Халқ таълими вазирлиги Тошкент шаҳридаги талаб юқори бўлган 81 та мактабга қўшимча квота асосида қабул бошланмаганини маълум қилди.

Баҳс ва мунозараларга сабаб бўлган қарор тарихи: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 469-қарорига мувофиқ Тошкентдаги 81 та мактабда тажриба ўтказилиши, унга кўра бошқа микроҳудуддаги мактабларнинг 1-синфига ҳужжат топширганлар ва мактаб ёшига етмаган болалар қўшимча квота асосида қабул қилиниши, бунинг учун энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик йиғим ундирилиши белгиланган эди.

Янги тартибни жорий этишдан қуйидагилар кўзланган эди:

  • микроҳудуддаги болаларни мактабга жойлаш;
  • талаб катта бўлган мактаблардаги коэффициентни барқарорлаштириш;
  • бир синфда ўқувчилар сонини 35 тадан оширмаслик;
  • мактаб ёшига етмаган ва таълим тилини билмайдиган болаларни қийнамаслик;
  • мактабларга қўшимча пул топиш имкониятини яратиш.

Ҳужжат эълон қилингандан сўнг ижтимоий тармоқларда ушбу янгилик турлича қарши олинди. Кимлардир бу шу пайтгача амалда бўлиб келган коррупцион усулларга зарба беришини айтиб олқишлаган бўлса, айрим фойдаланувчилар бунга қарши чиқишди.

Жамоатчилик фикрлари асосида ҳужжатга ўзгартириш киритилмоқда. Халқ таълими вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда тегишли қарор лойиҳасини тайёрлади. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳа қўшимча квота асосида қабул тартибини белгилаб беради. Шунингдек, лойиҳада пулли қабул тартибини бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Янги тартиб қандай бўлиши мумкин: талабгир 81 та мактабнинг микроҳудудида яшовчи тахминан 8 мингга яқин етти яшар болалар биринчи синфга қабул қилинганидан кейин мактабларга яна 4,7 минг ўқувчини қўшимча қабул қилиш мумкин бўлади. ХТВнинг янги таклифига кўра қўшимча квота бўйича ўқиш ҳуқуқига энг аввало қуйидагилар лойиқ кўрилиши мумкин:

  • шу микроҳудудда яшовчи олти ёшга тўлган болалар;
  • шу мактаблар ўқитувчиларининг фарзандлари;
  • бошқа микроҳудудда яшовчи, аммо акаси/опаси шу мактабда ўқийдиган болалар,
  • микроҳудудда истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари.

Бу якуний рўйхат эмас. Вазирлар Маҳкамасида қарор лойиҳасига ўзгартириш киритилиши мумкин.
Ҳужжат Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинганидан кейингина Тошкент шаҳридаги талабгир мактабларга қўшимча квота асосида қабул очилади. Айни пайтда ҳукумат қарори иловасида кўрсатилган 81 та мактабга ўша микроҳудудда яшовчи етти яшар болалар биринчи синфга қабул қилинмоқда.

Ушбу тартиб фақатгина Тошкентдаги талаб юқори бўлган мактабларга тегишли. Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги мактабларда қабул давом этмоқда.

Халқ таълими вазирлиги талабгир мактабларда қўшимча квоталар бўйича қабул бошланиши билан бу ҳақда ўзининг расмий сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини маълум қилди.