Чеченистон Президенти меъмори ўзбекистонликлар бўлган Европадаги энг йирик масжид очилишини тарихий ҳодиса, деб атаган.

Рамзан Қодировга кўра, бу масжид ва еттинчи ҳофизлар мактабининг очилишига келган хорижлик меҳмонлар сони 300 дан ортган.

Шалига Яқин Шарқ, Осиё, Европа, Африка ва Шимолий Америкадан ҳайъатлар ташриф буюришган.

Чеченистон президентининг айтишича, ўшанда ундан бахтли одам бўлмаган.

Ҳатто ҳозир ҳам ҳис-ҳаяжондаман, деб ёзган Рамзан Қодиров ўзининг "ВКонтакте"даги расмий аккаунтида.

Бу ҳис-туйғуларини сўз билан ифодалаб беришга ожиз эканини ҳам эътироф этган.

Фото: Chustiy.uz

Чеченистон президенти ўзининг худди шу постида ўзбек паловига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.

Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) номидаги "Мусулмонлар ифтихори" масжидининг очилиш маросими учун хосан пиширилган паловни Шалида минглаб кишилар татиб кўришга имконли бўлишганини айтган.

Россия тарихидаги энг йирик палов (уч тоннага яқин)ни тайёрлаш учун ошпазлар атайдан Ўзбекистондан келишганини таъкидлаган.

Шундай ажойиб масжиднинг очилиши билан яна бир бор Россия ва дунё мусулмонларини табриклаган.

Ўзбекистонлик меъморлар лойиҳалаштирган бу масжид етти йилда қуриб битказилган.

Янги масжиднинг ичкариси ва ташқарисида бир вақтнинг ўзида юз минг намозхон ўз ибодатини адо эта олиши айтилган.

Фото: VK.COM/RAMZAN

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўзбекистонлик меъморлар лойиҳалаштирган бу масжиднинг очилишини беэътибор қолдирмаган.

Ўзбекистон Президенти Рамзан Қодировга Тошкентдаги Мўйи Муборак мадрасасида сақланаётган қадимий Қуръоннинг нусхасини ҳадя қилган.

Рамзан Қодиров Ўзбекистон президентининг совғасини "жуда нодир", деб атаган.

Ҳар икки томон ҳам ҳадяни топшириш маросими чоғида ўзбек-чечен халқларини мустаҳкам дўстлик ришталари боғлаб туришини алоҳида қайд этишган.

Юз ифодаси, сўзлари мазмуни ва оҳангидан Ўзбекистон президенти ҳадясидан жуда мамнун экани кўрилган.

Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров Ўзбекистонда амалий ташриф билан сўнгги бор 2017 йилнинг октябрь ойида бўлган.

Шахсан Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашган.

Орада Ўзбекистон президентининг тўнғич куёви билан тушган суратини ҳам ўзининг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги аккаунтларида бўлишган.

Бу сурат ҳам ўшанда озмунча эътибор тортмаганди.