Тошкент шаҳридаги талаб юқори бўлган 81 та мактабга ота-оналар биринчи синфга чиқадиган боласини Давлат хизматлари марказлари орқали эмас, тўғридан-тўғри мактаб билан гаплашиб жойлаши мумкин. Қўшимча квотани тўлдиришдаги муайян мезонлар ҳам бекор қилинганга ўхшайди. Камида шундай хулосани халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг Facebook саҳифасидаги изоҳидан чиқарса бўлади.

"Давлат хизматлари марказларида кўп сонли хизматлар кўрсатилиши сабабли, ортиқча навбатларнинг олдини олиш мақсадида ҳамда кўпчилик ота-оналарнинг таклифларини инобатга олиб қўшимча квота учун ихтиёрий тўлов имконияти бутунлай бекор қилинди ҳамда жорий йилнинг 10 августидан бошлаб Тошкент шаҳридаги 81 та мактабга фарзандингизни асосий квотадан ташқари жойлаштириш учун мактабларга тўғридан-тўғри мурожаат қилишингиз мумкин", – деб ёзди Шерзод Шерматов Facebook саҳифасида.

Вазирнинг айтишича, шу кунга қадар ушбу мактабларга 4 минг нафарга яқин тегишли микроҳудудда яшаётган ўқувчилар ҳеч қандай тўсиқларсиз, таниш-билишчиликсиз, бепул қабул қилинган.

Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 7 августда ўзгартиришлар ва қўшимча киритилган.

Баҳс ва мунозараларга сабаб бўлган қарор тарихи: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 469-қарорига мувофиқ Тошкентдаги 81 та мактабда тажриба ўтказилиши, унга кўра бошқа микроҳудуддаги мактабларнинг 1-синфига ҳужжат топширганлар ва мактаб ёшига етмаган болалар қўшимча квота асосида қабул қилиниши, бунинг учун энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик йиғим ундирилиши белгиланган эди.

Янги тартибни жорий этишдан қуйидагилар кўзланган эди:

  • микроҳудуддаги болаларни мактабга жойлаш;
  • талаб катта бўлган мактаблардаги коэффициентни барқарорлаштириш;
  • бир синфда ўқувчилар сонини 35 тадан оширмаслик;
  • мактаб ёшига етмаган ва таълим тилини билмайдиган болаларни қийнамаслик;
  • мактабларга қўшимча пул топиш имкониятини яратиш.

Ҳужжат эълон қилингандан сўнг ижтимоий тармоқларда ушбу янгилик турлича қарши олинди. Кимлардир бу шу пайтгача амалда бўлиб келган коррупцион усулларга зарба беришини айтиб олқишлаган бўлса, айрим фойдаланувчилар бунга қарши чиқишди.

Жамоатчилик фикрлари асосида ҳужжатга ўзгартириш киритилиши керак эди.

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳа қўшимча квота асосида қабул тартибини белгилаб бериши керак эди. Шунингдек, лойиҳада пулли қабул тартибини бекор қилиш таклиф этилган.

ХТВнинг янги таклифига кўра қўшимча квота бўйича ўқиш ҳуқуқига энг аввало қуйидагилар лойиқ кўрилиши мумкин эди:

  • шу микроҳудудда яшовчи олти ёшга тўлган болалар;
  • шу мактаблар ўқитувчиларининг фарзандлари;
  • бошқа микроҳудудда яшовчи, аммо акаси ё опаси шу мактабда ўқийдиган болалар,
  • микроҳудудда истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари.

Ҳужжат 7 августда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинди, лекин ҳозирча у эълон қилинмади.

Қарорга мувофиқ мактабларга қўшимча квота бўйича қабул мактабларнинг имкониятидан келиб чиқиб, тегишли микроҳудуд бўйича асосий квотага тушмаган болалар учун амалга оширилиши белгиланди.

Вазирнинг изоҳидан хулоса қилинадиган бўлса, қўшимча квота мезонлари ҳам бекор қилинган. Яъни, тўлиқ эски тизимга қайтилди. Ким директорлар билан гаплаша олса, ўшанинг боласи ўқийди.