Ёш ўзбек режиссёри Шокир Холиқовнинг "Чой" номли фильми "Entr'2 Marches" фестивалида ғолиб деб топилганди. Ушбу кинокартина нуфузли Канн халқаро кинофестивали доирасида ўтказиладиган қисқа метражли фильмлар фестивалида ғолиб бўлган илк ўзбек фильмидир. Фестивалнинг бир неча категориясида ғолиб топилган картина режисёрини "Ўзбеккино” миллий агентлиги идиш-товоқлар жамланмаси билан тақдирлагани ижтимоий тармоқларда шов-шув, истеҳзо ва мемларга сабаб бўлмоқда.

“Ўзбеккино” 72-Канн халқаро кинофестивали доирасида бўлиб ўтган “Marce du Film” кинобозорида турли жанрдаги 50 та тўлиқ метражли, ҳужжатли ва анимацион фильмни тақдим этган, салмоқли делегация юборган. Лекин, Шокир Холиқовга бу делегациядан жой топилмаган. Фильмни танловга режиссёр интернет орқали онлайн топширган. Ғолиб бўлганини ҳам Шокир Холиқовга танлов ташкилотчилари хабар берган.

Cкреншот: Facebook

Журналист Феруз Муҳаммад "Чой" фильми қўлга киритган ютуқларни санаб ўтаркан, «Шокир Холиқовнинг “Чой” фильмининг ютуқларига “Ўзбеккино” МА ҳам жим қараб турмасдан, идиш-товоқ тўпламини совға қилибди. Қандай ажойиб, ёш режиссёрга бундан ортиқ совға бўлмаса керак. Шу мавзуни чуқур ўрганаяпман. Ўрганганларимни эса тез орада эълон қиламан»,дейди.

Блогер Нозимжон Сафаров «"Ўзбеккино" олдида шляпамни ечаман. Ўзбек кинематографининг чет элдаги обрўсини кўтаргани учун совға сифатида бутун бошли сервиздан воз кечганига қойил қолиш керак. Гап йўқ. Кетса бойдан кетибди-да. Видеомагнитофон ёки сув иситкич совға қилишса ҳам ҳайрон қолмасдим. "Ўзбеккино"га ҳозир 1970-йиллар эмаслиги, Чехословакиянинг биллур идиш-товоқлари престиж совға бўлмай қолганини ва Брежнев вафот этганини секин билдиринглар», – деб ёзди.

Яна бир блогер Шаҳноза Тўрахўжаевага кўра, «Шокир Каннга бормади, ўша 20 кишининг ичида унга жой топилмади. Уч карра "Пролог" совриндорига нега жой топилмайди? Ким билсин энди? Каннга фақат миллионлаб доллар сарфлаб (совуриб) "Скорпион"дек "шедевр"ларни суратга олганлар борса керак-да. Ўтган йили Венеция фестивалида ғолиб бўлган, аммо тақдирланишига ўзлари бора олмаган болалар ҳақида эшитгандик. Аммо ўшандан кейин улар тўғрисида бирон маълумот чиқмади. Мана шу шиша соврин бўлмаса, Шокир Холиқов ҳақида ҳам балки унутворардик. Биз истеъдодларни кашф қилмаяпмиз, аксинча, сўндираяпмиз».

Шаҳноза Тўрахўжаева Ёш киноижодкорлар кенгаши деган ташкилот борлигини эслаб ўтади: «Бир оёғи Ёшлар иттифоқида, иккинчиси "Ўзбеккино"да туради. Шу ташкилот ННТ бўлса ҳам маблағни давлат бюджетидан олади. Балки ташкилот раҳбари чиқиб ёш киноижодкорларни қандай қўллаб-қувватлаётгани, Каннга олиб борадиган делегацияси таркибини қандай шакллантириши, қандай қилиб бу делегацияга муваффақиятсиз фильмлар олса-да Мухлиса Азизовадек режиссёрлар ҳар йили кириб қолавериши-ю Шокирга ўхшаган халқаро фестивал совриндорлари нега қолиб кетишини англатар? Ёшлар иттифоқи ҳам бу борада тушунтириш берса бўлар эди. Ҳали биз ундан "Скорпион"нинг ҳисобини ҳам сўраганимиз йўқ. Ёшларни қўллай олмасак, ҳеч бўлмаса ола қараш билан уларнинг иштиёқини синдирмайлик. Улар бизга керак».

Ижтимоий тармоқда фикрлар роса "қайнади":

«Фейсбук»даги "TBWA\CAC\Tashkent" саҳифасида худди ўша сервизнинг нархлари ва қаердан олиш мумкинлиги ҳақида маълумотлар келтирилган, шунингдек, турли хил мемлар тақдим этилган.

Бу шов-шувларга жавобан Шокир Холиқов муносабатини билдирган:

«Ҳар бир ҳаракатим кузатувда тургандек ҳис қилаяпман ўзимни. Бир ўзимнинг мен ҳақимда айтилаётган фикрларга муносабат билдиришга вақтим ҳам, кучим ҳам етмайди. Эл оғзига элак тутиб бўлмас. Қадрдонлар, назаримда фестивалда кино иштирок этиши керак, чунки фестивал кино учун ташкил қилинган ва унда одамларнинг иштироки иккинчи даражада. Шу сабаб мен фестивалда иштирок этмаганим учун ҳеч кимни айбдор демадим, демайман ҳам ва ҳеч кимнинг айбдор эмаслиги айни ҳақиқат. Мен эркин ижодкорман, кинони яхши кўраман. Ишим ва мақсадим кино қилиш, менга бошқа нарса керак эмас. Берилган мукофотга самимий миннатдорчилигимнинг ҳам нотўғри маънога йўйилгани мени ранжитди. Мен учун мукофот иккинчи даражали, муҳими эътибор-ку ахир. Илтимос, ютганимга пушаймон қилдирманг. Менинг ҳеч кимдан аразим, гинам йўқ ва ёзганларимда ҳам киноя, кесатиқ бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Бу постни ҳам босим бўлгани учун қўйган деган фикрга келманг», – дейди у.