Қозоғистоннинг янги сайланган президенти Қосимжўмарт Тўқаев атом электр станцияси қуриладиган бўлса, рефендум ўтказишни ваъда қилди.

«Қозоғистонда АЭС қуриш ҳозирча режалаштирилмаган. Қурадиган бўлсак, бу масалани албатта бутун халқ билан муҳокама қиламиз. Керак бўлса, референдум ўтказамиз», – деган Қосимжўмарт Тўқаев.

Тўқаевнинг айтишича, энергоресурслар масаласи муҳим, лекин транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ундан ҳам муҳимроқ. «Кейинги йил Қозоғистон "Бир макон, бир йўл" лойиҳасида иштироки туфайли беш миллиард доллар даромад топиши кутилмоқда», – деган Қосимжўмарт Тўқаев.

Апрел ойида Россия президенти Владимир Путин рус-қозоқ музокараларининг сўнгида Россия Қозоғистонга атом электр станциясини қуриб беришни таклиф қилганини айтган эди.

Сайловда иккинчи ўринни «мухолифат»нинг номзоди Амиржон Косанов, учинчи ўринни сайловда қатнашган илк аёл номзод («Ақ жол» партияси) Дания Еспаева (5,32%) олган.