Қирғизистон давлат божхона хизмати Ўзбекистон билан чегарадаги ишламай турган ўтказиш-назорат пунктларини қайта очиш таклифини илгари сурмоқда. Божхона хизмати бу таклифни 2019 – 2020-йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси доирасида киритган деб хабар беради Gezitter.org нашри.

Ҳужжатда таъкидланишича, икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқ кучайгани боис қўшимча йўллар керак бўлмоқда. Шунингдек, маҳсулотларни чегарадан олиб ўтиш учун божхона жараёнларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш таклиф қилинмоқда.

Ҳозир Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 15 та чегара назорат-ўтказиш пункти мавжуд.

«Бироқ бугунги кунда улардан фақат 8 тасигина ишламоқда. Қолганлари эса Ўзбекистон ҳукуматининг бир томонлама қарори билан ёпиқ ҳолатда қолмоқда. Икки мамлакат ҳукумати буларни қайта очиш масаласини кўриб чиқиши керак», – деб келтиради нашр қирғиз божхона хизматининг расмий вакили бўлмиш Гулмира Борубоеванинг сўзларини.

Айни пайтда ишламай турган назорат-ўтказиш пунктларини қайта очиш масаласи ҳукуматлараро даражада кун тартибига киритилгани ёки киритилмагани тўғрисида аниқ маълумот йўқ.

2005 йилда ёпилган Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара пунктлари 2016 йилнинг сентябрида расмий Бишкек ва Тошкент муносабатлари яхшилангани ортидан қайта очилган эди.