Халқ таълими вазирлигининг «Телеграм»даги расмий каналида мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш учун қайси ҳудуд раҳбари энг кўп ёрдам бераётгани тўғрисида жамоатчилик фикри ўрганилмоқда. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига халқ таълими муассасаларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш масаласида ҳар томонлама кўмаклашиш вазифаси юклатилган.

Фармонга кўра Ўзбекистоннинг 14 маъмурий-ҳудудий бирлиги раҳбарлари халқ таълими муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш, уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани (тротуарлар, йўллар ва бошқалар) зарур ҳолатда сақлаш бўйича буюртмачи функциясини амалга ошириш; мактабларни электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, зарур санитария-гигиена шароитлари ва бошқа коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминлаш; туманлар(шаҳарлар)ни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари билан биргаликда халқ таълими муассасаларини ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига ўз вақтида тайёрлаш учун шахсан жавобгарлиги белгиланган.

Бундан ташқари, умумтаълим муассасаларининг хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан, ҳудудлар атрофини ўраш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича инспекторларни бириктириш, видеокузатув камералари, ёнғинга қарши сигнализация тизимларини, кириш йўлларида қоидабузарликларни қайд этувчи қурилмаларни ўрнатиш чораларини кўриш, умумтаълим муассасаларини ривожлантириш учун инвестицияларни ва ҳомийлик ёрдамини жалб қилишга кўмаклашиш, халқ таълими муассасаларидаги муаммоларни тез ва самарали ҳал қилиш бўйича бошқа чоралар кўрилишини ташкил этиш каби вазифалар ҳам ҳудуд раҳбарлари зиммасига юклатилган.

Халқ таълими вазирлиги ўтказаётган сўровда президент фармонида кўрсатиб ўтилган вазифалар ижроси ҳудудлардаги раҳбарлар томонидан қай даражада таъминланаётгани, ҳокимлар таълим тизими ривожланишига қандай ҳисса қўшаётгани юзасидан аҳоли фикрини ўрганиш кўзда тутилган.

Сўров 1 сентябрга қадар давом этади. «Вазирлик барчани мазкур сўровда фаол иштирок этишга чорлайди», – дейилади ахборот хизмати хабарида.