Тошкент шаҳар ИИББ автомобиллар кундуз вақтида ёриткичларни ёқиб юрганига ёниб кетаётганини рад этди.

ИИББнинг айтишича:

  • 2018 йилда енгил машиналарнинг ёниб кетиши билан боғлиқ 64 та ҳолат қайд этилган.
  • 2019 йилнинг бошидан эса Тошкентда автомобилларнинг 11 марта ёнгани қайд қилинди. Булардан икки ҳолатда ёниш – ёқилғи тизими ишдан чиққани сабабли юз берган. Қолган ҳолатларда эса ёнғин электр ўтказиш тизими бузилгани боис содир бўлган.

"Агар ижтимоий тармоқларда тарқалган суратга эътибор билан қаралса, ёриткичларга зарар етмаганини кўриш мумкин", – дейилади хабарда.

ФВВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг маълум қилишича, ёнғинга сабаб бўлган электр ўтказгичларнинг техник ҳолати қониқарсизлиги кўпинча эски йилларда ишлаб чиқарилган автомобилларда учрайди.

Шундай экан, агар сизнинг автомобилингиз «катта ёшда» бўлса, техник кўрик давомида электр ўтказгичларга алоҳида эътибор бериш зарур.

Биз бу каби ҳодисалар суратларини тарқатувчи фуқароларни, блогерларни ҳамда Telegram мессенжерида ўз каналини юргизадиганларни автомобилларнинг ёниш сабаблари тўғрисидаги ўз хулосалари билан инсонларни адаштирмасликка чақирамиз", – деб хулоса қилди пойтахт милицияси.