Хитойнинг Синсян шаҳрида яшовчи 11 яшар Лу Цикуан отасини қутқариш учун семириши керак. Шу боис у ўзини мажбурлаб бўлса ҳам кўпроқ овқат емоқда. Бу ҳақида Sky News хабар берди.

Цикуаннинг отаси оққонга чалинган, тузалиши учун унга илик кўчириб ўтказилиши лозим. Лу донор бўлиши мумкин, аммо битта лекини бор. Оила отага қўйилган ташхисдан хабар топганида боланинг вазни атиги 30 кило бўлган. Донорнинг вазни эса камида 45 кило бўлиши шарт. Шифокорларнинг айтишича, 50 килодан кўпроқ бўлса яна ҳам яхши.

Лу семириш учун кунига камида беш маҳал овқатланади. Ҳозир у 13 кило семирди, аммо бу етарли эмас. Лекин донор бўлиш учун етарли вазн тўплашга Лу умид билан, астойдил ҳаракат қилаяпти. Унга ҳар куни ёғли таомлар тайёрлаб бериш учун онаси гўштни чегирма билан харид қилади.

Цикуаннинг муаллимининг айтишича, синфдошлари ўртоғи семиришининг сабабини билмагунча уни бақалоқ деб мазах қилишган. «Аввал отамни қутқараман, кейин озаман», – деб жавоб берган Цикуан журналистларнинг саволларига.