Янги саноат инқилоби, нефт нархининг барқарор эмаслиги, дунё миқёсида ишсизлик ва меҳнат муҳожирлигининг ўсиб бораётгани, жараёнларнинг автоматлашуви ҳисобига кераксизга айланаётган касблар ва шиддат билан ўзгараётган меҳнат бозорининг бошқа муаммолари бизни бугуноқ келажак ҳақида қайғуришга мажбур қилади.

Жорий йилнинг бошида президент Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Лондонда (Буюк Британия) бўлиб ўтаётган таълим бўйича жаҳон форумида иштирок этиб қайтган, форумда ҳам яқин келажакда қайси ихтисосликларга талаб юқори бўлиши, таълим соҳасини меҳнат бозоридаги талабдан келиб чиқиб ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган эди.

Жаҳон иқтисодий форуми 2020 йилга бориб қуйидаги кўникмаларга эга мутахассисларга талаб юқори бўлишини маълум қилган. Рўйхат қизиқарли, чунки инсон, жамият ва маданиятнинг ривожланишидаги икки муҳим йўналишни кўрсатади. Лекин ҳозирча ўнта банднинг ҳар бирига батафсилроқ тўхталамиз.

Фото: The Pitcher
  1. Муаммони таг-туги билан ҳал қилиш (Complex problem solving)

Бу инсон муаммонинг моҳиятини кўра олиши ва унинг оқибати эмас, сабаби устида ишлай олишини билдиради. Айтайлик, бир аёл шифокор ҳузурига келиб «Ориқлашни хоҳлайман» дейди. Шифокор эса бошини қашиб «Ширинлик ейишни тўхтатинг» дейди. Муаммо эса ширинлик ейишда эмас, аёлнинг эндокрин тизими, кун тартиби, оиладаги психологик муаммоларда бўлади. Умуман айтганда, муаммо бир талай. Шундай экан, ҳар қандай муаммони ҳал қилишга тартиб билан, кенг кўламда ёндашадиган, кўзга яққол ташланиб турган сабабдан бошқа яна нималарга эътибор қаратиш кераклигини биладиган мутахассисларга талаб катта бўлади.

  1. Танқидий фикрлаш (Critical thinking)

Бу фикрлашнинг шундай усулики, инсон келаётган ҳар қандай ахборотга, ҳатто ўзи ишонган маълумотларга ҳам шубҳа билан қарайди. Бу жуда фойдали кўникма, чунки «Ҳаммаси биз ўйлаганимиздан кўра бошқачадир?» деган савол тараққиётга ёрдам беради.

  1. Кенг кўламдаги ижодий ёндашув (Creativity)

Ижоднинг асоси – ҳали йўқ нарсани кўра олиш қобилиятидир. Микеланжелодан Довуд ҳайкалини қандай яратдингиз деб сўрашганида у «Мен мармар бўлагидаги фариштани кўрдим ва уни озод қилгим келди» деб жавоб берган экан.

  1. Одамларни бошқара олиш қобилияти (People management)

Одамларни бошқариш – раҳбарлар шунчаки бўйсунувчиларга эмас, инсонларга тааллуқли асосий қарорларни қандай қабул қилиши ҳақидаги мураккаб фандир. Нима қилса ходимлар ишдан кетиш эмас, ишга келиш иштиёқи билан ёнишади? Инсонни ишга олаётганда ёки лавозимини ошираётганда адашмаслик учун нима қилиш керак? Жамоа ичидаги зиддиятларга қандай барҳам бериш мумкин? Бу саволларнинг жавобини билиш одамларни бошқара олиш қобилиятига эга бўлиш деганидир.

  1. Одамлар билан муомала қилиш (Coordinating with others)

Бу ўз-ўзидан тушунарли. Чиқишолмаслик бизнесга зиён етказиши мумкин. Агар бизнесингиз одамлар билан боғлиқ бўлса-ю, мулоқот қилишга қийналсангиз ҳар қандай одам билан тил топиша оладиган инсонни ишга олишингизга тўғри келади.

  1. Ҳиссий интеллект (Emotional intelligence)

1995 йили америкалик психолог Дэниел Гоулман «Ҳиссий интеллект» номли китобини чоп эттирди ва (гарчи ҲИ назарияси анча олдин пайдо бўлган бўлса ҳам) у энг харидоргир китобга айланди. Ҳозир ҳиссий интеллект деганда ўзининг ва бошқаларнинг ҳис-туйғулари, ниятлари ва мотивациясини тушуниш, шунингдек ўз туйғулари ва бошқаларнинг ҳиссиётини бошқара олиш қобилияти тушунилади.

  1. Ўз фикрига эга бўлиш ва қарор қабул қилиш (Judgment and decision-making)

Бунга ҳам тўхталиб ўтирмаймиз – ҳаммаси тушунарли. Хоҳлайсанми, қўлингдан келадими – ҳеч кимга қизиғи йўқ. Ҳар бир қарорни ўз фикринг билан қабул қилишинг, ҳамма нарсада мустақил бўлишинг шарт.

  1. Мижознинг кўнглини топиш (Service orientation)

Тахминларга кўра дунёда хизмат кўрсатиш соҳаси фақат ўсади, яхши хизмат эса ҳар доим олтинга тенг. Дунё компаниялари буни яхши тушунади ва маҳсулот кимга – бизнесгами ё якуний истеъмолчигами – мўлжалланганидан қатъи назар хизмат кўрсатиш сифатини ошириш устида ишламоқда. Ривожланиш учун ҳали майдон катта.

  1. Музокара олиб бориш қобилияти (Negotiation)

Ўз фикрини аниқ тушунтириб бериш, ишонтира олиш – керакли кўникма. Бу кўникмага ҳар ким эга бўлиши мумкин.

  1. Тафаккурнинг мослашувчанлиги (Cognitive flexibility)

Ақлий мослашувчанлик – миянинг бир фикрдан иккинчи фикрга тезда ўта олиш, бир вақтнинг ўзида бир нечта нарсани ўйлай олиш қобилиятидир. Сиз ўзингизнинг ақлий мослашувчанлигингизни машҳур Струп тести ёрдамида текшириб кўришингиз мумкин. Бу жуда осон. Ушбу сўзлар ёзилган рангларнинг номини тез айтинг:

Бу рўйхатда нималарни кўраяпмиз?

Ўнта кўникмадан бештаси одамлар билан мулоқот қилиш, келиша олиш ва уларни бошқара олиш, уларни тушуниш ва уларга хизмат қилиш (ходимларни бошқариш, одамлар билан муомала қилиш, музокара, мижознинг кўнглини топиш, ҳиссий интеллект) билан боғлиқ.

Ўнтадан яна тўртта соҳа миянинг қобилияти: тез тушуниш, моҳиятни англаш, муаммонинг ечимини топиш, янги лойиҳа ва ғояларни ишлаб чиқиш (муаммони таг-туги билан ҳал қилиш, ижодий ёндашув, тафаккурнинг мослашувчанлиги, танқидий фикрлаш) билан боғлиқ.

Хулоса

Нимани ўрганишни билмасангиз, одамларни ва уларнинг эҳтиёжларини ўрганинг, шунингдек мураккаб ақлий масалалар учун миянгизни чиниқтиринг. Жуда яхши! Ниҳоят бизнинг дунёда инсоннинг ўзи, унинг ҳиссиёти, мотивацияси ва камолоти асосий ўрин тутадиган вақт келади.