиёга нисбатан неоколониал лойиҳалари (баъзи таҳлилчилар «Бир макон, бир йўл» ҳам Хитойнинг империалистик амбицияларининг бир қисми деб ҳисоблайди) мавжудлигини ҳисобга олсак, миллий қонунчиликдаги миллий руҳдаги партиялар тузишга тақиқни қайта кўриб чиқиш керак.
  • Диндор қатлам каби янги ижтимоий гуруҳлар пайдо бўлаётганини, улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини тобора фаол талаб қилаётганини ҳисобга олсак, жамиятда дин ва секуляризм муносабатини жиддий муҳокама қилиш керак. Балки диний руҳдаги партиялар тузишга тақиқни ҳам қайта кўриб чиқиш керакдир. Дин саҳнага қайтмоқда, диндорлашиш жараёни (радикаллашиш билан адаштирмаслик керак) айниқса Ўзбекистон бир қисми бўлмиш ислом оламида шиддат билан кетмоқда.
  • Ҳеч қайси партия «орзу қилинган келажак» ҳақидаги тасаввурга эга эмас. Партиялар Ўзбекистон 30 йил, 50 йилдан кейин қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида тасаввурларни ишлаб чиқиши керак.
  • Давлат ва маҳаллий ҳокимият тизимида вакиллик лавозимларига реал ваколат берувчи ислоҳотлар зарур.
  • Президент администрацияси томонидан партиялар устидан кураторликни аста-секин олиб ташлаш ҳам ўзбек партиявий тизимини жонлантиришга ҳисса қўшади.
  • Партиялар институционал хотиранинг энг мақбул ташувчисидир. Ҳукмрон элита ўзгарганда, сиёсий устуворликлар ҳам 180 даражага ўзгариб кетиши ҳар доим ҳам яхшиликка олиб келмайди. Социал инжинерия, state ва nation-building жараёнлари муайян барқарорлик ва давомийликни, вақтни талаб этади. Бутун миллатнинг тақдирини ҳукмрон шахсларга эмас, партияларга боғлаш мана шу изчилликни таъминлаши мумкин.

Қобил, ўз дастурларини реал воқеликка мос ишлаб чиққан ва бир-бири билан баҳсга кириша оладиган сиёсий партиялар аслида ўзбек жамияти учун ёт амалиёт эмас. 20-асрнинг бошида ва охирида жамият учун муҳим бўлган “ё ҳаёт, ё мамот” масалаларини қизғин муҳокама қилган “Шўрои ислом”, “Шўрои уламо” ва қолган бошқа партияларни эслашнинг ўзи кифоя.

Мақола аввал UzAnalytics таҳлилий порталида чиққан ва таҳририятнинг рухсати билан қайта чоп этилмоқа.