Собиқ СССРнинг энг ёпиқ мамлакатларидан бири дунёга эшикларини ланг очиб қўйди, лекин сайёҳлар унга ёпирилиб келаётгани йўқ.

Ўзбекистон туризм қўмитасининг маълумот беришича, мамлакатга ҳар йили 5,3 миллион сайёҳ келади. Охирги икки йилда ҳукумат туризмни ривожлантириш учун онлайн рўйхатдан ўтишни, автомобилларни прокатга беришни, туристик полицияни, электрон визани жорий этди. Якка саёҳат қилиш учун хавфсиз мамлакатлар рейтингида Ўзбекистон ҳар йили юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.

Шу билан бирга Туризм қўмитаси жаҳон туризм бозорида Ўзбекистонни танитиш, имижини яхшилашга уринаяпти: футбол бўйича Англия премьер-лигаси матчларида Ўзбекистоннинг бепул рекламаси кўрсатилмоқда, «National Geographic», «The Guardian», «The Telegraph»нинг сайёҳлик бўйича экспертлари Самарқанд ва Бухорога қўярда-қўймай олиб келинмоқда.

Идорадагиларнинг айтишича, сайёҳлик йўналишида Ўзбекистоннинг жозибадорлиги ошишида 2018 йили 55 давлат гражданлари учун визанинг бекор қилиниши муҳим рол ўйнаган. Шунингдек электрон виза олиш тартиби ҳам соддалаштирилган. Энди уни икки иш куни ичида олиш мумкин, ҳолбуки бир йил олдин ҳам бунинг учун бир неча ой кутишга тўғри келар эди.

Сайёҳлик инфратузилмасини яратувчи, шу жумладан меҳмонхона ва ҳожатхона қурувчи инвесторларга имтиёзлар ваъда қилинаяпти. Шаҳарларда жамоат жойларида интернетга бепул кириладиган Wi-Fi нуқталари пайдо бўла бошлади. Ниҳоят, қўриқланадиган махсус объектлардан ташқари жамоат жойларида фото ва видеотасвирга олишга қўйилган кўп йиллик тақиқ бекор қилинди.

Бироқ сайёҳларнинг ёпирилиб келиши кузатилаётгани йўқ.

«Яхши режалаштирилмаган алдов»

Тошкент телеминораси. Фото: Ligarba Turizm

Ўзбекистонга 2019 йилнинг баҳорида келган қирғизистонлик Томирис Орозоева саёҳатдан тўлиқ баҳра олиш ўрнига рўйхатдан ўтиш масаласини ўрганишига тўғри келганидан ёзғиради. Унинг айтишича, онлайн рўйхатдан ўтиш бир тарафдан сайёҳнинг мушкулини осон қилади, бошқа тарафдан бир талай муаммоларни келтириб чиқаради:

Туризм қўмитаси сайтидаги келганлик ҳақида варақани тўлдириш йўриқномасининг очилиши қийин. Анкетани тўлдириш намунаси бошқа ҳеч қаерда йўқ.

Иккинчидан, беш долларлик божни «Visa» ёки «Master Card» банк карталари орқали тўлай олмайсиз, фақат «Uzcard» билан тўлаш мумкин, у эса хорижий сайёҳларда қаёқдан ҳам бўлсин?

Чегарада паспорт назоратидан ўтишда эса баъзи офицерлар онлайн рўйхатдан ўтмагансиз дейишади, фақат электрон тизимдаги маълумотни текширишни қатъий талаб қилганингиздан кейингина чегарадан ўтказишади.

Ўнлаб сайёҳлар шунга ўхшаш муаммоларга дуч келишган.

Томириснинг дугонаси Нуржан Бекбова кўплаб хорижликлар ортиб қолган сўмларини қайтадан чет эл валютасига конвертация қилолмай «тузоққа тушганини» айтиб берди.

Ўзбекистонда 2017 йили валюталарнинг эркин конвертацияси очилган, бироқ фақат доллар ёки еврони сотишдагина қоғоз пулларни алмаштириш мумкин. Хорижий валютани «Visa» карталарига сотиб олиш таклиф қилинади, «Master Card» картасидаги пулларни эса Тошкентнинг икки-уч жойидагина нақдлаштириш имкони бор. Қолаверса, халқаро тўлов карталарини ишлатса бўладиган жойлар ҳам жуда кам.

«Ортиб қолган сўмингизни долларга алмаштириш имкони йўқ. Бу сайёҳларни алдашнинг яхши режалаштирилмаган усулидай туюлади, кўнгли қолиб кетади кишининг», – деб нолийди Нуржан.

Умуман олганда, қизлар Ўзбекистоннинг кўҳна шаҳарларининг тарихий қиёфасидан, миллий таомларнинг унутилмас мазаси ва арзонлигидан, мамлакатнинг исталган жойига бехавотир саёҳат қилиш мумкинлигидан ҳайратланишган. Лекин жамоат ҳожатхоналарининг йўқлиги, мобил интернетнинг секин ишлаши ва қимматлиги, бир хил товар ёки хизмат нархининг маҳаллий аҳоли учун арзон, хорижликлар учун қимматлиги, темирйўл чипталарини сотиб олиш учун онлайн-сервис мавжуд эмаслиги уларнинг кўнглини хира қилган.

Бухоро

Кўплаб сайёҳлик форумларида эса автомобилда саёҳат қилувчилар Марказий Осиёнинг ички чегараларидан ўтиш азоблигини айтишади. Масалан, москвалик сайёҳлар Денис ва Татяна Алёшинлар 2019 йилнинг апрелида Қозоғистон орқали Ўзбекистонга боришган. Қорақалпоғистондаги божхона постида 12 соатдан кўп қолиб кетишган. Бунинг устига Денис ҳайдовчи сифатида автомобилда бўлган, Татяна эса чегарани пиёда сифатида кесиб ўтиши керак бўлгани учун кўчада кутишига тўғри келган.

Статистика алдайди

Статистика қўмитасининг маълумот беришича, 2018 йили Ўзбекистонга четдан 6,4 миллионта сайёҳ келган. Катта сон, аммо қўмита бир киши бир неча марта ҳисобга олиниши мумкинлиги ва бунга алоҳида ҳолат сифатида қаралишини ҳам эслатган.

Туризм соҳаси эксперти Мурат Сарсеновнинг айтишича, туризм қўмитаси сайёҳлар сонини ошириб кўрсатиш учун шундай йўл тутмоқда. Қўмита Ўзбекистонга келувчи ҳар бир хорижликни сайёҳ деб билади. Келувчилар сонининг кескин ошишига эса Тожикистон билан виза режимининг бекор қилиниши ва Қирғизистон билан чегаранинг очилиши сабаб бўлган. Чегарага туташ ҳудудлардан майда савдогарлар ва оддий одамларнинг Ўзбекистонга келиб-кетиши кўпайган.

2018 йили Ўзбекистонга Тожикистоннинг 1,7 млн, Қирғизистоннинг 1,1 млн, Қозоғистоннинг 2,4 млн граждани келиб-кетган.

Бултур Туризм қўмитасининг ўша пайтдаги раҳбари Азиз Абдуҳакимов хорижий меҳмонлар орасида 10 фоиздан камроғи ҳақиқий сайёҳлар эканини тан олган эди. Экспертларнинг маълумот беришича, Ўзбекистонга келувчи сайёҳларнинг ҳақиқий сони 0,5 – 1 млн атрофида.

«Статистика қўмитаси ва Туризм қўмитасининг маълумотлари ҳақиқатдан йироқ. Жаҳон туризм ташкилоти Ўзбекистон туризм қўмитасидан олган маълумотларни эълон қилади… Бу маълумотларга ишониб бўлмайди», – дейди Сарсенов.

Туроператорлар ва ИИВ орасида

Ўтган йилнинг ноябр ойида давлат раҳбарининг 2025 йилгача туризмни ривожлантириш ҳақидаги қарори муҳокамасида экспертлар воқеий, соғинчли, экологик, тиббий, маданий-маърифий туризм, спорт туризмини ривожлантириш кераклигини айтишди. Хусусан, совет архитектураси ёдгорликларини сақлаб қолиш, мусиқий фестиваллар ўтказиш, тоғ туризмини ривожлантириш, дронлардан фойдаланиш борасидаги тақиқни бекор қилиш таклиф этилди.

Туризм қўмитаси барча таклифлар кўриб чиқилишини ваъда қилган эди, лекин орадан ярим йил ўтган бўлса-да ҳамон натижа йўқ.

Хива. Фото: Dolores Travel

Мустақил сиёсатшунос Фарҳод Мирзабоевнинг фикрича, Туризм қўмитаси ҳозир ўт билан сув орасида қолган. Бир тарафдан уни туроператорлар ва экспертлар танқид қилишмоқда, бошқа тарафдан кучишлатар тузилмалар идора раҳбариятининг оёғида тушов бўлиб турибди.

Мисол учун айнан улар дронлардан фойдаланиш тақиқланишини, сайёҳларнинг рўйхатга олинишини, ташкилий сайёҳлик гуруҳларини ёқлашмоқда. Ёппасига назорат қилишга ўрганган кучишлатар тузилмалар визаларнинг бекор қилиниши каби баъзи масалаларда ён берган бўлса-да ўз манфаатларини ҳимоя қилиб мақсадга эришишда давом этмоқда.

Дронлардан ноқонуний фойдаланганлик учун Ўзбекистонда ўн йилга қамалиб кетиш ҳеч гап эмас. Виза талаб қилинмайдиган транзит сайёҳлар эса мамлакат махсус хизматларига ўз шахсий маълумотларини тақдим этишга мажбур.

«Бизда Туризм қўмитаси бу йўналишдаги давлат сиёсатини белгиловчи ягона ташкилот эмас. Мамлакатга келгандан сўнг рўйхатдан ўтиш масаласи келажакда ҳал этилиши тайин, лекин бирданига эмас. Давлат хавфсизлиги органлари унинг бекор қилинишига қаршилик кўрсатишлари турган гап», – дейди Мирзабоев.

Сайёҳ портрети

Туризм бўйича эксперт Мурод Сарсеновнинг айтишича, туризмнинг гуллаб-яшнашига виза сингари бюрократик тўсиқларгина эмас, сайёҳлар учун яратилган шароитларнинг яхши эмаслиги ҳам тўсиқ бўлаяпти.

«Туризм қўмитасида туризм бозоридаги вазиятга 19-аср нуқтаи назаридан қаровчи динозаврлар ўтирибди, яъни бой сайёҳларга аҳамият қаратилмоқда», – дейди у.

Ростан ҳам Марказий Осиёда ва Ўзбекстонда сайёҳга бир қоп пулга қарагандай қарашади. Буни туроператорларнинг ўзи ҳам, ижтимоий тармоқларда таассуротларини эълон қилувчи сайёҳлар ҳам тан олади.

Ўзбекистонга асосан европалик ва осиёлик бой қариялар келади, уларга қиммат меҳмонхоналар ва вақтичоғлик қилиш учун шароит керак деб ҳисобланади.

Шу билан бирга Ўзбекистонга ёш сайёҳлар келиши ҳам кўпаймоқда, улар бу диёр ҳақида «муносиб баҳосини олмаган йўналишлар» рейтинглари ва сайёҳ блогерлардан маълумот олишмоқда. Айнан улар мамлакатдаги сайёҳлик хизматларини кўрсатувчилар учун ҳақиқий топилма бўлмоқда.

Хива

Бэкпекерлар (инглизча «backpack» – «юкхалта» сўзидан) арзон ҳостелларга қўнишни, пулини тежаб сарфлашни ва «европалик бой сайёҳ» ҳақидаги қарашларни ўзгартиришни маъқул кўришади.

Экспертларнинг тавсияларига кўра мамлакатда кичик ҳостеллар очиш тартибини осонлаштиришди. Ушбу йўналиш ривожланаяпти, бироқ рақобатнинг камлиги яшаш нархининг пасайишига таъсир қилиш имконини бермайди. Ҳаммасини бозор ҳал қилади: бизга сайёҳлар ёпирилиб келишни бошласа меҳмонхоналарга талаб ошади. Шундан сўнг ёмғирдан кейинги қўзиқориндай юзлаб кичик ҳостел ва меҳмонхоналар пайдо бўлса нарх-наво ҳам тушади. Ҳозирча бу нарса йўқ экан, Туризм қўмитасининг таъкидлашича, соҳанинг гуллаб-яшнашидан ҳам умид қилиб бўлмайди.

Бунинг устига сайёҳлар харажатининг катта қисми транспорт хизматига тўғри келади. Туризмни ривожлантириш учун Марказий Осиё авиация бозорига Қозоғистоннинг «Fly Arystan»и каби ҳам маҳаллий, ҳам хорижий лоукостерлар керак.

Бир ярим йил олдин Ўзбекистонда миллий лоукостер пайдо бўлиши ҳақида хабар берилган эди, у ҳам қуруқ гаплигича қолиб кетди. Ўнлаб камхарж халқаро авиакомпаниялар Ўзбекистонда ишлашга тайёр турибди. Лекин бу масалада ҳам музокаралар тугамаган кўринади.

Таққослаш учун: Франкфуртдан Тошкентга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» самолётларида 772 долларга (бориш-келиш) учиш мумкин.

«Wizz Air» лоукостери Будапештдан Қозоғистон пойтахти Нурсултонга 100 долларга обориб-опкелади.

«Қиммат авиачипталар – фақат бизнинг авиакомпаниямизнинг муаммоси. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» фойда эмас, имиж учун ишлайди. Бозор механизмларини ўзгартирмаса ҳам бўлади, имиж нуқтаи назаридан ҳаммаси жойида, лекин бунинг учун биз очиқ бозорнинг жозибадорлигини қурбон қилаяпмиз. Бизга агар лоукостерларни Ўзбекистонга киритсак миллий авиакомпанияни йўқотамиз дейишади. Лекин муаммо бунда эмас. Шароит керак. Кутилмаганда авиакомпаниямиз касод бўлди дейлик. Унинг ўрнини дарҳол бошқа авиакомпаниялар эгаллайди, нархлар ҳам пасаяди, сайёҳлар келиши кўпаяди», – дейди Сарсенов.

Унинг айтишича, авиақатновлардан ташқари Ўзбекистон ва Европа мамлакатларини боғлайдиган автомобил йўллари ҳам, темирйўллар ҳам йўқ.

Амалдорлар мамлакатнинг туристик имконияти кўҳна шаҳарлар ва миллий таомлар билан чекланади деб ўйлашса-да, экспертлар Ўзбекистон улкан туристик потенциалга эгалигини таъкидлашади. Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги тоғ кластерлари мутлақо ривожланмаган, Қизилқумдаги сайру-томошалар туяда сайр қилиш ва ўтовда тунаш билангина чекланиб қолган.


Ушбу мақола «Giving Voice, Driving Change — from the Borderland to the Steppes Project» лойиҳаси доирасида Cabar.Asia томонидан тайёрланган. Мақолада келтирилган фикр ва мулоҳазалар Minbar таҳририятининг қарашини акс эттирмаслиги мумкин.