Президент мактабларига талабгорлар қиймати $320лик кириш имтиҳонларини бепул топширишади. Халқ таълими вазирлигидаги Minbar манбасининг айтишича, Ўзбекистонда янги интеллектуал элитани шакллантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Лекин мана шу интеллектуал синфни яратишни мақсад қилиб қўйган Президент мактаблари олдида иккита таҳдид турибди.

Президент мактаблари олдида турган асосий таҳдид ҳар доимгидек ташаббусни амалиётга татбиқ этиш жараёни билан боғлиқ. Хусусан, кенг тарқалган коррупция, таниш-билишчилик ва "қўнғироқ ҳуқуқи" шароитида президент мактабларига ҳақиқатан ҳам истеъдодли, иқтидорли болалар эмас, қинғир йўллар билан бу мактабга мос бўлмаган контингент қабул қилиниб қолиши мумкин эди.

Шунинг учун ҳам ўқувчилар бу мактабларга, молиявий аҳволи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, фақатгина иқтидори асосида, таниш-билишсиз танлаб олинишини дунёдаги нуфузли IELTS тестининг оператори Cambridge Assessment таъминлайди.

Cambridge Assessment дунёда инглиз тили IELTS тестларини ўтказувчи ва уларни текширувчи учтагина ташкилотдан бири ҳисобланади. Cambridge Assessment синовлари бутун дунёдаги 20 000 дан ортиқ университет, иш берувчилар ва давлат идоралари томонидан тан олинган.

Саралаш имтиҳони натижалари 16 июлда эълон қилиниши режалаштирилган. Натижаларни онлайн тарзда кўриш мумкин бўлади.

Cambridge Assessment хизматлари жуда қиммат ҳисобланади, лекин ота-онасининг молиявий аҳволи иқтидорли боланинг Президент мактабига ҳужжат топширишига халақит қилмаслиги учун қиймати $320лик имтиҳонлар харажати давлат бюджетидан қопланади.

  • 29 июн – 2 июлда бўлиб ўтган саралаш имтиҳонларининг биринчи босқичининг натижалари 16 июлда маълум бўлади. 27500 номзоддан кейинги босқичга 11520 таси ўтади.
  • Кейинги (якуний) босқич имтиҳонлари 21-24 июл кунлари ўтказилади.