Россияда коллекторлик (қарз ундириш билан шуғулланувчи) ташкилотларини хурсанд этадиган вазият юзага келди: фуқароларнинг кредит юки кескин ошмоқда, аҳоли даромадлари эса мана бир неча йилдирки, пастга қуламоқда. 2018 йилда қарз-солиқ ундирувчи агентликларга тақдим этилган қарздорлар рўйхатидаги янги рақамлар деярли учдан бир қисмга ортган - 6,4 миллионга қадар.

Коллекторлик агентликлари қарзини ўз вақтида тўламаётган фуқаролар рўйхатини банклар ва микромолия ташкилотларидан, асосан, икки усулда олади.

Биринчи усул: агентликлар банклардан фуқароларнинг қарзларини сотиб олади. EOS агентлигининг тадқиқотлар бўлими бошлиғи Иван Комиссаровнинг сўзларига кўра, бу бозордаги таклифлар кўлами 470 миллиард рубл ($7,3 миллиард)га баҳоланади.

Иккинчи усул: банклар ва микромолия ташкилотлари қарзларни ундириб бериш учун коллекторлик агентликларини ёллайди. Комиссаров 2018 йилда банк ва агентликлар ўртасидаги бундай битимлар миқдори учдан бир қисмга ортганини айтади. 2017 йилда коллекторлар 5,3 миллион қарздорлик иши бўйича буюртмалар олган бўлса, 2018 йилда бу рақам 6,4 миллионга етган.

«Ниҳоят, ёруғ кунлар келди,» мавжуд вазиятни шоирона тасвирлайди Комиссаров.

Комиссаровнинг айтишича, ҳозирда коллекторлар ўз қўлидаги аҳоли қарзларини 1 триллион рубл ($15,4 миллиард)дан ошиқроққа баҳоламоқда.

Россиядаги энг йирик коллекторлик агентликларидан бири бўлмиш «Биринчи коллекторлик бюроси» бош директори Павел Михмел биргина унинг бюросининг ўзи 600 миллиард рубл ($9,2 миллиард)дан кўпроқ қарздорлик юкини сотиб олган. Михмел бутун бозорни, тахминан, 1,8 триллион рубл ($27,8 миллиард)га баҳолайди.

Кўп ҳолларда, агентликлар кредит бўйича қарзларни нақд пул ва кредит карталари орқали сотиб олади.

«2018 йилда бу схема орқали банкларга 16 миллиард рублга яқин маблағ қайтарилди,» маълум қилади Комиссаров.

Вақтида тўланмаган қарзнинг ўртача миқдори, киши бошига чақилганда, 2017 йили 73,6 рублни ташкил қилган бўлса, бугун бу кўрсаткич 79,4 рублга қадар ўсган.

Бозор ўсмоқда, дейди Михмел Би-би-сига. У мазкур ҳолатни россияликларнинг янада кўпроқ кредит олаётгани билан изоҳлайди.

«Ҳозир ҳолат бундай: оддий қарздор фуқарода бир эмас, балки икки-учта кредит мавжуд. У аввал йиғилиб қолган қарзларни вақтида тўлашга имкон тополмаяпти.»

Профессионал коллекторлик агентликларининг миллий уюшмаси (НАПКА) раҳбари Элман Мехтиевнинг таъкидлашига кўра, яқин йиллар ичида қарздорлик ҳам, коллекторлик фаолияти ҳам сезиларли ўсади. У буни нафақат кредит қарзлар олишнинг кўпайиши, балки аҳоли даромадининг тушиб бораётгани ва коллекторлар малакасининг ошаётгани билан тушунтиради.

Россия Давлат Статистика Қўмитасининг охирги маълумотларида таъкидланишича, россияликларнинг даромади 2013 йилдан бери 8,3 фоизга пасайган.

Ипотека қарздорлиги

Коллекторлар яқин келажакда россияликларнинг ипотека қарзларини кечиктиришини кутмоқдалар. Ўтган йили Россияда ипотека кредитларининг кескин ўсиши кузатилган: банклар фуқароларга, умумий ҳисобда, 3 триллион рубл ($46,2 миллиард)дан кўпроқ ипотека кредити берган.

«Кечиктирилган ипотека қарзлари даври ҳали келмади, лекин келажакда албатта келади,» дейди Комиссаров.

Мехтиевнинг фикрича, ипотека бўйича қарзларнинг бир қисми аллақачон кечиктирила бошланган. У буни бошланғич бадалнинг катта эмаслиги билан боғлайди.

«Агар бошланғич бадал 30 фоиздан кам бўлса, у ҳолда иқтисодий турғунлик фонида жуда кўплаб одамлар қарзларни вақтида тўлай олмай қолади,» тушунтиради у Би-би-сига.

Россияда коллекторлик фаолиятига 2016 йилда қабул қилинган қонун билан қатор чекловлар киритилган. Мазкур қонун коллекторларга қарздор изнисиз унинг оила аъзолари ва қўшнилари билан мулоқот қилишни тақиқлайди. Шунингдек, телефон қўнғироқлари ва шахсий учрашувлар сонини чеклайди.

Бироқ Мехтиевнинг таъкидлашича, тартиб-қоидалар ҳамма учун бир хил эмас. Амалда қарзларни ўзи ундиришга уринувчи банклар ва микромолия ташкилотлар, аксар ҳолларда, тартибга солинмайди.

Бундан ташқари «М.Б.А Финансы» коллекторлик компанияси бош директори Федор Вахата лицензиясиз ишловчи коллекторлик агентликлари фаолиятидан шикоят қилади.

Федор Вахатага кўра, коллекторлик бозорининг ўсиши учун яна бир имконият - бу коммунал хизматлар соҳасидаги қарзларни ундириш.

«Бозорнинг бу қисмида ҳали коллекторлар фаолияти кенг қулоч ёзмаган. Шу сабабдан коммунал қарздорлик даражаси - жуда улкан.»

Ошаётган малака

Мехтиев, бундан ташқари, коллекторларнинг малакаси ошаётгани шарофати билан бозорда ўсиш кузатилаётганини айтади.

EOS агентлиги бош директори Антон Дмитраков телефон гўшагини кўтармайдиган қарздорлар сони кўп эканини билдиради. Унинг сўзларига кўра, коллекторлар бундай одамлар билан алоқа ўрнатиш мақсадида мессенжерлар, мобил иловалар ва бошқа усуллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Шунингдек, коллекторлар суҳбатларни таҳлил қилиш тизимини қўллашни ҳам ошириб бормоқда, дейди Дмитраков. Агентлик ва қарздор ўртасидаги барча телефон суҳбатлари ёзиб олинади ва тизим буни таҳлил қилиб, ҳар бир шахс билан муомала қилишнинг энг самарали усулини аниқлайди.

Бундан ташқари коллекторлар қарздорларнинг ишларини ҳам синчковлик билан ўрганиб чиқади. Айрим ҳолатларда, қарздорни судга беришдан бирор наф бўлмайди, изоҳлайди Дмитраков.

«Баъзида қарздорлик юзасидан аллақачон 15 бор суд ўтказилган бўлади. Бундай ишлар ортидан югуришдан маъно йўқ,» дейди у.