Аксар одамларнинг ҳаётидаги энг бахтли онлардан бўлмиш тўй эркаклар ҳукми ўрнатилган жамиятлар аёллари учун, кўп ҳолларда, даҳшатли тушга айланиши мумкин. Масалан, Озарбайжонда ҳам Ўзбекистондаги каби қадим одатлар замонавий келинчакларни азобли руҳий ва жисмоний қийноққа рўбарў қилади. Бунинг оқибатлари эса йилларга татиши мумкин.

«Никоҳ тўйидан сўнг у кўз олдимда ечина бошлади. Мен қўрқиб кетдим. Энди эрли жувон эканим ва бу нарса содир бўлиши шартлиги ҳақида қанча ўйламай, бу мени заррача тинчлантирмас эди - мен ҳам ечинишим кераклигини билиб турардим», деб эслайди Элмира (исм ўзгартирилган) ўзининг илк висол кечасини.

Ўша вақтда Элмира 27 ёшда эди. Қиз энди университетни тамомлаб, таржимон бўлиб ишлаётганди.

Оиласи унга қўшни йигитга турмушга чиқишини айтади.

«У билан қарашларимиз умуман мос эмас, у ўқимаган эди. Ойим доим кўз олдимда бўласан, деб қўшнига турмушга чиқаётганимдан боши осмонда эди»

Элмира у йигит билан оила қуришни истамаслигини онасига бир неча бор айтади. Бироқ қариндошлар аллақачон 27 га чиқиб бўлди, қиз бола эмас шекилли, шунга қўрқяпти, деган хаёл билан ундан гумонсирай бошлайдилар.

Аммо илк висол оқшоми Элмира учун биринчи қовушиш бўлганди. Йигит учун Элмиранинг ҳиссиётлари ва руҳий ҳолати мутлақо қизиқ эмас эди. Яқинлик пайти қизнинг боши жавонга урилиб, тарақлай бошлайди. Шу пайт қўшни хонадан аёл кишининг бақиргани эшитилади: "Ҳей, секинроқ-эй, бу қанақа маданиятсизлик?!"

Қўшни хонада Элмиранинг онаси, икки аммаси, қайнонаси ва яна бир узоқ қариндош аёл ўтирар эди.

«Тиқ этган товуш қўшни хонага эшитилиб турар эди. Мен оғриқ ва уятдан азобланар, наҳот шу турмуш бўлса, дея ўйлар эдим», хотирлайди Элмира.

Ўша бақирган аёл келинчакка маслаҳатгўй «янга» вазифасини бажараётган эди.

Кўп Кавказ халқларига хос одат ўлароқ Озарбайжонда ҳам янганинг яна бир вазифаси яқинликдан сўнг қон томган чойшабни йиғиштириб олишдир.

Никоҳ кечаси эртаклар билан қоришиб кетган

Кавказнинг кўп халқларида эрталаб чойшабни одамларга кўрсатиш одати мавжуд.

Маълумки, чойшабдаги қон яқинлик амалга оширилгани ва келиннинг «қиз бола» эканини англатади.

«Никоҳ кечаси кўп ҳолларда эртаклар билан қоришиб кетган. Эрталаб чойшабни қариндошларга кўрсатишганда, ҳамма кўргани тўғрисида фикр билдиришни ўз бурчи, деб билади», сўзлайди Озарбайжондаги аёллар билан мавжуд вазиятни тадқиқ қилувчи Шаҳло Исмоил.

Агар чойшабда қон йўқ бўлса, келинни «қиз бола чиқмади» деган иддао билан осонгина ҳайдаб юборишлари мумкин. Бундай ҳолга тушган қизларнинг қайта турмушга чиқиши анчайин қийин кечади, ота уйида ҳам яхши муомала кўрмайди.

Озарбайжонлик ҳуқуқ фаоллари юқорида тасвирланган одатлар асосан йирик шаҳарлардан четроқ ҳудудларда кенг тарқалганини билдиради.

Гоҳида бўлажак келиннинг бокиралиги махсус «мутахассислар» томонидан текширилади. Бироқ халқаро ташкилотлар бундай усулнинг самарадорлигини шубҳа остига олади.

БМТ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўтган йилнинг кузида аёллар учун асоратли ва ҳақоратли «бокираликни текшириш» одатига чек қўйишга чақирган. Бундай удум, камида, 20 мамлакатда сақланиб қолганига ишонилади.

БМТ ва ЖССТ баёнотида таъкидланишича, тиббиётда «бокиралик» тушунчаси мавжуд эмас ва у ўзида фақат ижтимоий, маданий ва диний қарашларни акс эттиради.

«Қўрқув ҳар қандай уятни бўғиб қўйган эди»

Элмира илк никоҳ кечаси билан боғлиқ хотиралари қўрқув, оғриқ ва уятдан иборат экани ҳақида сўзлайди.

У жинсий яқинлик пайти ташқарида чироқни қандай ўчириб-ёқишаётгани, қандай чой қуйишаётганини эшитгани ва ўзи ётган хонадан чиқаётган товушларни бошқалар ҳам эшитиши мумкинлигини билганини айтади.

«Мен умуман ўзимда эмас эдим. Бир оғиз гапиришга қўрқардим. Тун бўйи ухламадим, унга эса фарқи йўқ эди - бемалол уйқуга кетди».

Тонгда «гувоҳлар» чойшабни олиб кетиш учун хонага кириб келади.

«Бу вақтга келиб, менга ҳаммаси барибир бўлиб қолган эди. Тунда юз берган воқеа даҳшати ҳар қандай уят ҳиссини бўғиб қўйганди. Мен ҳатто чойшабни қандай йиғиштириб олишганини ҳам аниқ эслолмайман».

Янгалар ва чойшаб одати йилдан-йилга замонавий аёлларга азоб келтирмоқда, таъкидлайди руҳшунос Эллада Горина.

Ҳозирги замонда ёшлар кеч турмуш қуришга одатланишмоқда ва бу вақтга қадар уларда никоҳ оқшоми тўғрисида тасаввур шаклланиб улгуради. Маслаҳатгўй янгалар эса эндиликда ёшларга кўпроқ халал бермоқда.

«Ҳалига қадар кўплаб аёллар учун никоҳ кечаси янганинг ҳозир бўлиши - одатий ҳолат. Улар туғилиб-ўсган дунёда бундан бошқача одат бўлмаган. Бироқ янги авлодлар [ота-оналарникидан] ўзгача замонда ривожланган вақтда, бундай одатлар руҳий босим, ихтилоф ва хавотирларга сабаб бўлади», тушунтиради Горина хоним.

Олдин Озарбайжоннинг шимолида яшаган Нигор биринчи никоҳ кечасида қўшни хонага бир эмас, икки эмас, нақ «бутун қишлоқ» йиғилиб олганини эслайди.

«Ҳеч қачон бунчалик хижолат тортмаган эдим, лекин шундай одат бор экан, эҳтимол, ёши катталар буни яхшироқ билса керак, деб ўйладим».

Нигорнинг сўзларига кўра, эшик ортидан «ана ўтиришди, ҳаракатга тушишди, нафас олишяпти» деган товушлар эшитилиб турганидан на у, на эри яқинлик қилишни исташган. Бироқ эрталаб чойшабни ҳаммага кўрсатиш шарт эди.

Ўшанда 18 ёшда бўлган Нигор ҳозир 30 га чиққан. У турмушидан ажраб, Бокуда яшамоқда. Нигор қариндошларини «ахлоқсизлар» деб атайди.

"Қизил олма"

Чойшаб билан боғлиқ одат Арманистон, Озарбайжонда мавжуд ва баъзида Грузия ҳамда айрим Шимолий Кавказ давлатларида учраб туради.

Арманча одат Озарбайжондагига ўхшаб кетади ва у оппоқ чойшабдаги қон изига мос равишда «қизил олма» деб аталади. Ягона фарқ - эшик ортида гувоҳлар пойлаб ўтирмайди.

Арманистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича Хелсинки уюшмаси раиси Нина Карапетянснинг айтишича, пойтахт Еревандан қанча узоқлашган сари «қизил олма»га шунча кўпроқ дуч келиш мумкин.

Карапетянс хоним бу ҳолатни шундай тасвирлайди:

«Биринчи никоҳ кечасидан кейин тонгда ётоқхонага қариндошлар билан қўшнилар чойшабни текширгани кирадилар. Сўнг келиннинг уйига қизил олма тўлдирилган саватча ва совға-саломлар билан йўл оладилар. Шундан кейин келиннинг оиласи қариндошлар ва қўшниларни йиғиб, қизининг 'пок ва иффатлиʼ эканини ҳаммага исботлайди».

«Шу тариқа ярим шаҳар, қишлоқларда эса барча одамлар таҳқирлаш маросимида иштирок этади.»

Қишлоқларда аксар қизлар 18 га тўлиши билан эрга бериб юборилади. Уларнинг кўпчилигида на мутахассислик, на иш бўлади. Агар шундай бир қиз «олма синови»дан ўта олмаса, ота-онаси уни қабул қилмай, кўчага қувиши мумкин.

35 яшар Ани (исм ўзгартирилган) ўзининг бўлажак турмуш ўртоғи билан 20 ёшга тўлиш арафасида зиёфатда танишиб қолган. Уларнинг иккиси ҳам ўқимишли бўлгани, Ереванда яшагани ва севишиб турмуш қурганига қарамай, жуфтлик анъанадор қариндошлар қаҳрига учрамаслик учун тўйга қадар ўзларини сексдан тийишга мажбур бўлганлар.

«Мен ошхонада нонушта қилиб ўтирган эдим, қайнонам ва эримнинг бир қанча қариндошлари кириб келишди. «Гувоҳлар» ётоқхонада текширувни тугатмагунча, жойимдан жилмадим», эслайди Ани.

Унинг сўзлашича, шундан сўнг ортдан айтилган ғийбатлардан қўрқмай, бундан буён хотиржам яшаши мумкинлигини ҳис қилиб, анча енгил тортган.

Ўша тунни эсламадик

Руҳшунос Эллада Горина баъзилар бундай одатлардан осонгина ўтиб олса, бошқалар йилларга татигувчи таҳқир ҳисси билан яшашга мажбур бўлишини айтади.

«Бир аёл умуман бошқа муаммо билан келганди, лекин, кейинроқ маълум бўлишича, [биринчи никоҳ кечасида] қон чиқмаган ва ярим тунда йигитнинг оиласи унинг бокиралигини текшириш учун шифокорга мажбуран олиб боришган экан», хотирлайди руҳшунос.

Горина хонимнинг айтишича, шахсий ҳаётга бундай йўл билан аралашиш аёлнинг ўзини зўравонлик қурбони, дея ҳисоблай бошлашига олиб келади ва у узоқ вақт руҳий босимлардан азоб чекиб яшайди.

Тўйдан ярим йил ўтиб, Элмиранинг эри вафот этган.

«Ўтган олти ой ичида ўша тунни эсга олмадик», дейди Элмира.

Эрининг вафотидан кейин, ўзининг айтишича, Элмира руҳий тўсиқлар туфайли бошқа турмушга чиқмаган.

«Мен ҳатто турмушга чиқиш ёки кимдир билан муносабат ўрнатишга тайёр эдим, лекин бошимдан ўтган воқеалар мени бундан тўхтатиб келади».

Элмиранинг ўғли ҳозир ўн ёшга тўлган. Она у билан секс мавзусида суҳбатлашиши, аёлнинг танаси қандай тузилганини тушунтириб беришини айтади.

«Мен унга ўзингни одамдек тут, қачондир қизлик бўлсанг, унга ҳаммасини айт - менинг хатоларимни такрорлама, дейман».

«Ҳозир яна ўша вазиятга тушиб қолсам, у билан ҳам (эри билан - Би-би-си), холалар билан ҳам бошқача гаплашган бўлар эдим», сўзлайди Элмира қатъият билан.

Озарбайжонлик ва арманистонлик экспертлар бу каби одатлар, аста-секинлик билан бўлсада, ўтмишда қолаётганини маълум қиладилар.

«Янги авлод ўз ҳуқуқлари учун курашишга тайёр», билдиради арманистонлик ҳуқуқ фаоли Нина Карапетянс.

«Мен бундай одатларни бажаришдан бош тортган оилаларни биламан. Уларни журъатли инсонлар, деб ҳисоблайман. Ўзгаришлар шундай одамлардан бошланади», дейди озарбайжонлик тадқиқотчи Шаҳло Исмоил.

Грузиялик экспертлар эса чойшаб билан боғлиқ одат ўз мамлакатида деярли учрамаётганини таъкидлайди.

***

Бундан 30 йил муқаддам Озарбайжонда одамлар тўйни уй, ресторан ёки кўчада нишонлаганлар. Бугун эса ҳатто қашшоқ оилалари ҳам тўйни махсус тўйхоналарда ўтказишга интилмоқда. Мустақиллик йилларида мамлакатнинг барча шаҳарлари бундай бинолар билан тўлиб тошган.

Сумгаит шаҳри четроғида яшовчи ўртаҳол оилалардан чиққан Ориф ва Маликани (исмлар ўзгартирилган) бир-бирига қариндошлари таништирган.

Маҳаллий анъанага кўра, тўй вақти келин ва куёв тўрга ўрнатилган махсус столда меҳмонлар қандай ўйин-кулги қилаётганини томоша қилиб ўтиради.

Бироқ Малика меҳмонлар таъбири билан айтганда, «ахлоқсизлик»ка йўл қўйган - узоқ чидаб тура олмай, ўзининг энг бахтли кунида юзда ним табассум билан пастга тушиб, меҳмонлар билан рақс туша бошлаган.

Атрофдагилар бирпасда ғийбатга тушиб кетган: «Шарманда, қандай қилиб бундай бетарбия бўлиш мумкин, одатларни ҳурмат қилмаса-я?!»

Меҳмонлар келиннинг қариндошларга эмас, балки дўстларига кўпроқ эътибор қаратганидан хафа бўлган. Бироқ ҳеч ким «безбет» келинчакка бир оғиз гап айтишга ботинмаган.

Бироқ довюрак Малика ҳам, алал-оқибат, эски удумлардан қочиб қутула олмаган: келин-куёв машинада тўйхонадан узоқлашиши билан уларнинг ортидан тўрт нафар ширакайф янга ўтирган бошқа бир улов йўлга тушган.