Апрель ойида Олмаота – Тошкент трассасида ўтган йил билан ҳисоблаганда иккинчи бор автобус ағдарилиб кетиб, 11 киши ўлиб, 32 киши жароҳатланган. Автобусда асосан ўзбек меҳнат муҳожирлари Россияга ишлашга кетаётган эди. Бу одамлар энг аввало ҳаво транспорти чиптасининг нархи ўта қимматлиги ва танқислиги учун автобусни танлаган.

Ўзбекистонда авиачипталарнинг қимматлиги "Ўзбекистон ҳаво йўллари" (ЎҲЙ) монополияси билан боғлиқдир. Ҳар қандай монополия биринчи навбатда халқнинг фаровонлигига путур етказади ва шундоқ ҳам паст кўрсаткичларга эга иқтисодиётимизга зарба беради.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" мустақилликдан сўнг, 1992 йил май ойида собиқ Совет иттифоқининг "Аэрофлот" авиакомпаниясидан мустақил равишда парвозларни йўлга қўйганидан кейин ҳозирги кунгача кўп нарса ўзгармади. Пичоққа илинадиган ўзгариш фақатгина ЎҲЙ технопаркининг янгиланиши, СССРнинг самолётлари ўрнига замонавий Airbus ва Boing самолётлари парвозга қўйилгани бўлаётган эди.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК эски совет моделидан воз кечмаган ҳолда ҳаво транспорти муносабатларини сақлаб қолганди: бир ташкилот ҳаво ва унга боғлиқ барча хизматларни бошқаради. Давлат эса МАКни миллий иқтисодиётнинг ажралмас қисми сифатида ҳимоя қилиб келди", – дейилади Жаҳон банкининг ҳисоботида.

Лекин сўнгги икки йилда ҳукумат бу соҳани ислоҳ қилишга киришди. Президент Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни "Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолаганди.

  • Ушбу ҳужжат билан "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси қайта ташкил этилиб, унинг негизида Uzbekistan Airways ва аэропортлар устидан бошқарув ўрнатувчи Uzbekistan Airports компаниялари (МЧЖ) тузилди.

2018 йилнинг январида Ўзбекистон ҳукумати мамлакатга кам бюджетли авиакомпанияларни (Low-coster carriers, LCC) жалб этишга қарор қилди.

  • Бирлашган араб амирликларининг "Fly Dubai" авиакомпанияси Тошкент – Дубай йўналиши бўйича парвозларни амалга ошира бошлади.
  • ЎҲЙ МАК раисининг биринчи ўринбосари Умид Ҳусанов 2018 йил охиригача миллий кам бюджетли авиакомпания ташкил этилишини айтган эди.

Лекин ҳозиргача лоукостер ташкил топгани у ёқда турсин, ташкил топиши учун қандай ишлар қилинаётгани ҳақида ҳам хабар йўқ.

Энг асосийси, ЎҲЙнинг мутлақ монополияси ҳамон давом этмоқда.

Ўзбек миллий авиакомпаниясининг хизмат даражасини билиш қийин эмас. ЎҲЙдан фойдаланган кўпчилик чет эллик пассажирларнинг “Skytrax” баҳолаш хизматида қолдирган муносабати жудаям салбий ва ЎҲЙнинг ҳозирги ҳолатини яққол намоён этади.

Авиация соҳасини либераллаштириш, ички осмонни ташқи рақобатга очиш, ЎҲЙ монополиясидан воз кечиш кўп ижобий натижаларни беради. Хусусан:

  • Осмонни очиш ЎҲЙ учун ҳақиқий имтиҳон бўлади. Агар миллий авиакомпанияни мутахассислар бошқараётган бўлса, компания ташқи рақобат оқибатида янада ривожланади, рақобатбардош бўлади. Агар ўзбек авиакомпанияси ҳали ҳам Совет иттифоқи менежмент тизими ёки монополиясига мослашган “мутахассислар” қўлида бўлса, ташқи рақобат яхшигина сабоқ бўлади, яъни қачонлардир фахрланишга арзиган миллий авиакомпаниямизнинг жуда тез ва шафқатсиз ўзгариб бораётган 21-аср бозор муҳитида ҳақиқий ўрни қаердалигини яхшилаб билиб оламиз.
  • Авиация соҳасини либераллаштириш ўзбек истеъмолчилари учун танлаш имконияти ва рақобатбардош нархларни тақдим қилади. Ҳозирги кунда авиакомпания танлашда ўзбекистонлик истеъмолчининг имконияти чекланган. Афсуски, бу ҳаммага аён ва оддий ҳол деб қабул қилинади. Кўп ҳолларда истеъмолчилар ЎҲЙда учишга мажбур. Ўзбек авиакомпаниясининг қиммат билетига пули етмаганлар Россия ёки Қозоғистонгача автобусда ўз ҳаётини хатарга қўйиб кетмоқда.
  • Монополияга чек қўйилиши хизмат сифатининг яхшиланиши ва инновация учун замин яратади. Соғлом рақобат нафақат профессионал мутахассислар жалб қилинган компаниянинг ўсишига, балки мижозлар учун юқори сифатли хизмат ва мижозларни жалб қилиш учун инновациялар яратилишига сабаб бўлади. Бир сўз билан айтганда, авиакомпаниялар мижозлар учун ҳамёнбоп нархларда юқори сифатли хизмат кўрсатишни бошлайди.
  • Ўзбекистон туризм соҳасининг кескин ривожланиши ва қўшимча иш ўринлари яратилишига замин яратади.

Айримлар авиация либераллаштирилиши миллий авиакомпания учун зарба бўлиши ва кўпчиликнинг ишсиз қолишини тахмин қилиши мумкин. Лекин авиация монополиясини тугатиш орқали биз йўқотадиган нарсамиздан фойда кўрадиган ва ўрганадиган нарсамиз кўп бўлади.

Ўзбекистон авиация соҳасининг нақадар аянчли аҳволга келиб қолгани СССР қулагандан кейин деярли бир хил аҳволда бўлган мамлакатлар билан солиштирилганда яққол кўзга ташланади.

  • Ўзбеклар "норасмий” рақобат қилиб келаётган 17 млн.лик Қозоғистонда 21 авиакомпания йилига 5,6 миллион йўловчини ташийди. Бу Ўзбекистонга қараганда деярли 50 фоиз кўп.
  • Ўзбекистон авиацияси ва иқтисодиётига солиштириш учун энг яқин ва ўхшаш ҳолатда бўлган давлат Озарбайжондир. Озарбайжонда 2 та миллий ва 30 дан ошиқ чет эл авиакомпанияси йилига 4 млн йўловчини ташийди. Аҳоли сони 9,7 миллион. Озарбайжон авиабозорининг либераллашгач, янги Ҳайдар Алиев халқаро аэропорти очилганидан сўнг бир йил ичида ҳаво орқали ташилган йўловчилар сони 23 фоиз ошди. Бунга янги таъсис этилган "Baku Airlines" ҳам бир йил ичида 253 000 йўловчини ташиб, етарлича улуш қўшди (умумий йўловчиларнинг 12 фоизи).
  • Осиёнинг тўртинчи энг катта иқтисодиётига эга Жанубий Кореянинг авиация соҳаси либераллашуви ҳам салмоқли иқтисодий самара берган. 12 та миллий ва хусусий, 56 та чет эл авиакомпанияси йилига 30 миллион йўловчини ташийди. Кореяда аҳоли сони: 51,4 миллион. Бу аҳолининг деярли 60 фоизи ҳар йили камида бир марта парвоз қилиш имконига эгалигини кўрсатади. 2018 йилда Кореяга 8 миллионта чет эллик турист борди. 2018 йилда Корея туризм соҳасининг йиллик пул айланмаси 25 миллиард долларга етди. Бу соҳада ишлайдиган ходимлар сони эса 260 000 киши. Албатта бундай кўрсаткичларга Корея авиациясининг либераллаштирилиши, 30 йил олдин монополиядан воз кечиш, бошқа давлатлар билан актив стратегик ҳамкорлик ўрнатиш орқали эришилган.

Мақола ёзилаётган пайтда 14 та авиакомпания Ўзбекистон бозорига кириш бўйича музокара олиб бораётгани, улар орасида нафақат Грециянинг Orange2Fly ва Туркиянинг Pegasus Airlines каби лоукостерлар, балки KLM, Emirates Airlines, Lufthansa, Air France каби йирик ширкатлар ҳам борлиги ҳақида маълумот чиқди. Бу фақатгина олқишланадиган факт.

Ўзбекистон денгизга чиқиш учун икки мамлакат чегарасидан ўтиш лозим бўлган дунёдаги икки мамлакатдан бири ҳисобланади. Сайёҳ ва бизнес мақсадида мамлакатга келадиган хорижликлар ер транспортидан фойдаланмайди, шунингдек, тез айнийдиган ва қимматбаҳо юклар, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кўплаб товарларни ташиш ҳам ишончли ва рақобатбардош ҳаво транспорти ҳамда логистика тузилмасини талаб этади.

Мен, мақола муаллифларидан бири, Зоҳид Мамажонов, Жанубий Кореянинг энг катта лоукостери “Jeju Air”нинг маркетинг бўлимида фаолиятим давомида Корея бозоридаги кучли рақобат йўловчиларга ҳамёнбоп нархларда юқори сифатли хизмат кўрсатиш ва иқтисодиётнинг ўсишига олиб келишига амин бўлдим.

Ўзбекистонда ҳам шундай бўлиши аниқ. Агар "Ўзбекистон ҳаво йўллари" монополиясидан воз кечиб, ўзбек мусаффо осмонини бошқаларга ҳам очиб берсак, албатта.

Зоҳид Мамажонов,
"Jeju Air" маркетинг бўлими ходими

Шаҳзод Турғунбоев,
халқаро иқтисодчи ва ҳуқуқшунос

Корея Республикаси Сеул шаҳри