Масофавий таълим соҳасидаги машҳур Хон академияси ўзбек тилида ҳам бўлиши учун 720 киши 50 000 евро йиғиб берди. Маърифий лойиҳанинг кейинги босқичи учун керакли маблағнинг асосий қисми бир ой ичида йиғилди. Шу билан ўзбек жамияти "истиқболимизнинг таъмини учун керак бўлатурғон тадбир ва чора" атрофида бирлаша олишини исботлади.

"Хурсандчилик билан эълон қиламизки, сизнинг ёрдамингиз билан «Khan Academy Oʻzbek» жамоаси жаҳонга машҳур таълим манбаси бўлмиш «Khan Academy» платформасини маҳаллийлаштириш лойиҳасининг кейинги босқичи учун керакли миқдордаги маблағни йиғишга муваффақ бўлди", – дейди лойиҳа ташаббускорлари.

Энди нима бўлади: хайрия акцияси Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан грант олиш учун амалга оширилган эди. Банк грантни "matching funds" шарти билан таклиф қилган, яъни ўзбек жамияти 50 минг евро йиғса, шунга тенг маблағ EТТБ томонидан берилади. Демак, жами 100 минг евро йиғилди.

Кимлар пул берди: Ўзбекистоннинг турли вилоят ва шаҳарларида истиқомат қилувчи оддий фуқаролар билан бирга хорижий давлатларда яшайдиган ватандошлар, талабалар, ҳатто Ўзбекистонга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган одамлар ҳам лойиҳани қўллаб-қувватлашди. Ўзбек бизнесменлари ҳам улкан ҳисса қўшишди, улардан кўпчилиги савоб умидида номи ошкор этилмаслигини хоҳлашди.

Марказий Осиёда биринчи йирик нодавлат таълим технологиялари лойиҳаси бўлган «Khan Academy Oʻzbek» Ўзбекистон ҳукумати, хусусан халқ таълими вазирлиги томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

Хон академияси дарслари ўзбек тилида берилиши нимаси билан муҳим: Ўзбекистонда халқ таълимининг сифати паст, дарсликлар маънан эскирган. Халқ таълими вазирлиги томонидан бу борада муайян ишлар қилинаётган бўлса ҳам бу муаммоларни ҳал қилиш ҳали анча вақтни олади. Хон академиясининг 30 дан ортиқ фан бўйича тайёрланадиган ўзбекча дарслари бу камчиликларни қисман ўнглашга ёрдам беради. Шунингдек,

  • масофавий таълим мутлақо бепул бўлиб, ҳар бир ўқувчига ўзи хоҳлаган вақтда, шароитидан келиб чиқиб, мустақил таълим олиш имконини беради;
  • бу таржималар ўзбек тилини янада бойитади. Таълим, илм-фан оламидаги охирги янгиликлар ўзбек тилида етказиб берилади.

Ҳукумат истисно тариқасида www.khanacademy.org платформасига барча интернет провайдерлари ва мобиль операторлари орқали бепул кириш имкониятини таъминлади.

Хон академияси нима ўзи: 2006 йили MIT битирувчиси Салмон Хон беморлиги учун мактабга боролмай қолган жиянига видеодарслар орқали математикани ўргатмоқчи бўлган. Унинг бу дарслари оммалашиб кетгач, у "Khan Academy"га асос солади.

  • Академия хайрия маблағлари ҳисобига молияланади. Ҳозир “Google”, “Bill & Melinda Gates” фонди томонидан молиявий қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
  • Академиянинг онлайн таълим платформасида 10 мингдан ортиқ маъруза, 100 мингдан ортиқ интерактив машқ жамланган. Улар 30 дан ортиқ тилга таржима қилинган.
  • Дунё бўйлаб ҳар ойда 40 миллионга яқин ўқувчи, 2 миллионга яқин ўқитувчи Хон академияси материалларидан фойдаланади.