Марказий Осиё доимо кучли давлатлар назарида бўлиб келган, уларнинг деярли барчаси ушбу минтақа учун ўз стратегиясига эга бўлган.

Бу стратегияларнинг мақсади, ўзига хослиги ва Ўзбекистонга таъсири Европа иттифоқи Марказий Осиё давлатлари бўйича янги стратегиясини эълон қилиши арафасида яна ҳам долзарблашди.

7 июлда Марказий Осиё ташқи ишлари вазирларининг Бишкекда бўлиб ўтадиган йиғилишида Европа иттифоқининг ушбу стратегияси эълон қилиниши кутилмоқда.

Минтақамизда стратегик манфаатларга эга давлатлар ёки ташкилотларнинг бундай стратегияларидан хабардорлик улар айнан қандай масалаларга урғу бераётгани ва қайси соҳаларда биз билан ҳамкорлик қилмоқчи эканини олдиндан билиш ва шунга кўра иш тутиш имконини беради.

Марказий Осиё стратегияси бир неча давлатларда мавжуд.

АҚШнинг стратегияси

2011 йилдан бошлаб Америка ҳукумати Марказий Осиё учун Янги ипак йўли ташаббусини ўртага ташлади. Ўша пайтда давлат котиби бўлган Ҳиллари Клинтон хоним сўзи билан айтганда, ушбу ташаббус муваффақиятли амалга ошса, «Туркман газ конлари Покистон ва Ҳиндистоннинг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириши, Афғонистон ва Покистон эса газ транзитидан даромад олиши мумкин. Тожикистон пахтаси Ҳиндистоннинг нақшли кийимларига айланиши мумкин. Афғонистоннинг мебел ва мевалари Остона ёки Мумбай ва ундан ташқарида жойлашган бозорларга бора олади».

Бироқ, муаммо шундаки, ушбу ташаббус молиявий асосга ва АҚШ ҳукумати ичида кучли сиёсий мададга эга эмас эди. Оқибатда у Марказий Осиё мамлакатлари учун кутилган натижани бермади. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон дунёга қайтадан очилган 2016 йилдан АҚШ ҳукуматининг минтақага нисбатан сиёсатида ўзгаришлар кўрина бошлади. Айниқса, кейинги йилларда АҚШнинг юртимизга турли соҳалар бўйича ёрдами кўпайиши кузатилаяпти.

Хитойнинг «Бир макон, бир йўли»

Агар америкаликлар Ипак йўли лойиҳасига керакли молиявий ёрдам кўрсатмаган ҳолда, уни фалаж ҳолатга олиб келишган бўлса, айнан ўша пайтда Хитой раиси Си Цзинпин ХХРнинг «Бир макон, бир йўл» ташаббусини дунёга таништирди. Хитой «Бир макон, бир йўл» орқали ўзининг мулти-триллион долларлик давлат резервларига таянган ҳолда, хитойлик ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулот ва хизматларини чет элга чиқарган ҳолда ХХРдан Ҳолландиягача давом этадиган қуруқликдаги Ипак йўли иқтисодий маконини қуришга ҳаракат қилмоқда. Бунда асосий масала – ХХРдаги ортиқча ишлаб чиқариш кучини инфратузилма лойиҳаларини вужудга келтириш орқали Евросиё давлатларига экспорт қилиш ҳисобланади. Уни ХХР банклари молиявий қўллаб-қувватлайди. «Бир макон, бир йўл» инфратузилма лойиҳаларига кўприклар, темирйўллар, туннеллар, электр станциялари ва сув омборлари каби мулти-миллион ёки мулти-миллиард долларлик қурилишлар киради. «Бир макон, бир йўл» тезда минтақанинг барча давлатлари томонидан қўллаб-қувватланди. Сабаби эса жуда оддий эди: ХХР инсон ҳуқуқларига оид очиқдан-очиқ талаб қўймади ва ваъда қилинган маблағ ва технологияни ўз вақтида тақдим этди.

Ўзбекистон «Бир макон, бир йўл»ни бошидан қўллаб-қувватлади. Шу пайтгача деярли 1 миллиард доллардан ортиқ кредит олиб, Қамчиқ довонидаги туннел ва темирйўл каби катта лойиҳаларни амалга оширди ва оширмоқда. Натижада «Бир макон, бир йўл» икки томоннинг ташқи сиёсатидаги асосий масала ҳолатига келди. Ушбу мавзуга алоқадор муаллифнинг «kun.uz»даги мақоласига эътиборингизни қаратишни истардим.

Россиянинг Евросиё иқтисодий иттифоқи

Россиянинг Марказий Осиё учун аҳамияти ва Россия учун Марказий Осиёнинг аҳамияти ҳақида гапириш ортиқча. Россиянинг Марказий Осиёга нисбатан энг муҳим иқтисодий стратегияси Евросиё иқтисодий иттифоқи(ЕИИ) болиб, ушбу иттифоқ орқали Россия минтақа давлатлари билан нафақат эркин савдо ва инвестиция муносабатлари, балки божхона иттифоқи даражасидаги чуқурлашган интеграцияни кўзламоқда. Россиянинг ушбу лойиҳани қаттиқ тарғиб этиши натижасида олдинлари мавжуд бўлган Марказий Осиё эркин иқтисодий ҳамкорлиги йўқ бўлиб кетди. Муаммо шундаки, ЕИИга минтақада фақат Қозоғистон ва Қирғизистонгина аъзо бўлиб, иккисининг кириши ҳам ҳар бир давлат учун катта иқтисодий зарар келтиргани ҳақида маълумотлар мавжуд. Бундан ташқари, ушбу иттифоққа кириш натижасида аъзо давлатлар ўзларининг ташқи иқтисодий сиёсатларини шакллантириш имконидан жиддий равишда маҳрум бўлишади. Шу сабабли ҳам ҳали аъзо бўлмаган Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг хавотирларини тушунса бўлади.

Ҳиндистоннинг «Марказий Осиё билан боғланиши»

Ҳиндистон ҳам Марказий Осиё ҳудудини савдо-инвестиция, энергетика соҳасида муҳим ҳамкорлардан бири сифатида кўради. Ҳиндистоннинг «Марказий Осиё билан боғланиш» (Connect Central Asia) лойиҳаси мавжуд бўлса-да, иқтисодий чўнтаги ХХРники каби чуқур эмас. Шу сабабли Ҳиндистоннинг Марказий Осиёда катта муваффақиятга эришаётганини эътироф этиш қийин.

Бунинг сабабларидан бири Покистоннинг Ҳиндистонга ўз ҳудудидан ўтишига рухсат этмаслиги бўлиб, бу Деҳлининг минтақадаги савдо манфаатларига зиён келтирмоқда. Бироқ Марказий Осиёда Қозоғистон ва Ўзбекистон бошчилигидаги мамлакатлар иқтисодий ривожланиш йўлида Ҳиндистонни асосий ҳамкорларидан бири сифатида кўришга интилаяпти. Ҳам аҳоли, ҳам иқтисодий жиҳатдан катта ўсиш имкониятига эга бўлган Ҳиндистонга бундай ёндашувни ўринли деб ҳисоблайман.

Япониянинг эркин ва очиқ Ҳинд-Тинч океани

Япония маълум даражада ХХРга рақобат қилиш мақсадида Эркин ва очиқ Ҳинд-Тинч океани (Free and Open Indo-Pacific) ташаббуси билан чиққан. Унинг асосий мўлжали Жануби-шарқий Осиё бўлса-да, ушбу ташаббус Марказий Осиёни ҳам қисман қамраб олади. Марказий Осиёда Япония ўзининг Япония халқаро ҳамкорлик ташкилоти (JICA) грантлари, йэнада бериладиган шартли қарзлари билан анча фаол ҳисобланади. Шундай бўлса-да, Япониянинг Жанубий-шарқий Осиёга асосий эътиборни қаратгани ва Марказий Осиёда тўғридан-тўғри япон инвестицияларининг ўта озлигини қайд этиш лозим.

Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги (CAREC) минтақа давлатлари ўртасида иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантириш мақсадида 1997 йили ташкил этилган бўлиб, Япониянинг кучли таъсири бўлган Осиё тараққиёт банки томонидан қўллаб-қувватланган ташаббусдир. CAREC транспорт ва транзит коридорларини қўллаб-қувватлайди, савдони осонлаштириш учун аъзо давлатлар вазирликлари ўртасида алоқа ва маслаҳатлашувларни амалга оширади. Бироқ савдо ва энергетика ривожланишидан ташқарида бир нечта ютуқлар мавжуд холос.

Туркиянинг сиёсати

Туркиянинг Марказий Осиё бўйича ҳаракатлари 1990-йиллар бошидан бошланган. Туркия ушбу ҳудуд мамлакатлари билан Турк бирлиги ташкилотини тузиб, шу форум орқали алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаяпти. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) 2009 йилда туркий давлатлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган ҳукуматлараро ташкилотдир. Асосчилари – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия.

Ўзбекистон Туркиянинг ҳудудий ташаббусларига аъзо бўлмаса-да, Мирзиёев президент бўлгач Туркия билан алоқаларнинг анча яхшиланиши кўзга ташланмоқда. Туркия «катта йигирматалик»ка (G20) кирган, катта экспорт салоҳиятига эга мамлакат бўлиб, келажакда юртимиз манфаатига хизмат қиладиган шартларда у билан эркин савдо ва инвестиция битими тузиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Жанубий Кореянинг янги шимолий сиёсати

Жанубий Корея Марказий Осиё мамлакатларининг асосий савдо ва инвестиция шерикларидан биридир. Унинг ҳам ўз стратегияси мавжуд бўлиб, у президент Мун Жае пайтида Янги шимолий сиёсат (New Northern Policy) сифатида таништирилган. ЯШС Жанубий Корея шимолидаги давлатлар билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган. Аслида Кореянинг Янги шимолий сиёсати янги бўлмай, олдинги президент Парк пайтида Евросиё ташаббуси сифатида таништирилган. Бу стратегия Корея яриморолини турли темирйўллар тизимини ишга солган ҳолда Марказий Осиё давлатлари билан боғлашни ўз олдига мақсад қилган. Шундай бўлса ҳам Ўзбекистон ва Корея ўртасида катта бурилиш кузатилгани йўқ. Аксинча, икки тараф ҳам олдингидек яқин иқтисодий алоқаларни олиб боришда давом этмоқда.

Кўриб турганингиздек, турли давлатларнинг Марказий Осиё бўйича ўз лойиҳаси мавжуд бўлса-да, кўлами, доимийлиги ва очиқлиги жиҳатидан уларнинг ҳеч бири Европа иттифоқининг Марказий Осиё давлатларидаги стратегиясига тенг кела олмайди.

Европа иттифоқининг янгиланган Марказий Осиё стратегияси

Европа иттифоқи (ЕИ) биз учун бир неча сабаблар туфайли муҳим ҳамкор ҳисобланади. ЕИ халқаро майдонда ўта кучли сиёсий актёр бўлиш билан бир қаторда, у жуда катта иқтисодий бозор, инсон ҳуқуқлари бўйича дунёдаги энг олдинги ўринларда туради.

ЕИ советлар тузуми тарқаганидан кейин 1991 йилдан 2007 йилгача Марказий Осиё давлатларига Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги учун техник ёрдам (TACIS) дастури орқали катта ёрдам кўрсатди. Ушбу дастур давлат корхоналарини қайта тузиш ва ривожлантириш, маъмурий ислоҳотлар, ижтимоий хизматлар, таълим, ядровий хавфсизлик каби соҳаларни қамраб олган. Ундан кейин TACIS тугатилиб, Европа қўшничилик сиёсати (European Neighbourhood Policy) ичига кириб кетди.

Айнан 2007 йилда ЕИнинг Марказий Осиё давлатлари учун илк стратегияси эълон қилинган. Шу йиллар давомида ЕИ бизнинг мамлакатимизда ҳуқуқ соҳаси, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги каби турли соҳаларда ёрдам кўрсатди. ЕИнинг 2014 – 2020-йиллари Марказий Осиё давлатларидаги ривожланиш лойиҳалари учун сарфлайдиган маблағи 1 миллиард евродан ошиб кетади. 2019 йилга келиб ЕИ ўзининг янги, «Европа иттифоқи ва Марказий Осиё: янада кучлироқ шерикчилик учун янги имкониятлар» (The EU and Central Asia: New Opportunities for a Stronger Partnership) номли стратегиясини эълон қилди. Июл ойи бошида уни Бишкекда Марказий Осиё ташқи ишлар вазирларига таништириши кутилмоқда. ЕИнинг янги стратегия ишлаб чиқишига минтақада Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» ташаббуси кенг ёйилаётгани, бошқа томондан эса шу пайтгача ташқи оламга ёпиқ бўлган Ўзбекистоннинг очилиши сабаб бўлган дейиш мумкин.

ЕИнинг янги стратегияси олдингисидан нимаси билан ажралиб туради?

Авваламбор, ЕИ стратегиясини яхши тушуниш лозим: у халқаро битим эмас; ҳуқуқий ҳужжат ҳам эмас; у ЕИнинг Марказий Осиё бўйича кўзлаган мақсадларини ифодаловчи сиёсий ҳужжат ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳуқуқий кучи мавжуд эмас. Бошқача айтганда, ЕИ стратегияси ҳеч қайси томон учун ҳуқуқий мажбуриятни вужудга келтирмайди.

Иккинчидан, ЕИ эълон қилган қўшма баёнотда Марказий Осиё бўйича қуйидаги уч соҳа устувор йўналиш сифатида қайд этилган:

  • Марказий Осиё давлатларининг ички ва ташқи хавфларни бартараф этиш қобилиятини мустаҳкамлаш ва ислоҳотлар учун давлатлар қобилиятини кучайтириш йўлидаги бардошлиликни ошириш бўйича ҳамкорлик;
  • иқтисодий модернизацияни қўллаб-қувватлаш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, барқарор алоқа ўрнатиш ва ёшларга сармоя киритиш йўли билан фаровонлик учун ҳамкорлик қилиш;
  • Марказий Осиёдаги мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқотни кучайтириш ва фуқаролик жамиятининг иштирокини кучайтириш йўлида биргаликда яна ҳам яхши ишлаш.

Учинчидан, ЕИ Қозоғистон билан имзоланган Кенгайтирилган шерикчилик ва ҳамкорлик келишувига ўхшаш битимни энди Ўзбекистон ва Қирғизистон билан ҳам тузмоқчи. Маълумот учун айтиш керакки, ушбу битим Ўзбекистон билан 1999 йилда тузилган бўлса-да, у аллақачон эскирган бўлиб, кейинги 20 йилдаги ўзгаришларни эътиборга олган ҳолда уни янгилашга эҳтиёж бор. Ҳозир томонлар музокаранинг иккинчи доирасини якунлаб, яқин кунларда Брюсселда ўтказиладиган учинчи доирага тайёргарлик кўрмоқда. Дипломатлар ичида эса ушбу битим бўйича музокаралар 2019 йил охиригача муваффақиятли тугалланиши ҳақида фикрлар мавжуд.

Энг охирги нуқта эса ЕИнинг «Бир макон, бир йўл»га нисбатан барқарор, кенг қамровли ва олдиндан ўрнатилган қоидаларга асосланиб инвестициялар ва савдо-сотиқни ривожлантиришга қаратилган ёндашувни илгари сураётганидир. Бунинг замирида ЕИнинг Марказий Осиё давлатлари ХХР таклиф этаётган жозибадор лойиҳаларни кўр-кўрона қабул қилиши натижасида мулти-миллиард долларлик қарз ботқоғига ботиши ва ХХРнинг сиёсий таъсири ортиб кетиши бўйича хавотири ётади. ЕИ ХХРдан келадиган ҳар бир катта лойиҳани шаффоф тарзда, етарлича мутахассислар билан муҳокама қилиш асосида қабул қилиш лозимлигига эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистон ЕИнинг янги стратегияси бўйича нималарга эътибор бериши керак?

Биринчидан, ЕИнинг янги стратегиясида Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожланиши асосий ўрин тутиши кутилмоқда. Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигидаги улкан имкониятларини ҳисобга олган ЕИнинг ушбу соҳага катта миқдорда маблағ сарфламоқчилиги кўриниб турибди. Иттифоқнинг бундай сиёсати биз учун фойдали бўлиши мумкин. Чунки ЕИ стратегияси Ўзбекистоннинг ГСП+ имкониятларидан фойдаланишини кўзда тутади.

Ҳозир Марказий Осиёда ГСП+дан фақат Қирғизистон фойдаланади холос. ГСП+ ўз навбатида 6000 дан ортиқ маҳсулотга нисбатан барча турдаги божларни бекор қилишни назарда тутиб, Марказий Осиё давлатлари маҳсулотларининг ЕИ бозорига ҳеч қандай божларсиз кириб боришига имкон беради. Ўзбекистон эса ҳозир ГСПнинг ўзидангина фойдаланиб, ГСП+дан фойдалана олмайди. Натижада биз ҳали ҳам катта бож тўлаган ҳолда Европа давлатларига маҳсулот экспорт қилишда давом этаяпмиз.

Ўрта Осиё мамлакатларидан ГСП/ГСП+ режими бўйича ЕИ бозорига экспорт миқдори (бинафша ранг ГСП/ГСП+ни билдиради)

Қувонарлиси шундаки, Ўзбекистон ГСП+ тизимига кириш учун ЕИ томонидан талаб этиладиган 27 та халқаро битимнинг 26 тасига аъзо бўлиб улгурди. Энг охирги битим Картаҳена протоколи бўлиб, ўйлаймизки, ҳукуматимиз бу борада ҳам етарлича ишларни олиб бормоқда. Битимларга аъзолик тугагандан кейин ЕИнинг ГСП+ тизимига расман аъзолик жараёни бошланиши лозим. Агар ҳаммаси ўз ўрнида кетадиган бўлса, Ўзбекистоннинг маҳсулотлари 2020 йил охирларида нарх жиҳатидан рақобатбардошлигини сақлаган ҳолда ЕИ дўконлари растасида яна ҳам кўпайиши мумкин.

Шу ўринда брекситнинг ушбу жараёнга таъсири ҳақида тўхталиб ўтсак. Бирлашган қироллик ҳақиқатан ҳам катта бозор ва агар Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиб кетиши аниқ бўлса, унда бизнинг товарларимиз учун ГСП (кейинчалик ГСП+) режимини Буюк Британия ҳукумати татбиқ этишда давом этадими деган савол туғилади. ЕИнинг ГСП+ масаласига масъул ходимларидан шу масалани сўраганимизда, улар ҳам Буюк Британиянинг ЕИ сиёсатига ўхшаш сиёсат юритишини ва катта ўзгаришни кутишмаётганини эшитдик. Шундай экан, ҳозирги пайтдаги хомаки хулоса шундан иборатки, агар Ўзбекистон 27-битимни ҳам ратификация қилиб, ижросини таъминлаб, ЕИнинг ГСП+ тизимига муваффақиятли равишда қўшила олса, унда брехит юз берадиган тақдирда ҳам Буюк Британия ҳукуматидан ГСП+га ўхшаш режимни кутишимиз мумкин.

Ўзбекистон ГСП+ режимидан фойдаланишни бошлайдиган ҳолатдаги фойдаси ифоданлаган график

Иккинчи масала шундан иборатки, ЕИнинг янги стратегияси эндигина эълон қилинган босқичда бўлиб, унинг муфассал шакли ҳали ишлаб чиқилмаган. Бошқача айтганда, умумий принциплар ишлаб чиқилган бўлса ҳам ҳар бир соҳадаги ҳамкорликнинг қандай усул ва механизм орқали амалга оширилиши ҳали аниқ белгиланмаган. Шу сабабли вақтни ғанимат билган ҳолда юртимиз учун фойдали лойиҳаларни тезда ЕИнинг тегишли орган ва тадқиқот институтларига тақдим этиш лозим. Бу ўринда Тошкентдаги ЕИ делегацияси ва Брюсселдаги элчихонамиз катта рол ўйнаши мумкин.

Эътибор берилиши керак бўлган учинчи масала Европа иттифоқининг ҳамон Марказий Осиёдаги беш мамлакатга бир иқтисодий макон сифатидаги қараши ҳисобланади. Гарчи иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда, давлат бошқарувида Марказий Осиё мамлакатлари орасида аллақачон катта фарқлар кўзга ташланиб қолаётган бўлса-да, ЕИнинг бундай қарашини Ўзбекистон янги имкониятларга айлантира олиши мумкин. Чунки Ўзбекистон жуда ҳам муҳим сиёсат юритган ҳолда 2018 йилдан бошлаб Марказий Осиё раҳбарларининг норасмий маслаҳатлашувини ўтказа бошлади. Маданиятимиз, динимиз ва тилимиз бир бўлган бу ҳудудда шундай ташаббус лозим эди. Уни муваффақиятли амалга ошириш ва келажкда ЕИ каби кучли интеграциялашган ташкилот даражасига чиқариш учун ҳали кўп вақт ва куч талаб этилади. Масалан, Марказий Осиё учун умумий виза масаласининг ҳал қилиниши давлатлараро алоқаларнинг ривожланишига хизмат қилади.

Бу мақсадга эришиш йўлида дунёнинг энг ривожланган бошқарув қоидаларига эга, энг инсоний принциплар асосида ҳаракат қилувчи ташкилот сифатида ЕИдан ўрганадиган томонларимиз кўп.

Охирги масала эса ҳамон ўзбекистонлик журналистларнинг Брюсселда доимий аккредитациядан ўтмаганидир. Марказий Осиёдан фақатгина Қозоғистоннинг учта ташкилоти журналистларининг шундай мақомда экани биз учун ачинарли ҳолат деб ўйлайман. Чунки биз у ерда ўз журналистимизни аккредитациядан ўтказмагунимизча ЕИ сиёсатчиларидан интервю олиш жуда қийин кечиши аниқ. Шундай экан, бу соҳадаги давлат ташкилотлари бу масалага албатта эътибор қаратишлари зарур.

Хулоса ўрнида

Албатта, Европа иттифоқи билан бўладиган мулоқотда Марказий Осиё давлатлари ҳали фаол равишда ўзлари ташаббусни ўртага ташлаш даражасига етгани йўқ. Шундай бўлса-да, ЕИнинг ҳам юртимиздан оладиган ва улар учун манфаатли бўладиган тажрибалари борлиги шубҳасиз. Брюсселда ЕИнинг Марказий Осиё бўйича масъул раҳбарлари билан суҳбатлашиб шунга амин бўлдикки, кейинги пайтларда юртимиздаги диний қадриятларга бўлган бағрикенглик ва экстремистик оқимларга нисбатан илмий ёндашув натижасида қўлга киритилаётган муваффақият ЕИ раҳбарларининг эътиборидан четда қолмаган. Улар Ўзбекистонга айнан шу нуқтада андоза (role model) олиш мумкин бўлган давлат сифатида қараб, бундан кейин ҳам тажрибамизни яқиндан кузатиб боришларини айтиб ўтишгани биз учун кўп нарсани билдиради.

Алишер Умирдинов, Нагоя иқтисодиёт университети (Япония) бизнес ҳуқуқи факултети профессори, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси.

Муаллифнинг фикр ва мулоҳазалари Minbar таҳририятини муносабатини акс эттирмаслиги мумкин.