Халқ таълими вазирлиги мактабларда янги ўқув йили бошланиши муносабати билан педагог, ўқувчи ва уларнинг ота-оналарига табрик йўллади. Табрик матни вазирликнинг расмий сайтида эълон қилинди.

бугун барча мактабларда ўтказилган анъанавий “Билимлар куни” тадбири иштирокчиларига мурожаат қилиниб, янги ўқув йили арафасида халқ таълими тизимида қандай ўзгаришлар амалга оширилгани бирма-бир санаб ўтилади.

Маълум бўлишича, 2019–2020-ўқув йили арафасида:

– 213 та янги мактаб барпо этилиб, мактабларнинг сони 9904 тага етган.

– Фаолияти тугатилган 383 та касб-ҳунар коллежлар ўрнида 54 та янги мактаб ташкил этилган.

– 229 та коллеж биноси ўқувчи сони кўп бўлган мактабларга қўшимча бино сифатида берилган.

– Натижада 224 мингдан ортиқ қўшимча ўқувчи ўрни яратилган.

– Жорий йилда 937 та мактабда инвестиция ва бошқа давлат дастури доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, бунинг учун 2.86 трлн сўм маблағ сарфланган. Бу кўрсаткич ўтган йилга (1.47 трлн) нисбатан қарийб икки бараварга кўп. ХТВнинг қайд этишича, биргина шу рақамнинг ўзи мактабларга қанчалик юксак эътибор берилаётганлигидан далолат бўла олади.

– Янги ўқув йилида мактабларда жами 6,2 млн. нафар ўқувчи таҳсил олади. Шундан 620 минг нафардан ортиғини бугун илк бор мактаб остонасига қадам қўйган жажжи 1-синф ўқувчилари ташкил этади.

Фото: ХТВ

Табрикда ўқувчилар учун бу йил тайёрланган “Президент совғаси” ҳар йилгидан ҳам чиройли, сифатли ва қулай тайёрлангани, айниқса, папка, унинг ичидаги ўқув қуролларининг ранг-баранглигига алоҳида эътибор қаратилгани, бундан ташқари, 2019-2020 ўқув йилида Сиз учун 1-, 3-, 8-, 9-синфларга 479 номда жами 36,5 млн. нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар янгича кўринишда, замонавий дизайн асосида тайёрлангани алоҳида таъкидланади.

“Дарсликларни тайёрлашда унинг мазмуни ва сифатига алоҳида эътибор қаратилди. Дарслик ва ўқув-методик адабиётларнинг мазмунига халқаро баҳолаш дастури PISA, TIMSS талаблари сингдирилди.Мантиқий фикрлашга йўналтирилган таълимий ўйин, машқ, масала ва топшириқларга урғу берилди. 8-синфлар учун География, Технология ҳамда Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи асослари дарсликларида QR-код ёрдамида қўшимча маълумот олиш имконияти яратилди. 8-9-синф Тарих дарсликлари хариталар билан бойитилди”, дейилади табрикда.

ХТВнинг билдиришича, янги ўқув йили учун “Таълимда ислоҳотлар: ўзгаришни ўзимиздан бошлайлик” шиори танланган. Вазирлик ўқитувчиларни ҳамжиҳат бўлиб, ўқувчиларнинг таълими ва тарбиясида ижобий ўзгаришларни амалга оширишга, ота-оналарни фарзанд тарбиясида масъулиятини янада ошириб, мактаб билан узвий ҳамкорлик қилишга, ўқувчиларни эса мактабда ўтадиган ҳар бир кундан унумли фойдаланишга чақиради.