Туркия атом энергетикасининг регулятори икки марта Россия Туркияда қураётган Аккую АЭС пойдеворида ёриқлар аниқлаган.

"Haberturk"нинг хабар беришича, Росатом қураётган Аккую АЭСнинг бетон пойдеворида илк ёриқ 2018 йил июлида аниқланган. Росатом бетонни қайта қуйганидан кейин регулятор янги ёриқни топган – уни ҳал этиш ишлари сентябрда тугаган.

  • Аккую АЭС ВВЭР-1200 реакторлари билан жиҳозланган 4 та энергоблокдан иборат. Лойиҳа 20 млрд АҚШ долларига баҳоланган.

Росатом Ўзбекистонда ҳам ҳар бир энергоблокининг қуввати 1,2 ГВт бўлган 2 та энергоблокдан иборат атом электр станциясини қурмоқда.

  • АЭС қуриладиган майдон расман эълон қилинмаган. Аммо 6 май куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистонга ташрифи чоғида АЭС қуриладиган майдон аниқ бўлганини айтган.
  • Станция қурилиши 2022 йилда бошланиши, 2028 йил декабригача станциянинг биринчи энергоблоги, 2030 йил июнигача иккинчи энергоблоги ишга туширилиши режаланган.

Марказий Осиёда биринчиси бўлиши кутилаётган бу атом электр станцияси экспертлар ва халқ орасида қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлмоқда. АЭСнинг қурилишидан соф иқтисодий мақсад кўзланган дегувчилардан тортиб, бу қурилиш Россиянинг Марказий Осиёдаги геосиёсий мақсадларига хизмат қилади деб хавфсирайдиганлар ҳам топилади.